2018 йил 20 ноябр куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти «Назарбек» Талабалар турур жойида истиқомат қилаётган талабалар Ўзбек Миллий академик театрида намойиш этилган “Мирзо Улуғбек” драмасини томоша қилишга боришди. Ушбу театр томошаси талабаларда катта таассурот уйғотди. Маълумки, умумтаълим мактаби она тили ва адабиёт фани дастуридан жой олган бу фожеа асар барчага бирдай таниш. Шундай бўлса ҳам юртимиз саҳна усталари томонидан маҳорат билан ижро этилган ушбу драматик асарни жонли равишда саҳнада кўриш томошабин онгида бутунлай бошқача тасаввур уйғотади. Айниқса, Мирзо Улуғбек ролининг Узбекистон Халқ артисти Эркин Комилов томонидан талқин этилиши томошабинлар таҳсинига сазовор бўлди. “Мирзо Улуғбек” драмасини саҳнада томоша қилиш билим юрти талабалари учун Темурийлар даврига саёҳат бўлди десак муболаға бўлмас. “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида маънавий ва маърифий руҳдаги бундай тадбирларнинг тез-тез ўтказилиб туришидан мақсад талабаларнинг ўтмиш тарихимизни яхшироқ ўрганиши, ҳозирги ойдин ҳаётимизга шукроналик ҳамда буюк келажагимизга ишонч туйғуларининг уйғотишдир.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти матбуот хизмати






