Ҳадис илми исломий илмлар ичида энг муҳими ва серқирралиги билан ажралиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларнинг саҳиҳини заифидан ажратишда уламоларимизнинг амалга оширган ишлари ҳақиқатан эътиборга лойиқ ишдир. Улар бу борада ҳадисларнинг ҳар бир жиҳатига, ҳатто, унда келадиган ҳарфларгача эътибор билан қарашган. Чунки, бу ҳадислардан бир шаръий ҳукм чиқарилиб, ҳалол ёки ҳаромлик собит бўлади. Шунинг учун ҳам уламоларимиз ҳадисларнинг санади ва матнини алоҳида-алоҳида текшириб ўрганувчи ривоят ва дироят илмига тегишли бўлган қоидаларни ишлаб чиқдилар.
Баъзида ҳадисларнинг саҳиҳ тўпламлардан бирида келганлигини ҳужжат қилиб, имомларимизнинг фатволарига қарши чиққанларни кўрамиз. Асдида салаф уламоларимиз ушбу ҳадисларни саҳиҳлигини жуда яхши билишган, лекин улар юзаки эмас, балки ушбу ҳадисларни атрофлича ва сабаблари билан ўрганишган ва шунга кўра фатво беришган. Демак, биз ҳам илмга салаф уламоларимиз каби кенг қамровли бўлиб ёндошсак, тушунмовчилик ва ихтилофлар камаяди, деган умиддамиз. Қуйида салаф уламоларимизнинг ана шундай кенг қамровли ишларидан бири бўлган бир қоида ҳақида гаплашамиз.
Аллоҳ таоло ушбу мақоламизни холис Ўзининг розилиги учун бўлишини насиб қилсин ва ислом уммати учун манфаатли қилсин.
Ровий ўз ривоятига хилоф иш тутиши
Ҳанафий мазҳаби имомлари учун шундай қоида бор: “Ровий ўз ривоятига хилоф иш тутган оҳод хабар”. Бунда хилоф иш тутиш қавл, фатво бериш ёхуд ўша ривоятига амал қилмаслик билан бўлиши мумкин. Ҳанафий мазҳаби уламолари наздида ровий ўз ривоятига хилоф иш тутиши ҳадисга таъна етказади ва ўша ҳадиснинг ҳукми насх бўлгани ёки лозим тутилмаганига далил бўлади.
Биз буни икки қисмга бўлиб ўрганишимиз мумкин:
1.Ровийнинг ўзи хилоф иш тутган хабарлар;
2. Саҳобаларнинг улуғлари хилоф иш тутган хабарлар.
Аввал биринчи қисм, яъни, ровийнинг ўзи хилоф иш тутган хабарлар ҳақида гапирамиз. Ровийнинг ўз ривоятига хилоф иш қилиши қавлий ёки амалий бўлади. Бунинг уч хил ҳолати бор:
Биринчи ҳолат: хилоф иш тутиши ривоят қилишидан олдин бўлиши.
Бунинг ҳукми: бу ҳолатдаги хилоф иш тутиши ривоятга айб етказмайди. Чунки у ҳадисни эшитишдан аввал ўшандай амал қилган ва ҳадисни эшитгандан кейин эса ҳадисга қайтган, деб эҳтимол қилинади[1].
Иккинчи ҳолат: хилоф иш тутгани қачонлиги билинмаса, яъни, ҳадис унга етишидан олдин хилоф қилганми ёки ҳадис етганидан кейин хилоф қилганми.
Бунинг ҳукми: бу ҳолатда ҳам ҳадиснинг ҳужжатлиги соқит бўлмайди. Уламолар айтишадики: “Ҳадис аслида аниқ ҳужжат бўлади, унинг соқит бўлишида шубҳа бўлмоқда. Агар ҳадис ровийга етиши ва уни ривоят қилишдан олдин хилоф қилган бўлса, ҳадис ҳужжат бўлаверади. Агар ровийга етиши ва уни ривоят қилганидан кейин хилоф қилган бўлса, унда ушбу ҳадис ҳужжат бўлмайди. Демак, аслга амал қилинади ва хилоф қилишини ривоят қилишидан олдин содир бўлганига ҳамл қилинади. Зеро, икки хил йўл келганда яхши томонини гумон қилиб, ўша томонга ҳамл қилиш вожиб бўлади, модомики, унинг акси аниқ бўлмаса”[2].
