Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўркам ва ёқимли, муаттар ҳидли, хушсурат ва гўзал юзли эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни дастлаб кўрган киши виқор ва ҳайбатларини ҳис этар, бироз сўзлашгач эса ўзгача самимият ва илиқ меҳрни сезарди. У зот саҳобаларга, оилаларига меҳрибон, Аллоҳнинг махлуқотларига нисбатан раҳм ва марҳамат соҳиби эдилар.
У зотга кибр ва қўполлик бегона бўлиб, энг заиф ва ночор инсонлар билан ҳам бирга ўтиришдан ор қилмас, кишиларнинг айбларини ўзгалар олдида ошкор қилмасдилар. Силаи раҳмга, саломни кенг ёйишга тарғиб этар, мусулмонларни ака-укалардек бўлишларини хоҳлардилар. Анча йиллик танишларини ҳам унутмас, қавмнинг улуғ кишиларига ўзига хос тарзда икром кўрсатар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир бор ҳамсуҳбат бўлган кишининг қалби яна қайта суҳбат қуришга ошиқаверарди. Дарҳақиқат, Набиййимиз алайҳиссаломда биз учун гўзал намуна бор.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу қадар гўзал хулқлар соҳиби эканларига қарамай, Аллоҳ таоло у зотнинг аввалгию кейинги хатоларини авф этганига қарамай, кечалари кўп ибодат қилганларидан оёқлари ишиб кетар, Аллоҳ таолога шукр қилувчи банда бўлишни истар эдилар. Кўпинча рўзадор бўлар, ҳеч қачон таомдан айб ахтармасдилар. Ўзларидан кўра саҳобалар ва умматлари учун қайғурардилар. Ўзлари кўп ибодат қилсалар ҳам умматларига енгил бўлишини истардилар. Саховат қилишда серёмғир булутларни ҳайдаб келтирадиган шамол ҳам у зотдан ортда қоларди. Умрлари давомида бирор сўровчига йўқ демаганлар. У зот алайҳиссалом йўқ маъносини англатувчи ,,лаа” сўзини тавҳид калимасини ҳисобга олмаганда деярли ишлатмасдилар.
Кўп ибодат қилсалар ҳам сабр бобида беназир эдилар. Баъзан егулик ҳеч нарса топмаганларида уч кунлаб ҳам оч юрардилар. Аммо шунда ҳам саҳобалар билан баробар меҳнат қилар, ҳатто ўз оёқ кийимларини ўзлари ямардилар. Яхшиликларни қилишда пешқадам ва ғайратли бўлиб, амалларнинг ичида оз бўлсада давомли бўлганини суярдилар. Ғазабланган чоғларида ҳам ҳеч кимга қўпол ва ёқимсиз сўз сўзламаганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ҳолатда уммат ғамини ер, уммат у зотни тошбўрон қилганда ҳам фақат ва фақат яхшлик тилаб дуо қилардилар. Умматга ибодатда енгил бўлишини, дунё ва охиратда енгил бўлишини истардилар. Ҳатто меърожга чиққанларида ҳам умматнинг ибодатида енгиллик бўлиши учун ҳаракат қилгандилар.
Ҳар бир пайғамбарнинг шубҳасиз ижобат бўладиган бир дуоси бўлади. Барча пайғамбарлар бу дуоларини бу дунёда ишлатиб бўлдилар, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни охиратда биз умматлар ҳақига ишлатиш учун олиб қўйдилар. Ҳа, Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу умматга тўла-тўкис раҳмат қилиб юборилгандилар. Аммо начора, бундай гўзал хулқлар соҳиби икки олам сарвари Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриш бизга насиб этмади. Аллоҳ таолонинг азобини биздан тўсувчи қўрғонимиз бугун орамизда йўқлар. Наҳотки нажот бўлмаса?
Йўқ, нажот бор! Албатта бор!
Нажот йўлини Роббил оламийннинг ўзи кўрсатгандир:
“(Эй Муҳаммад)! Модомики, сиз уларнинг ичида экансиз, Аллоҳ уларни азобламас. Модомики, улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобловчи эмас” (Анфол сураси, 33-оят).
Ҳа азизлар, биз шундай улуғ, оламларга раҳмат қилиб юборилган пайғамбарнинг умматлари эканмиз, у зотни яхши кўриб, истиғфор айтиб, у зотнинг ҳаётларини, суннатларини ўрганиш ва уларга амал қилиш ила шафоатларини умид қилмоғимиз лозим.
«Кўкалдош» ўрта-маҳсус ислом билим юрти
3- курс талабаси Тошматов Каримуллоҳ






