Аллоҳ таолонинг изни билан Зориёт сурасининг 47-ояти тафсирини кўриб чиқсак. Биз ушбу муборак оятнинг ҳақиқий маъносини аввалги асрларда яшаган мусулмонлар тушунишганидек тушунишимиз учун Аҳли сунна вал жамоанинг машҳур уламоларининг сўзларини ҳамда салафи солиҳларнинг бу оят ҳақида айтган сўзларини келтирамиз.
Биз келтираётган барча ҳужжат-далилларимиз кучли ва ишончли эканига аниқ бўлиши учун, уларнинг манбаларини ҳам келтириб ўтамиз.
Иншааллоҳ, биз шахсий фикрларни четга суриб, уламоларнинг сўзларига таяниб, чуқур ва аниқ, асосли ҳужжатларни келтирамиз.
Сохта салафийлар нотўғри қилинган таржималарга таянишни яхши кўришади. Улар таржималарга таяниб, Зориёт сурасининг 47-оятини далил қилиб, Аллоҳнинг икки қўли борлигини даъво қилишади. Агар ушбу оятни тўғридан-тўғри таржима қилинадиган бўлса, “Осмонни Биз қўлларимиз билан барпо қилдик….”, деган маъно чиқиб қолади ва ўқувчида “Аллоҳ таолода нуқсонли сифат (яъни махлуқотларнинг сифати) бор экан” деган нотўғри тасаввур пайдо бўлиб қолади. Бу эса соф эътиқодга ва Ислом таълимотига зид иш ҳисобланади.
Келинг, ушбу ояти каримани салафи солиҳларимиз қандай тушунишган ва уни қандай талқин қилишганини кўриб чиқайлик.
Муфассирлар имоми бўлмиш Имом Табарий роҳимаҳуллоҳ ушбу оятни بأييد- “қувват ва шиддат маъносида”деб таъвил қилганлар ва буни Ибн Аббос розияллоҳу анҳу, Мужоҳид, Қатода, Мансур Сақафий, Жобир ибн Зайд ва Суфён ибн Уяйна роҳматуллоҳи алайҳимлардан ривоят қилганлар.
(Манба: Имом Табарий “Жомеъул баён” асари 21/545-546 – бетлар).
Имом Қуртубий ўзларининг “Ал-Жомеъ” номли тафсирларида (19/503) салафи солиҳларнинг қуйидаги таъвилларини келтирадилар:
«(بأيد) أي : بقوة و قدرة. عن إبن عباس و غيره«
Яъниоятнинг маъноси “қувват ва қудрат билан” деган маънода дейдилар. Қуртубий бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва бошқалардан ривоят қилганлар.
Имом Абул Ҳайён Андалусий ўзларининг “Баҳрул Муҳийт” номли тафсирларида салафи солиҳ имомларининг таъвилларини келтиради:
(بأيد) أي : بقوة قاله إبن عباس و مجاهد و قتادة وهو كقوله (داود ذا الأيد) (سورة ص 17)
Андалусий оятда “қудрат” маъноси назарда тутилганлигини айтадилар. Бу маънони Ибн Аббос розияллоҳу анҳу, Мужоҳид, Қатода роҳимаҳуллоҳлардан ривоят қиладилар. Бу худди (داود ذا الأيد) “Кучли бўлган Довуд деганга ўҳшайди”. “Бизнинг бандамиз (тоат-ибодатда) кучли бўлган Довудни эсланг!” Яъни, бу оятда (Сод сураси 17-оят) “айд” сўзи ҳақида худди Зориёт сурасидаги “куч-қувват” маъноси келтирилади.
(Манба: “Баҳрул муҳийт”, 8/140 – б)
Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ айтади:
يقول تعالى منبها على خلق العالم العلوي والسفلي :
( والسماء بنيناها ) أي : جعلناها سقفا [محفوظا] رفيعا
(بأيد) أي : بقوة. قاله ابن عباس، ومجاهد، وقتادة، والثوري، وغير واحد.
Аллоҳ таоло юқори ва пастки оламларнинг яратилиши ҳақида ишора қилиб айтади:
“Ва Биз Осмонни барпо қилдик”: яъни “Биз уни ҳимояланган шифт қилиб баланд-юқори қилиб қўйдик”.
Би айдин (بِأَيْدٍ) – яъни куч-қувват билан. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу, Мужоҳид, Қатода, Саврий ва бошқалар шундай дейишган…
(Манба: Тафсир ибн Касир)
МАНБАЛАР АСОСИДА КЎКАЛДОШ ЎМИБЮ МАТБУОТ КОТИБИ РУСТАМ ОХУНЖОНОВ тайёрлади