Эслатма:
Ушбу икки ҳолатда хабар рад қилинмайди. Бу фуқаҳолар ва муҳаддислар ва усулул фиқҳ уламолари жумҳурининг мутлақ айтган қавлидир.
Учинчи ҳолат: хилоф қилгани ҳадис унга етиши ва уни ривоят қилганидан кейин бўлгани маълум бўлса. Бу ҳолатда ҳадис ҳужжатликдан чиқади. Чунки ровийнинг ушбу ҳадисга хилоф фатво бериши ва амал қилиши ушбу ҳадис мунқотеъ ва ушбу ҳадиснинг асли йўқлигига далолат қилади.
Буларнинг барчасида ровийнинг ҳолати қуйидаги тўрт ҳолатдан биридан иборат бўлади:
1 – ривоят ўша ровийнинг айнан ўзидан эшитилмасдан, балки деди-деди гаплар орқали ривоят қилинган бўлади. Бунда ҳадисни рад қилиш вожиб бўлади.
2 – ровийнинг ҳадисга хилоф фатво бериши ёки хилоф амал қилиши ҳадисга нисбатан бепарволиги ва эътиборсизлигидан бўлади. Бу билан у фосиқ саналиб, унинг ривояти асло қабул қилинмайди.
3 – ровийнинг ўз ривоятига хилоф қилиши ғафлат ёки унутиш сабабидан бўлиши мумкин. Ғофил кишининг гувоҳлиги, шунингдек, хабари ҳам ҳужжат бўла олмайди.
4 – ровий ўзи ҳадиснинг ҳукми насх бўлганлигини билгани учун бўлиши мумкин. Шуниси энг яхши йўл, у ҳадисни ривоят қилиб, унга хилоф амал қилса, яхши гумон қилиб, мана шунга ҳамл қилишимиз лозим. Чунки санадни сақлаб қолиш учун ривоят қилган бўлиши, ҳадис мансух бўлгани учун унинг хилофига фатво берган ёки мансух ҳадисга эмас, балки носих ҳадисга амал қилган бўлиши мумкин[3].
Ушбу қисмга қуйидаги қоидани ҳам қўшишимиз мумкин: “Ровий ўз ривоятига амал қилмаса-чи?”.
Уламолар айтишади: “Агар ровий ўз ривоятига амал қилмаса, ўша ҳадис ҳужжат бўлишдан чиқади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ бўлиб келган ҳадисга амал қилмаслик ҳаром, худди унинг хилофига амал қилиш ҳаром бўлгани каби”[4].
Уламолар бу ҳолатни икки қисмга бўлганга ўхшайди:
1 – ижобий хилоф. Бу ўзи ривоят қилган ҳадиснинг нассига хилоф амал қилиш ёки фатво бериш билан бўлади.
2 – салбий хилоф. Бу ўзи ривоят қилган ҳадиснинг нассига амал қилмаслик билан бўлади.
Ёки бу икки қисмни жамлаб битта қилиш ҳам мумкин. Ровий ўзи ривоят қилган ҳадисга хилоф қилиши. Бунда унга хилоф амал қилиши ёки фатво бериши ёки ўша ҳадис тақозо қиладиган ҳукмга амал қилмаслиги бир хилдир.
[1] Имом Сарахсий. “Усул-ас-Сарахсий”. 2:3. Абдулазиз Бухорий. “Кашф-ал-асрор”. 3:63.
[2] Абдулазиз Бухорий. “Кашф-ал-асрор”. 3:64.
[3] Имом Сарахсий. “Усул-ас-Сарахсий”. 2:6. Абдулазиз Бухорий. “Кашф-ал-асрор”. 3:63. Муложиюн. “Шарҳ-ал-манор”. 661. Баҳорий. “Фавотиҳур раҳамуут”. 2:163. Содр-аш-Шариа. “Тавзиҳ”. 2:25. Ибн Амир Ҳож. “Ат-тақрир ват-таҳбир”. 2:266. Жассос. “Ал-фусул фил-усул”. 3:203. Таҳонавий. “Қавоид фи улум-ал-ҳадис”. 202. Сағнофий. “Ал-Кофий”. 3:1354. Заркаший. “Ал-баҳр-ал-муҳит”. 3:246. Омидий. “Ал-иҳком”. 2:165.
[4] “Мезон-ал-усул”. 2:70.
КЎКАЛДОШ ЎМИТМ МУДАРРИСИ ХОЛМУРОДОВ АСАДУЛЛО






