SIGN IN YOUR ACCOUNT TO HAVE ACCESS TO DIFFERENT FEATURES

FORGOT YOUR PASSWORD?

FORGOT YOUR DETAILS?

AAH, WAIT, I REMEMBER NOW!
KUKALDOSH.UZ
  • LOGIN

KUKALDOSH.UZ

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
    • Madrasa tarixi
    • Rahbariyat
    • Yotoqxona
    • Axborot-resurs markazi
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
    • Qurʼon ilmlari
    • Aqida
    • Fiqh
    • Tafsir
    • Hadis
    • Arab tili
    • Yurtimiz allomalari
    • Islom tarixi
    • Raddiyalar
    • Axloq va tarbiya
    • Bagʼrikenglik va jamiyat
    • Elektron kitoblar
  • Taʼlim
    • 4 yillik öquv dasturi
    • Ilm talab qilish odoblari
  • Kurslar
    • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
    • Tayyorlov kursi
  • Qabul
    • Qabul tartibi
    • Kiriş imtihonlari 2027-2028
    • Ötiş ballari
    • Topşirganlar soni
    • Imtihon duolari
  • Boğlaniş
“Ал-фиқҳ ул-акбар” 1-қисм
21.11.2018 / Bo‘limda Hadis, Maqolalar, Yangiliklar

Ҳадисларни кенг тарғиб қилиш юртимиздаги устувор вазифалардан бири

 

“Ўқинг”,- деган ва ҳар бир иши ҳикмат бўлган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!

Инсонларга ана шу ҳикматни ўргатган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга мукаммал саловатлар бўлсин!

 

Маълумки, юртимизда бошқа соҳалар каби диний-илмий меросни ўрганишга ҳам кенг тарғибот қилиниб, ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу интилишлар диний-дунёвий ишларнинг барчаси бир-бирига боғлиқ эканини кўрсатиб туради. Чунки маълум бир вақтлар буларни ажратиб кўрсатишга уринишлар бўлган эди. Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги фармонига мувофиқ, ҳукумат томонидан “ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш” тўғрисидаги қарор қабул қилиниши ҳам айни муддао бўлди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, ҳадислардаги эзгу умуминсоний ғоялар халқимизга, айниқса, ёш авлоднинг таълим-тарбиясида асосий манба бўлиб хизмат қилишига шубҳа йўқ. Бу учун ҳадислар ҳар томонлама чуқур ўрганилиб, тадқиқ этилиб ҳамда улардан олинган илмий хулосалар орқали етказилиши даркор.

Тарихга назар соладиган бўлсак, бизларга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини етказиш ва англатишда уламоларимизнинг хизматлари беқиёсдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврларида ҳадислар ёзиб борилмаган. Ҳадислар оғзаки нутқда бўлиб, вақт ўтиши билан ҳар хил сабабларга кўра, ишончли ҳадислар орасида кўплаб ишонарсиз ҳадислар ҳам юзага келган. Ана шундай бир шароитда ўзларининг бутун билим ва ҳаётларини тўғри ҳадисларни аниқлаб, жамлашдек эзгу ишга сарфлашни ўзларига мақсад қилиб қўйган муҳаддислар пайдо бўлди. Бу борада илк қадам қўйган шахс – халифа Умар ибн Абдулазиз (681 – 720, умавийлар халифаси 717 – 720) эди.

Учинчи (III) ҳижрий асрга келиб, ҳадис илми учун олтин давр бўлди. Бу даврда “муснад”, “саҳиҳ” ва “сунан” деб аталмиш турли йўналишлар бўйича ҳадислар тўпланган. Биринчи йўналиш бўйича Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг (780–855) “Муснад” ҳадислар тўплами, иккинчи йўналишда ҳаммамизга маълум бўлган буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг (810–870) “Жомиъ ас-саҳиҳ” деб номланган ҳадислар тўплами ва учинчи йўналиш бўйича эса Исо Термизийнинг (824–892) “Сунани Термизий”, Ибн Можанинг (824–886) “Сунан” ҳадислар тўплами асарларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Бу асарларда илм олишга тарғиб, ибодат, одоб-ахлоқ, муайян тарихий шахсларнинг фазилатлари, айрим оятларнинг тафсирлари, ислом ақидаси, дуолар, савдо-содиқ ва касб билан шуғулланиш каби мавзуларга оид ҳадислар жамланган. Мана шу каби тўпламларнинг ичида энг кучли ва энг мўътабарлари олти китоб ҳисобланади. Улар “Сиҳоҳи ситта”, яъни “Олти саҳиҳ китоб” номини олган.

Тўртинчи (IV) ҳижрий аср уламолари эса, ўзларидан аввал ўтган муҳаддисларлардан кенг фойдаландилар. Улар кўпроқ аввалги муҳаддисларнинг асарларини тартибга солиш ва жамлашга эътибор бердилар. Баъзи бир ҳадисларни топиб, аниқладилар. Бу асрда шуҳрат топган муҳаддислар ичида Имом ат-Табароний, Имом Дора Қутний, Имом Ибн Ҳиббон ал-Бустий, Имом Ибн Ҳузайма, Имом ат-Таҳовийларнинг меҳнатлари алоҳида эътиборга молик.

