Ўзбекистон мустақилликка эришгач, барча соҳаларда бўлгани каби виждон эркинлигини таъминлаш борасида кенг имкониятлар, диндорларнинг ўз эътиқодлари тақозоси билан ҳаёт кечиришлари учун барча шароитлар яратилди. 1992-йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конститусиясининг моддалари билан виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар ҳуқуқи қонуний асосда мустаҳкамланди. Собиқ Иттифоқ конститусиясида ҳам виждон эркинлиги акс эттирилган эди, бироқ ҳаётда бунинг тамомила аксини кўриш мумкин эди. Мустабид тузум динга қарши кураш эълон қилгани, унинг ҳудуди даҳрийликка чорловчи эълонлар билан тўлдирилгани маълум ҳақиқат.
1991-йил 14 июнда ҳали Иттифоқ таркибида еканимизда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши маънавий ҳаётимизда улкан воқеа бўлди. Минглаб масжидлар, зиёратгоҳлар мусулмонлар ихтиёрига топширилди. Қуръони карим маънолари ва ҳадиси шарифлар ўзбек тилига таржима қилинди. Ўнлаб мадрасаларда диний таълим йўлга қўйилди. Ота-боболаримиз учун аср армони бўлган ҳаж ибодатига юртимиз фуқаролари қулай шароитларда қатнай бошладилар. Ўзбекистон аҳолиси бундай ўзгаришлардан мамнун эди. Чунки, барчанинг фикрида ислом фақат эзгулик дини, унга эътиқод қиладиганлар доимо яхшилик қилишни кўзлайдилар, уларнинг қўлидан асло ёмонлик келмайди, деган қараш шаклланиб келаётган эди. Ҳақиқатан ҳам ислом тинчлик ва эзгулик дини. Бироқ…
Бироқ мустақиллик арафасида, ўз ҳудудимиз ва чегараларимизга ўзимиз эга бўлишимиз учун ҳаракатлар бўлаётган бир пайтда баъзи хорижлик даъватчилар пайтдан фойдаланиб қолишга уриндилар. Халқимизнинг соддалиги, диний илми оз ва саёзлигини ҳисобга олиб, ғаразли мақсадларини амалга оширмоқчи бўлдилар. Чунки, одамларимиз ким араб тилида гапирса, унинг диний билимини зўр ҳисоблаб, шарқ мамлакатларидан келган “холис” меҳмонларни очиқ чеҳра билан кутиб олдилар. Aфсуски, бу меҳмонлар таъбир жоиз бўлса, “тузимизни еб, тузлиғимизга тупуриб кетдилар”. Бу гап оғир туюлар. Aммо диёримизга турли экстремистик ва террористик ғояларни кўтариб келганлар қилмишини бошқача баҳолаш қийин. “Қарс икки қўлдан чиқади”. Фуқаролар орасида мутаассиб ғояларни қўллаб-қувватлайдиган илмсиз ва жоҳил кимсалар ҳам топилгани вазиятни янада мураккаблаштирди.
Ўзбекистонда диний эркинликни суистеъмол қилиш нимадан бошланди деган саволга ибодат масаласидаги ихтилофлардан дея қатъий жавоб бериш мумкин. Илк ихтилоф намозда бош кийим кийиш масаласидан бошлангани маълум. Мутаассиб ғояларга берилган “аҳли илм”лардан бири: “дўппи бу ўзбекларнинг миллий кийими, уни намозга алоқаси йўқ”, деб берган “фатво”си сабаб, кекса ёшдаги намозхонлар ва бу “фатво”га амал қилган ёшлар ўртасида кўплаб масжидларда зиддиятлар келиб чиқди. Тўғри, дўппи ўзбек халқининг миллий кийими, аммо у шунчалик халқ ҳаётига сингиб кетган эдики, кекса ёшдагилар дўпписиз намоз у ёқда турсин, овқат йейишдан, ҳатто “ҳоли жой”га киришдан ҳам ҳаё қилишган, шаръий жиҳатдан қаралганда, ҳанафий мазҳаби манбаларида беузр ҳолатда бош кийимсиз намоз ўқиш макруҳлиги қайд этилган эди. Шундай экан, буни била туриб, нега масжидларда ихтилофларга йўл қўйилди? Зиддият фақат дўппи масаласида эдими? Йўқ. Намозда оёқни кериб туриш, “омийн” лафзини бақириб айтиш, фарздан сўнг суннатни ўқимай кўпчиликни бостириб ўтиб, чиқиб кетиш каби кутилмаган янгиликлар ибодатларга киритила бошланди ва бу ишларнинг барчаси диёримиз мусулмонлари асрлар давомида амал қилиб келаётган таълимотга қарши қаратилган эди.
