Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
«(Эй Муҳаммад,) Биз сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз» (Анбиё сураси, 107-оят).
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломни барча оламларга, жумла мўминларга, кофирларга, мунофиқларга, эркаклар, аёллар, болалар ва ҳатто ҳайвонларга ҳам раҳмат қилиб юборган. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг жамики махлуқотларга шафқатлари, раҳмдилликлари ва меҳрибонликлари ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Дарҳақиқат, сизларга ўзларингиздан чиққан, сизларнинг қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизларга қайғурадиган, мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келган» (Тавба сураси, 128-оят).
Қуйида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг умматларига раҳм-шафқатлари ва меҳрибонликларига доир бир қанча мисолларни келтирамиз.
- Бир аъробий Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларига бирор нарса беришларини сўраб келди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга сўраган нарсасини бериб, «Сенга яхшилик қилдим», дедилар. Аъробий киши берилган нарсани кам санаб, норози бўлди. Саҳобалар унинг бу ишидан ғазабланиб, таъзирини бериб қўйиш учун ўринларидан қўзғалишган эди, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ишора билан тўхтатдилар. Кейин Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўша аъробийга уйларидан яна бир нарса олиб чиқиб бердилар. Бундан аъробийнинг кўнгли кўтарилиб: «Раҳмат, Аллоҳ таоло сизга аҳлингиз ва оилангиздан бундан зиёдасини қайтарсин», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қаноат ҳосил қилганини кўриб, «Сенинг бир оз олдин айтган гапингдан саҳобаларим ранжишган эди. Агар маъқул кўрсанг, ҳозир менга айтганларингни уларга ҳам айт, қалбларида сенга нисбатан ёмон ўй-фикр қолмасин», дедилар. Аъробий у зотнинг бу гапларидан мамнун бўлиб, «Хўп», деди.
Эртасига (ёки ўша куни кечқурун) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан ўтирганларида ҳалиги аъробий келди. Пайғамбар алайҳиссалом аъробийга: «Мана бу аъробий биз берган нарсага норози бўлган эди. Биз унга яна қўшиб берганимиздан кейин у «Розиман», деб хурсанд бўлди, шундайми?» дедилар. Аъробий: «Ҳа, Аллоҳ таоло аҳлингиз ва оилангиздан бундан зиёдасини қайтарсин», деб берган жавобини тасдиқлади. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бу аъробий худди туяси қочиб кетган кишига ўхшайди. Одамлар туянинг ортидан қувиб, уни янада узоқроққа қочириб юборишади. Эгаси эса: «Туямни ўзимга қўйиб беринглар, мен уни сизлардан яхшироқ биламан», дея туясига яқинлашади. Кейин ердан у ейдиган бирон нарса олиб, туясини олдига чорлайди. Бу меҳрибончиликни кўрган туя эгасининг олдига чўкка тушади. Шунда эгаси уни яхшилаб боғлаб, устига чиқиб олади. Агар сизларни аъробийга нисбатан ғазабланган ҳолатингизда ташлаб қўйганимда, сизлар уни ўлдирардингиз ва натижада у жаҳаннамга кирарди».[1]
- Пайғамбар алайҳисаллом саҳобаларни чақимчилик қилишдан қайтарар эдилар. У зотнинг шундай деганлари ривоят қилинади: «Бирортангиз биродари ҳақидаги бирор гап-сўзни менга етказмасин. Чунки мен ҳузурингизга қалбим хотиржам ҳолда чиқишни истайман».[2]
- Пайғамбар алайҳиссалом умматларига фарз бўлиб қолмасин деб, ҳар бир ишда доимо енгилини танлаганлар, ҳатто баъзи мушкул ишларни қилишни хуш кўрмаганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Умматимга машаққат қилиб қўймаганимда эди, уларни хуфтон намозини кечиктиришга ва ҳар намоз олдидан мисвок қилишга буюрган бўлардим».[3]
- Шунингдек, у зот кечаси билан намоз ўқиб чиқишдан, оғиз очмасдан, рўзани улаб тутишдан қайтарганлар. Каъбанинг ичига киришни ҳам хуш кўрмаганлар, чунки умматларига машаққат қилиб қўйишдан қўрққанлар.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор кишини уришиб, койиб берган бўлсалар, Аллоҳ таолодан бу койишни умматлари учун раҳмат қилиб беришини сўрардилар.
