Қуръонда зикри келган пайғамбарлардан Зул Кифл алайҳиссаломнинг исмларининг маъноси ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Араб тилидан таржима қилинганда “Зул кифл” “кафолат соҳиби”, “ваъдасида турадиган, аҳдига содиқ киши” ва “кафолатни ўтовчи” каби маъноларни билдиради. Хўш, нега Аллоҳ таоло у кишини бу ном билан атади?
Ибн Жарир ва Ибн Абу Ҳатим роҳимаҳуллоҳлар Мужоҳид роҳимахуллоҳдан ривоят қилишади:
“Пайғамбар Ал-Ясаъ алайҳиссалом кексайиб қолгач, яқинларига шундай дедилар: “Ўзимдан кейин инсонларнинг ишларини бошқаришга бир ўринбосар қолдирмоқчиман, ўша одам мен тириклигимда ишлаб кўрса, қандай ишлашини кўрсам дегандим”.
Кейин ўша халифани танлаб олиш учун одамларни тўплаб, эълон қилдилар: “Ким учта шартни бажаришга рози бўлса, уни ўзимнининг ўрнимга халифа қиламан: кундузи рўза тутади, кечаси намозда қоим бўлади ва ғазабланмайди”.
Сўнг инсонлар унчалик назарга илмайдиган бир киши турди-да “Мен” деди.
Ал-Ясаъ алайҳиссалом ундан “Сен кундузи рўза тутасан, кечалари қоим бўласан, ва ғазаб қилмайсанми?” деб сўрадилар. У “Ҳа” деб жавоб берди. Ал-Ясаъ алайҳиссалом мажлисни тугатдилар. Иккинчи кун ҳам шу эълонни бердилар. Шунда яна кечаги киши туриб “Мен” деди. Бошқалар эса яна жим туришарди. Охири Ал-Ясаъ алайҳиссалом уни халифа қилиб тайинладилар.
Иблис ўз лашкарига “Уни йўлдан уринглар, адаштиринглар” деди. Улар буни эплай олишмади. Шунда Иблис “Уни ўзимга қўйиб беринглар” деди. Кейин қари, фақир чол қиёфасига кириб, ҳалиги киши қайлула қилиш учун тўшагига ётган пайтида борди. Тайинланган халифа кун давомида фақат шу пайтда ухлар, қолган вақтда уйғоқ бўлар эди. Иблис эшикни тақиллатди.
Халифа “Ким у?” деди. “Мазлум бир чол” деган жавоб бўлди.
Халифа эшикни очди, қараса бир чол турибди. Эшикни очгани ҳамоноқ чол унга дардини достон қила кетди: “Ўз қавмим менга душман. Улар менга зулм қилишади, улар менга шундай шундай ишларни қилишди” деб ўз қавмидан шикоят қилди. Чол кўп гапирганидан қайлула вақти ҳам ўтиб кетди.
Халифа чолга “Одамлар орасида ҳукм қилиш учун ўтирган пайтим олдимга кел, ҳаққингни олиб бераман” деди. Иблис кетди. Халифа маҳкамага ўтирди, лекин ҳалиги чол унинг олдига келмади. Эртаси куни киши инсонлар орасида ҳукм қилаётиб, чол келиб қолармикан деб кутди, лекин яна келмади. Қайлула қилмоқчи бўлиб ўрнига ётгани заҳоти яна эшик тақиллади.
“Ким у” деди халифа. Яна “Мазлум чол” деган жавоб бўлди. Халифа эшикни очса, кечаги чол турибди. “Маҳкамага ўтирган вақтим боргин дегандим-ку!” деди халифа. Иблис яна дардини достон қила кетди: “Менинг қавмим шундай ярамаски, сен қозилик қилишга ўтирган пайтинг, “Бўлди, маҳкамага борма, ҳаққингни берамиз” дейишади. Сен ишни тугатишинг билан яна айтган гапларидан тониб тураверишади.
Халифа “Майли, боравер, маҳкамага ўтирган маҳалим олдимга кел” деб эшикни ёпди. Қараса яна қайлула вақти ўтиб кетган экан. Халифа яна маҳкамага бориб чолнинг келишини кутди. Лекин у яна келмади. Халифани қаттиқ уйқу босди. Хонадон аҳлига “Қаттиқ уйқим келяпти, эшикка ҳеч кимни яқинлаштирманглар” деди.
Ҳали кўзи илинмасидан ўша чол яна келди. “Ортга қайт! Ортга қайт!” деб уни қайтаришди. Шунда Иблис “Мен унинг олдига кеча келганман, хабари бор” деб киришга ҳаракат қилди. Уйдагилар “Йўқ, у ҳеч кимни киритмасликни буюрган” деб Иблисни яна қайтаришди. Иблис чора тополмагач, бир туйнукни кўриб қолиб, ўша ердан ичкарига қаради. Қараса халифа уйда экан. Сўнг эшикни ичкаридан тақиллатди. Халифа уйғониб кетиб, уйдагиларига “Эй фалончи, ҳеч кимни киритмагин деб айтгандим-ку” деди. Уйдагилар “Биз киритмадик, бошқа жойдан киргандур?” дейишди. Қарашса, ҳақиқатда эшик қулф, эшикдан кирмаган экан. Шунда халифа чолнинг аслида ким эканлигини билди-да “Аллоҳнинг душманимисан?” деди. Иблис “Ҳа, мени чарчатиб юбординг, ғазабингни келтириш учун барча нарсани қилиб кўрдим” деди.
Шундай сўнг Аллоҳ таоло уни Зул Кифл (Бирон нимани бажараман деб ўз бўйнига олса, албатта ўша ишни қиладиган) деб номлади. Зеро, у бўйнига олган вазифасини камчиликсиз адо этган эди.
Имом Ибн Касирнинг “Ал-Бидоя ван Нихоя” китобдан.
Пўлат Зийнатуллоҳ
Кўкалдош ЎМИБЮ талабаси