Ҳанафий мазҳабини тушунган ва уни ҳимоя қилган масжид имомлари ва илм аҳлларининг саъй-ҳаракатларини ҳам эътироф этиш лозим. Уларнинг фаолияти оқимларнинг хатарини бир мунча камайтиришга муайян даражада сабаб бўлди. Бироқ, диний соҳанинг бундай вакиллари кам эди. Намозни қайси мазҳабда ўқишнинг аҳамияти йўқ ёки бизга мазҳабнинг нима кераги бор деган “олимлар” мутаассиб оқимларнинг тегирмонига сув қуйдилар. Чунки, масжидларда ибодат борасида бошланган ихтилоф бора-бора ўзининг ижтимоий хатарини намоён қилди. Кейинчалик, сиёсий мураккабликларга сабаб бўлди ва ҳатто мавжуд давлат ҳокимияти учун жиддий хатарга айланди. Қайси жойда кишилар онгида “ғоявий бўшлиқ” пайдо бўлса, у холи қолмаслиги, балки ўрнини бошқа ғоялар эгаллаши табиий. Экстремистик гуруҳлар, аввало, юртимиз мусулмонлари асрлар давомида амал қилиб келган ҳанафий мазҳабига ҳужум қилдилар. Мақсадлари шу йўл орқали ихтилофларни кўпайтириш ва ўз ғоялари билан кишилар онгини заҳарлаш эди. Ҳақиқатан, баъзи илмсиз мусулмонларнинг Имом Aъзам мазҳаби таълимотини англамасликлари, бошқаларининг эса оқимлар сафсаталарига алданишлари оқибатида, юртимизда ягона ҳанафий мазҳабининг ўрнини ўнлаб бидъатчи гуруҳлар эгаллашни даъво қилдилар.
Марҳум Юртбошимиз И.A.Каримов 1997-йилда чоп этилган “Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” номли асарида диний мутаассиблик ва ақидапарастлик таҳдидини аниқ далиллар мисолида исботлаб берди ва фуқароларни бу балодан огоҳ бўлишга чақирди. Дин соҳасида юзага келаётган турли мураккабликларнинг олдини олиш мақсадида Парламент томонидан 1998-йил 1 майда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди. Қонун юртимизда фаолият юритаётган барча диний муассасаларни қайтадан рўйхатга олишни кўзга тутган эди. Бунинг оқибатида турли мутаассиб оқимлар томонидан “уя”га айлантирилган диний ташкилотлар маскани ва фаолиятини қонун назорати остига олиш, зарур бўлса уларни бартараф қилиш ишлари олиб борилди.
Диний соҳа тараққиёти учун яратилган имкониятларни қадрига етмаган, бу имкониятни суистеъмол қилишга уринган кимсалар афсуски, ўзларининг иддаоларидан воз кечмадилар. Оқибатда 2003-йил март ва июл ойларида Тошкент ва Бухоро шаҳарларида қўпорувчилик ҳаракатлари амалга оширилди. 2005-йил май ойида Aндижонда “акромийлар” томонидан амалга оширилган ҳокимиятга қарши хуруж эса терроризмнинг диёримиздаги сўнгги талвасаси бўлди.
Оққан дарё оқаверади, ит ҳуради, карвон ўтаверади. “Тоғга калла қўйиб уни бузмоқчи бўлган нодон, тоғнинг емирилишини емас, аввало, ўз бошининг парчаланишини ўйласин”, дейди машойихлар. Ўзбекистон халқи ўзининг танлаган йўлида бардавом бўлиб турли таҳдидлар ва қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтмоқда.
“Кўкалдош” ўрта маҳсус ислом таълим муассасаси 4-курс талабаси Aбдумавлонов Aбдуллоҳ таёрлади






