Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тасдиқланган “Диний соҳада ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури”га мувофиқ жорий йилнинг 19 декабрь куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирни билим юрти мудири З.Мирсадиков очиб берди. Ушбу мавзу юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши кураш Бош бошқармаси Мафкуравий-тарғибот бўлими масъул ходими капитан Каримов Абдумалик Абдумутал ўғли ўз нутқида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ҳамкорлик, бу борада амалга оширилган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва таълим-тарбия каби муҳим воситларга эътибор қаратишни таъкидлаб ўтди. Ҳуқуқбузарлик содир этган ёшларнинг 62,2 фоизи бўш вақтларини кўчада ўтказишади. Унда ҳар бир маҳалланинг жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, бу борада бефарқлик, лоқайдлик ҳолатларига барҳам бериш, жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари олдида турган муҳим ва долзарб масалалар турганлигини айтиб ўтди. Шу заминда истиқомат қилаётган ҳар бир инсон “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” деган туйғу билан яшаши ва бу нарса ҳар бир фуқаронинг шиори бўлиши керак, дея таъкидланди.


Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг “Зиё” медия маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши кураш Бош бошқармаси ҳамкорлигида тайёрланган “Алданганлар” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Давра суҳбати қизғин баҳс-мунозаралар билан давом этди. Давра суҳбат тингловчиларининг мавзуга доир ва ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан берган саволларига А.А.Каримов аниқ ва кенг қамровли тушунчалар берди.
Билим юрти маънавий-маърифий масалалар
бўйича мудир ўринбосари А.Ғаниев





