Меҳмондорчиликда одобларга риоя қилиниши лозим бўлган ўринлар олтитадир:
1. Зиёфатга чақириш.
2. Унга жавоб бериш.
3. Келиш.
4. Таом қўйиш.
5. Ейиш.
6. Кетиш.
- Зиёфатга чақириш.
Аввало, зиёфат қилишнинг фазилатлари ҳақида билиб олишимиз лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин”, дедилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳажжи мабрур (мақбул ҳаж) учун жаннатдан бошқа мукофот йўқ”. Шунда (инсонлар) айтдилар: “Ҳажнинг мақбуллиги нима?”. У зот: “Таом бериш ва саломни ёйиш”, дедилар”.
Таом беришнинг фазилати ҳақида ҳадислар кўп.
Дарҳақиқат, Халилуллоҳ Иброҳим алайҳиссалом қачон таом ейишни хоҳласалар, бирга таомланиш учун бирор кишини излаб бир-икки милгача юрар эдилар. Шу сабабли “Абу зийфон” – “Меҳмонлар отаси” деб куняланганлар. Буни қарангки, ҳатто бугунги кунда ҳам у зот алайҳиссаломнинг зиёратгоҳлари асло меҳмонлардан бўшаб қолмайди!
Зиёфатга чақириш одоблари қуйидагилар:
1). Зиёфат қилмоқчи бўлган киши фосиқларни эмас тақводор кишиларни қасд қилиши лозим. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор уйда ифторлик қилсалар: “Ҳузурингизда рўзадорлар оғиз очди, таомингизни тақводорлар еди ва сизларга фаришталар саловат айтди”, дер эдилар.
Салафлардан бири айтади: “Тақводорнинг таомидан бошқасини ема, таомингни ҳам тақводордан бошқаси емасин!”.
Бунинг сабаби шуки, тақводор кишига таом бериш у учун тақвосига ёрдам беришдир. Фосиққа таом бериш эса унинг фисқига кўмаклашишдир.
2). Фақат бойларни эмас, фақирларни чақирсин. Бу ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом айтганлар: “Таомларнинг ёмони – бойлар чақирилиб, камбағаллар тарк қилинган валима (тўй) таомидир”.
3) Зиёфатида қариндошларни беэътибор қолдирмасин. Чунки бундай қилиш улардан узоқлашиш ва силаи раҳмнинг узилишига олиб келади. Шунингдек, дўстлари ва танишлари борасида тартибга риоя қилсин. Сабаби, баъзиларини хослашда қолганларни узоқлаштириш бор.
4). Меҳмондорчиликка чақириши билан бошқаларга мақтаниш ва фахрланишни эмас, балки, таом бериб суннатга амал қилишни, биродарларининг қалбларини мойил қилишни ҳамда мўминларнинг қалбларига хурсандчилик киритишни мақсад қилсин.
5). Жавоб бериши машаққат бўлишини, келса, ўтирганлар томонидан бирор сабаб билан азият чекишини билган кишиларни чақирмаслиги лозим.
6). Келишини хоҳлайдиган кишиларинигина чақирсин.
“Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юртининг
4-курс талабаси Саидаҳмедов Сардор
Ибн Жавзийнинг “Минҳожул қосидин” китобидан эркин таржима