Булардан кейин келган муҳаддислар ҳам асосан аввалги муҳаддислар тўплаган ҳадисларни турли тўпламларга жамлаш, тартибга солиш ёки уларга шарҳ ёзиш билан шуғулландилар.

Мазкур илмий ҳаракат самараси ўлароқ “Мусталаҳ ул-ҳадис” илми юзага келди. Бу илм ривоят қилинган хабарнинг тўғри ёки нотўғрилигини аниқлайди. Ҳадис тўғри бўлса, қай даражада тўғри, нотўғри бўлса, қай даражада нотўғри эканини яхшилаб баён қилиш қоидаларини ўз ичига олган. Бу илм туфайли дунёдаги хабар ва ривоятларнинг тўғрилигини аниқлашнинг энг ишончли услуб ва йўллари ишлаб чиқилди. Бу соҳада ҳам ҳозирги кунгача жуда кўплаб китоблар битилган. Шунингдек, ровийларнинг шахсини аниқлашда ҳам дастлаб оғзаки маълумотлар нақл қилиб юрилган бўлса, кейинчалик бу борада ҳам китоб ёзиб қолдириш расм бўлиб қолди.

Энди ҳадисларнинг маъно-мазмунларига эътибор берадиган бўлсак, инсон камолоти учун ижтимоий ҳаётда керак бўладиган барча саволларга жавоб топишимиз мумкин. Ҳатто баъзи ҳадислар ҳаётда шиор даражасигача кўтарилиб, халқимизнинг миллий қадриятларига айланиб улгурган. Кўпгина ҳадисга бағишланган асарларда кўрамизки, биринчи навбатда ёзилган ҳадис ният ҳақида бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: “Дарҳақиқат, барча амаллар ниятга яраша бўлғусидир”. Бу ҳадиснинг мазмуни ота-боболаримизнинг “ҳамма нарса дилу ниятга боғлиқ” нақлига айланиб қолган.

Яна бир ҳадис, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Фарз амалидан кейинги фарз амал, бу касб қилишдир”.

Машҳур авлиё ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг (1318–1389) таълимоти асосида “дил-ба ёру, даст-ба кор” яъни, “дилинг Худода ва қўлинг касбда бўлсин” деган шиор ётади. Бу шиорда юқорида зикр қилинган ҳадис билан мос келиб турибди. Чунки биринчи фарз амал ибодат қилиш Худо билан кўнгилни боғлаш. Кейинги асосий фазифа эса касб қилиш. Албатта, ижтимоий ҳаётда ҳар бир инсоннинг ўз касби ва даромад манбаи бўлиши, одамни тамагирлик иллатидан сақлайди ҳамда иқдисодий манфаат келтиришда катта эътиборга лойиқ.

Шунингдек, кўп асрлардан буён давом этиб келаётган “Арбаъин” ёки “Чил ҳадис” (“Қирқ ҳадис”) деб аталувчи ҳадислар тўплами ёзилиши анъанага айланиб қолган. Асарларда уламоларимиз инсон камолотига етакловчи ҳадисларни омматан халққа осон бўлиши учун танлаб олиб, назмий-насрий шаклларда ҳамда баъзиларига шарҳлар ҳам қўшиб ёзишган. Бу ҳақда Абдураҳмон Жомий (1414–1492), Алишер Навоий (1441–1501) кабиларнинг “Арбаъин” асарларини ёки ҳозирги кунда Маҳмуд Ҳасаний томонидан ёзилган “Нажот бўстони ёхуд ҳадислар гулистони” назмий асарини мисол тариқасида кўришимиз мумкин. Албатта, бундай ижод намуналари инсонларни ўз-ўзини идора этишга, яхши хислатларини кўпайтириб, ёмонларидан халос бўлишга чорлайди.

Қуръони каримнинг ҳеч бир ҳукми замонавий илмга тескари келмагани каби, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавсиялари ҳам бошқа соҳаларда бўлганидек, тиб илмига ҳам зид келмаяпти. Соғлик инсон ҳаётидаги энг муҳим ишлардан бўлиб, инсон саломатлиги учун ҳукуматимиз томонидан ҳам анча чора-тадбирлар йўлга қўйилган. Ҳозирги замонавий асбоб ускунлар борми, кўяверингки, инсон соғлиги учун керак бўладиган барча омилларга қаратилган. Булар қаторида ҳадис илмининг ўрни ҳам бор. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг табобатга оид айтган ҳадислари жуда кўп. Улар алоҳида тўплам бўлиб, “Тиб ан-Набий” номи билан машҳур. Бу ҳадислар илмий-амалий тадқиқ қилиниб, ҳаётга тадбиқ қилинса муолажа йўл-йўриқлари янада такомиллашади. Биламизки, ҳар бир дардни келишидан олдин уни олдини олган яхши. Тартибсиз озиқланиш эса ҳар қандай дардга чалинишга сабаб бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Инсоният тўлдирадиган идишларнинг ичида энг ёмони бу қорнидир. Унга бир-неча луқма ҳам қоматини тиклаб юришга етади. Агарда жуда яхшилаб егиси келиб қолса, қорнини бир бўлагини таомга, яна бир бўлагини ичимликка ва яна бир бўлагини нафас олишга қолдирсин”.

