Имом Заҳабий буюк бобокалонимиз муҳаддислар султони Имом Бухорий ҳазратлари ҳақида шундай ёзадилар:
У кишининг исмлари Муҳаммад ибн Исмоилдир. Кунялари Абу Абдуллоҳ бўлган. Боболари Бухоро волийси Яман Жуъфийнинг қўлида исломга кирган. Ундан олдин мажусий динига этиқод қиларди.
Аҳмад ибн Холаф айтади: “Бухорий шундай деётганини эшитдим: “Отами Анас ибн Моликдан ҳадис эшитган, Ҳаммод ибн Зайдни кўрган, Ибнул Муборак билан эса икки қўллаб кўришган”.
Фадл ал-Балхий айтади: “Муҳаммад ибн Исмоилнинг кўзлари ёшлигида кўрмай қолди. Онаси бир кун тушида Иброҳим алайҳиссаломни кўрди. Аллоҳнинг пайғамбари Бухорийнинг онасига: “Аллоҳ кўп йиғлаганинг (ёки кўп дуо қилганинг) учун ўғлингга кўзларини қайтариб берди” дедилар. Эрталаб туриб қарасаки ростдан ҳам боласининг кўзлари кўраётган экан”.
Муҳаммад ибн Абу Ҳотим айтади: “Абу Абдуллоҳдан “Қандай қилиб илм йўлига киргансиз?” деб сўрадим. Шунда у “Котиблар билан аралашиб юрган пайтимда ҳадис ёдлашга қизиқиб қолганман” деб жавоб берди. Мен айтдим “Ўшанда неча ёшда эдингиз?” деб сўрадим. У деди: “Ўн ёш ёки ундан кичкинароқ эдим. Дахилий ва бошқа уламоларнинг олдига ҳадис эшитгани борадиган бўлдим. Бир куни ҳадис ўқиётиб шундай деди: “Суфён Абуз Зубайрдан ривоят қилади, у эса Иброҳимдан…”. Шунда мен “Абуз Зубайр Иброҳимдан ҳадис эшитмаган-ку?!” дедим. Дахилий мени урушиб берди. Мен “Бориб асл нусхадан кўриб, текшириб келмайсизми?” дедим. У бориб текшириб келди ва менга қараб “Эй бола, Абуз Зубайр бўлмаса унда ким (эшитган)?” деди. Мен: “Зубайр ибн Аъдий Иброҳимдан ривоят қилган” дедим. Шунда Дахилий “Ҳа, тўғри айтган экансан!” деди ва мендан қаламимни олиб, китобини тўғрилаб қўйди.
Бухорийдан Дахилийга қатнаб юрган пайтларингиз неча ёшда эдингиз?” деб сўрашди. Бухорий шундай жавоб берди: “Ўн бир ёш эдим. Ўн олти ёшга кирганимда эса, Ибн Муборакнинг, Вакиънинг китобларини ёдлаб бўлган эдим. Сўнг онам, акам Аҳмад ва мен ҳаж қилгани Маккага бордик. Ҳаж қилиб бўлгач, Маккада ҳадис эшитиш учун қолдим, акам эса онам билан бирга қайтиб кетишди”.
“Сияру аъломин нубало” китоби 12-жуз.
Давоми бор…
Пўлат Зийнатуллоҳ
Кўкалдош ЎМИБЮ талабаси






