Эслатиб ўтамиз, қуйидаги сатрлар “Ёшлар масалалари Ислом нигоҳида” деб номланган туркум мақолаларнинг навбатдагисидир. Ёшлар деганда одатда балоғат ёшидан бошлаб ўттиз беш-қирқ ёшлар орасидаги инсонлар назарда тутилади.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, улар Роббиларига иймон келтирган йигитлардир. Ва Биз уларга янада зиёда ҳидоят бердик” (Каҳф сураси 13-оят).
Илмга чақирадиган, унга қизиқтирадиган ва илм аҳлини мақтайдиган Қуръон оятлари бисёр. Хоссатан, Қуръони каримда бу борада 600 дан ортиқ оятлар бор.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга илк нозил қилган сура бўлмиш “Алақ” сурасини “Иқро”, яъни “Ўқи” деган хитоб билан бошлаган. Бу эса илмнинг даражаси қандай улуғ эканлигини кўрсатади. Зеро, ўқиш илмга етказадиган муҳим воситадир.
Илм ва уламоларнинг фазли ҳақида келган кўплаб ҳадисларни учратишимиз мумкин.
Жумладан, Абу Дардо розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қиладилар: “Ким илм талаб қилиб бир йўлни тутса, Аллоҳ уни жаннат йўлларидан бир йўлга йўллаб қўяди. Албатта фаришталар илм талаб қилувчидан рози бўлиб қанотларини унга ёядилар. Олим учун осмонлару ердаги жонзотлар ва сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Албатта, олимнинг обиднинг устидаги фазли тўлин ой чиққан тундаги ойнинг бошқа юлдузларга бўлган фазли кабидир. Батаҳқиқ, уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ана ўшани олса, улкан насибани олган бўлади”.
Оддий қилиб айтганда, инсонлар илм йўлида бардавом бўлишса юксаладилар, илмдан юз ўгирсалар хорлик ва ҳалокатга юз тутадилар.
Илм устунсиз уйнинг ҳам қаддин кўтарар,
Жаҳолат иззат ва шараф уйин қулатар
Мусулмонлар қадимдан илм-фаннинг турли соҳаларида юксак чўққиларни забт этганлар.
Муҳаммад ибн Жобир Синон ал-Баттоний – “тригонометрия” илмига асос солган;
Аббос ибн Фирнос – осмонда парвоз қиладиган энг биринчи қурилмани ихтиро қилган;
Ибн ал-Ҳайсам – “оптик физика” илми асосчиси;
Ибн Сино – табобат илмининг буюк намояндаси бўлиш билан бирга, геология фани асосчиси;
Абулқосим аз-Заҳровий – Европа жарроҳлик илмининг асосчиси;
Ал-Идрисий – ерни илк марта шар шаклида тавсифлаган олим;
Ибн Байтор – буюк биологик олим;
Ибн Нафис –кичик қон айланиш доирасини кашф этган;
Ибн Холдун – иқтисодиёт фанига асос солган олим;
Абу бакр ар-Розий – қизамиқ ва сувчечак ҳақида тўлиқ маълумот берган, ҳамда ирсий касалликларни тадқиқ қилган олим бўлиб, касалликларни ўрганишда илк бора тажрибада ҳайвонлардан фойдаланган.
Шунингдек, Ҳожи Халифа ўзининг “Кашфуз-зунун” номли китобида жарроҳлик, анатомия, астрономия, биология, фармацевтика каби 240 дан ортиқ бир-бирини такрорламайдиган илм соҳаларида ижод қилган мусулмон олимлар ҳамда уларнинг бебаҳо асарлари номларини келтирган. Мазкур мусулмон олимлар юқоридаги илмларнинг барчасини Қуръон, ҳадис, фиқҳ ва фароиз илмларидан ташқари ўрганишган.
Албатта, мусулмон олимлар тарихда эришган бу каби улкан илмий муваффақиятлар ортида муқаддас динимизнинг илм олишга қаратилган бениҳоя катта эътиборини кўришимиз мумкин.
Илм уч турли бўлади:
- Аллоҳ ҳақидаги илм;
- Аллоҳнинг амр ва наҳийларини билиш илми;
- Аллоҳ таоло яратган мавжудотларни билиш илми.
Аллоҳ ҳақидаги илм ҳақиқат илми деб номланади. Бу илм инсонни гўзал шаклда яратиб, уни ақлли мавжудот қилиб қўйган Аллоҳ азза ва жалла билан қандай боғланишни ўргатадиган илмдир. Бундан ташқари, бу илм инсонга Аллоҳ таолони эсдан чиқармай доимо ёдда тутишни, Унга куфр келтирмай шукр қилишни ва Унга осийлик қилмай итоат этишни ўргатади. Ушбу илм илмлар ичида энг асосийси ва мусулмон шахс билиши зарур бўлган илм ҳисобланади. Зеро, илму маърифат билан Аллоҳ таолони топган киши барча нарсани топган бўлади. У зотни йўқотган киши эса барча нарсани йўқотган кабидир!
Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқларини билиш илми эса шариат илми деб аталади. Ушбу илм Аллоҳ таолонинг буйруқлари, қайтариқлари, ҳалол ва ҳаром қилган нарсалари ҳамда Қуръон ва суннатни билишдан иборат. Шариат илми бу дин демакдир. Мусулмон киши шариат илмига қанчалик яқин бўлса, дини ислоҳ бўлади. Аксинча, шариат илмидан узоқлашгани сари, дини ҳам фасод бўлади. Ҳар қанча дунёвий илмларни ўрганмасин, инсон шариат илмларидан узоқ бўлса, ўрганган илмини яхшилик йўлида қўлламайди.
Учинчи тур: Аллоҳ таоло яратган барча мавжудотлар ҳақидаги илм. Бу борлиққа оид физика, кимё каби амалий илмларни ўз ичига олади.
Биз юқорида айтиб ўтилган ҳар бир илмга муҳтожмиз. Чунки, бу илмлардан аввало ўзимиз, сўнгра оиламиз ва бутун мусулмон уммати фойда олади. Энг муҳими, бу илмлардан динимиз равнақ топади. Умматнинг онги ўсиб, мусулмон ўлкаларнинг ривожланиши ҳам айни мана шу илмларга боғлиқ.
Ёши улуғларимиздан эса илмли ёшларимизни қўллаб-қувватлаб туриш талаб қилинади. Умуман олганда ёшларни илмга йўналтириш, иқтидорли ёшларга эътиборли бўлиб, уларни ҳам молиявий, ҳам маънавий, ҳам ижтимоий тарафдан рағбатлантириш зарур.
Масалан, ғарбдаги йирик компаниялар ҳам илмий изланишларни қўллаб-қувватлаб туришади. Илмли ёшларни ўз қарамоқларига олишади, уларни назорат қилиб, камчиликларини текшириб туришади.
Имконияти кенг, бадавлат кишилар диний ёхуд дунёвий илмлар билан шуғулланадиган олим ва талабалардан биронтасининг молиявий таъминотини ўз зиммасига олса ва бу ишидан фақатгина Аллоҳ таолонинг розилигини ҳамда инсонларга манфаат етказишни ният қилса, албатта, ажрдан бебаҳра қолмайди.
Қуйидагиларни ҳар бир киши ёдда сақлаши зарур:
- Сен илмга борингни бермагунингча илм сенга бир бўлагини ҳам бермайди;
- Бошқалардан ўзингни устун қўйишингга сабаб бўладиган илм алданишингдан бошқа нарса эмас;
- Инсонларни қонини тўкиш, ўлдириш учун ишлатиладиган илм жиноятнинг бир туридир;
- На динимизга ва на дунёмизга фойда бермайдиган илм қуруқ фахр ва керилишдир;
- Университетда олинадиган диплом илм эмас, балки аслида унга қўйилган дастлабки қадамдир. Диплом олишни мақсаднинг якуни деб ўйлайдиган киши адашади.
- Модомики олим бошқаларга илм ўргатиб, ўз илмини зое қилмас ҳамда шогирд устозини ва ундан олган илмини ҳурмат қилар экан, уларнинг иккиси ҳам ажр ва савобда шерик бўладилар;
- Шайтонга битта олим мингта обиддан кўра қаттиқроқдир;
- Илм ва сабр эгизак тушунчалардир.
Бир манбада шундай нақл келган “Илмни ўрганинглар, чунки Аллоҳ учун илм ўрганиш Аллоҳдан қўрқиш, уни талаб қилиш ибодат, унинг музокараси тасбеҳ, унинг устида баҳс қилиш эса жиҳод, уни билмаган кишига ўргатиш садақа, ўз аҳлига тарқатиш эса Аллоҳга қурбат ҳосил қилишдир. Илм ҳалол ва ҳаромни ажратишни ўргатадиган манба, жаннат йўлини ёритувчи чироқ ва нур, ёлғизликда ҳамроҳ, хурсандчилик ва қийинчиликда йўлбошловчи, душманга қарши қурол, дўстларнинг ҳузурида зийнат, ғариблар учун эса таянчдир. Аллоҳ таоло илм билан инсонларнинг даражаларини кўтаради ва жаннатда ҳам азиз қилиб қўяди.
Муҳаммад Хойр Шаъолнинг “Ёшлар масалалари”
номли туркум маърузалари асосида
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ ва 3-курс талабалари томонидан таёрланди.