Ислом таълимотларини халқимизга етказиш билан бирга бош вазифалардан бири баъзи фирқа ва тоифаларга раддиялар берилиб, уларнинг даъволари нотўғри эканлигини баён қилишдир. Агар мазҳабимизда олинмаган ҳадислар келса, у ҳадисга қайси мазҳаб амал қилиши ва ҳанафий мазҳабида нима учун бу ҳадис олинмагани айтиб ўтилади. Ҳозирги кунда турли омилларга кўра, мусулмонлар ичида тарқалиб, кўпчиликнинг ташвишига сабаб бўлаётган масалалар ҳам ўрни келганда ҳужжат ва далиллар билан ҳақиқий шаръий ҳукми айтиб ўтилади. Ихтилофлар ноўрин эканлиги баён қилинади. Бу борада анча ишлар қилинган бўлса-да, масала долзарблигича қолмоқда.

Булар қаторида ҳадис тўпламларига ёзилган шарҳлар ҳам бирма-бир тадқиқот қилиниши керакки, ҳадисларнинг чуқур мазмун-моҳияти тушунилишига сабаб бўлади. Шунингдек, асар муаллифларининг шахсиятлари ҳамда яшаган даврлари ўрганилиб, тарихимизнинг очилмаган қирралари ойдинлашишига кўмак беради. Натижада, “ҳадисшунослик” йўналиши бўйича юқори малакали кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, ёшлар масалалари бўйича республика идоралараро кенгашининг 2018 йил 22 январдаги 1-сон мажлиси баёни билан тасдиқланган “Ўзбекистон  Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида ёшлар сиёсати соҳасида белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар Дастури”нинг 33-бандида “Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб берадиган, инсонларни эзгулик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик йўлида бирлашишга даъват этадиган ғоялар ўзида мужассам этган ҳадисларни ёшларнинг барча қатламларида кенг тарғиб қилиш мақсадида “Ҳадислар билимдони” республика танловини ташкил этиш” вазифаси юклатилган эди. Шунга кўра юртимизда танловнинг республика бўйича ҳудудий босқичи 4-5 май кунлари ўтказилди. Бу кўрилган чора-тадбирлар ҳам ҳадис илмини ривожлантиришда қўйилган биринчи қадамларнинг самараси деб билишимиз мумкин.

Мухтасар қилиб айтганда, ҳадис илми ривожига ҳисса қўшган минглаб улуғ уломаларнинг мероси тадқиқ этилади ҳамда башарият тамаддуни равнақига қўшилган буюк эзгу ишлардан бири бўлиб қолади. Зеро, бундай кенг кўламли ишларни бажаришда албатта, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда мактабларнинг ўрни беқиёсдир.

 

ЎзРФА ШИ илмий ходими ,

“Кўкалдош”  ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Эркин Миркомилов

 

 

What you can read next

Тавҳидни улуҳият ва рубубият тавҳидига бўлинишининг танқидий таҳлили
Тавҳидни улуҳият ва рубубият тавҳидига бўлинишининг танқидий таҳлили
“Қуръони карим ва тажвид” бўйича пуллик ўқув курсининг дастлабки босқич машғулотлари якунланди
“Қуръони карим ва тажвид” бўйича пуллик ўқув курсининг дастлабки босқич машғулотлари якунланди
ЖУМА МАСЖИДИ
Жума масжиди

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Mustaqillik — uluğ ne’mat

  • Kitoblar bilan muomala qiliş odoblari va ularni qölga kiritişga tarğib

  • ILM AMAL BILAN KAMOLGA YETADI

  • Ustoz va şogirdga umumiy bölgan odoblar

  • Kökaldoş madrasasida Xalqaro bağrikenglik kuniga bağışlangan “Zakovat” intellektual öyini taşkil etildi

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

БЎЛИМЛАР

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
  • Taʼlim
  • Kurslar
  • Qabul
  • Boğlaniş

Тезкор ҳаволалар

  • Qabul tartibi
  • Kiriş imtihonlari 2027-2028
  • Ötiş ballari
  • Topşirganlar soni
  • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
  • Tayyorlov kursi
  • 4 yillik öquv dasturi
  • Imtihon duolari

АЛОҚА

Тошкент 100208, Чилонзор тумани, Гулистон кўчаси, 37/1

+998 94 988 23 43

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

KökaldoşKökaldoş

Yandex xarita →Google xarita →

© 2018 - 2026. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
АОКА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

TOP