- Қурайш қавми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғончига чиқарганда Жаброил алайҳиссалом келиб, шундай деган: «Қавмингиз шаънингизга қандай туҳматлар ёғдирганини, пайғамбарлигингизни қандай инкор қилишганини Аллоҳ таоло билиб турибди. У Зот тоғлар фариштасига нимани буюрсангиз, шуни қилишни буюрди». Шунда тоғларга муваккал қилинган фаришта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом бериб: «Нимани хоҳлайсиз? Бир оғиз ишора қилсангиз кифоя, хоҳласангиз, Маккадаги икки тоғни уларнинг устига ташлаб юбораман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: «Йўқ, асло! Аллоҳ таолодан бу қавмимнинг авлодларидан Ўзига ибодат қиладиган, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайдиганларни чиқариб қўйишини умид қиламан», деб жавоб бердилар.
- Ибн Мункадирнинг ривоят қилишича, Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Аллоҳ таоло осмон, ер ва тоғларни сизга итоат қилишга буюрди», дедилар (Ерга буюрсалар, ўзларига итоат қилмаётган осий умматларини ютиб юборарди, осмонга буюрсалар, уларнинг устига тош ёғдирарди ва ҳоказо). Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Мен умматимга буни раво кўрмайман. Шояд, Аллоҳ таоло уларнинг тавбаларини қабул қилса», деб жавоб бердилар.
- Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки ишдан бирини танлашга тўғри келса, албатта енгилини танлардилар».
- Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зерикарли бўлиб қолмаслиги учун вақти-вақти билан панд-насиҳат қилардилар».
- Бир куни Оиша розияллоҳу анҳо онамиз оғир юк ортилган туяга миндилар. Шунда туя ўзини бошқара олмай, қалқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳога: «(Туяга) раҳм қил», дедилар.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бутун оламларга раҳмат эканликларини мунофиқларга қилган муносабатларида ҳам кўриш мумкин. Сийрат китобларини ўқиган ҳар бир ўқувчи биладики, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Мадинада яшаган даврларида тилида иймон келтирган бўлса-да, лекин дилида кек-адоват сақлаб юрган қанчадан-қанча мунофиқлар бор эди. У зот уларни номма-ном билардилар, лекин ошкор қилмаганлар. Уларнинг хиёнатларини ҳам фош қилмаганлар. Ҳатто жазога мустаҳиқ бўлишса ҳам, уларга омонлик бериб, қатл эттирмаганлар, балки зоҳирларига қараб муомала қилаверганлар.
- Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан олдин яшаб ўтган умматларнинг барчаси ўз пайғамбарларига нисбатан жуда хунук муносабатда бўлишган, уларни ёлғончиликда, ҳатто сеҳргарликда айблашган. Итоатсизликлари туфайли охир-оқибат Аллоҳ таоло тарафидан юборилган азобга гирифтор бўлишган. Буни Нуҳ, Лут алайҳиссаломларнинг қавми ҳамда Од, Самуд ва бошқа қавмлар мисолида кўриш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса нафақат ўз умматларига, ҳатто кофирларга ҳам бундай азоб келишини сира хоҳламаганлар. Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳурматларидан уммат ичидаги кофир ва мунофиқларга аввалги умматларга етган балоларни, азоб-уқубатларни юбормаган. Шу сабабли Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматидаги кофирлар ўтган умматлардаги кофирларга етган азоб ва балолардан омонда бўлишган.
[1] Шу маънодаги ҳадисни имом Аҳмад ривоят қилганлар.
[2] Абу Довуд ривояти.
[3] Икки шайх ривоят қилишган.






