عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «أتاني جبريل فأخذ بيدي فأراني باب الجنة الذي يدخل منه أمتي“، فقال أبو بكر: «وددت يا رسول الله أني معك حتى أنظر إليه»، فقال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «أما إنك يا أبا بكر أول من يدخل الجنة من أمتي». رواه أبو داود.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Жаброил менинг олдимга келиб қўлимдан тутди ва умматим кирадиган жаннат эшигини менга кўрсатди”. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, мен жаннат эшигига назар солишим учун сиз билан бирга бўлишни хоҳлардим”, дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сиз, эй Абу Бакр, умматимдан биринчи бўлиб жаннатга кирувчи кишисиз”, дедилар. (Абу Довуд ривояти)
Яъни, “жаннат эшигини тез орада кўрасиз ва умматимнинг барчасидан олдин унга кирасиз”. Бу ҳадиси шарифда Абу Бакр розияллоҳу анҳу умматнинг энг афзали эканликларига далил бор. Агар Абу Бакр розияллоҳу анҳу умматнинг энг афзали бўлмаганларида эди, жаннатга киришда улардан ўтиб кетмаган бўлардилар. Шунингдек, бу ҳадиси шарифда Абу Бакр розияллоҳу анҳу иймон жиҳатидан умматнинг энг пешқадами эканликларига Аллоҳ таолонинг қуйида ояти орқали ишора бор: “Ва пешқадамлар, пешқадамлар, Ана ўшалар (Аллоҳга) яқин бўлганлар. Сернеъмат жаннатдадирлар” (Воқеъа сураси, 10-13 оятлар). [1]
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
талабаси Мурод Музаффар ўғли
[1] Мулла Али Қорий. Мирқотул мафотиҳ шарҳу мишкотил масобиҳ. -Байрут: “ДКи”, 2015. -Б 175\11.