Бу дунёда инсон ҳар хил қайғу, ташвиш, мусибатларларга дучор бўлиши мумкин. Бу албатта табиий ҳолатдир. Мўъмин киши бу мусибатлар Аллоҳдан деб билиши, ҳамда унга сабр қилиб, савоб умиди қилиши лозим бўлади. Зеро, бу ташвиш, мусибатларнинг унга дучор бўлиш ҳикматини Аллоҳнинг ўзи билгувчидир. Шунга кўра, мусибатланган инсон бу борада айтилган шариъатимиз кўрсатмасини билиши ва унга амал қилиши лозимдир. Улар қуйидагилардан иборатдир:
1. Мусибатга учраган одам сабр қилиши. Чунки, мусибатга сабр қилиш Аллоҳ таолонинг амридир. Қуръони Каримда шундай дейилган:
“Эй, ўғилчам! Намозни тўкис адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил! Албатта, булар азиматли ишлардандир”. (Луқмон сураси, 17-оят)
Ушбу оятда Луқмони Ҳаким ўғлини ҳар бир мусулмон киши қилиши лозим бўлган амалларга буюряпти. Шунга кўра, мусибатларга сабр қилиш Аллоҳ таолонинг буйруғи бўлиб, ким бунга итоат этса савоб олади.
Бу ҳақида ҳадиси қудсийда шундай дейилган: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ: “Бандамни икки суюклиси билан синовга солсаму, у сабр қилса, икковининг эвазига унга жаннат бераман”, дейди, деганларини эшитдим. У зот икки кўзни назарда тутган эдилар[1]. Бухорий ривоят қилган.
2. Мусибат етган вақтнинг ўзидаёқ сабр қилиш. Инсоннинг бошига мусибат келган заҳоти сабрни лозим тутиши керак.Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қабр олдида йиғлаётган бир аёлнинг ёнидан ўтдиларда: “Аллоҳдан қўрқгин ва сабр қил”,– дедилар.У аёл у зотни танимасдан: “Мендан узоқ бўлинг, чунки, сизга менинг мусибатим етмаган”, деди. Ҳалиги аёлга: “У зот Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар”, дейишди. Аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшигига келди ва унинг олдида эшик оғаларини топмади, сўнгра: “Сизни танимабман”, деди. Шунда У Зот: “Албатта, сабр биринчи зарбададир”, дедилар”[2]. Бухорий ривоят қилган.
3. Аллоҳни ғазаблантирадиган ҳар бир нарсадан узоқ бўлиши. Бошига қайғу тушган киши дод-вой солиш, ношукрлик қилиш, одамларга шикоят қилиш, ўзига ўлим тилаш каби ношаръий ишларни қилишдан ўзини сақлаши керак. Зеро, бу каби ишлар сабабли Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлиши мумкин. Шунинг учун бу борада шариъатимиз кўрсатмасига амал қилишимиз лозим. Бу ҳақида қуйидаги ҳикматли шеър ҳам бор:
Мусибатни сабрла қаршила ҳар он,
Унга сабр қилиш энг маъқул чора.
Дод-войла мусибатинг қилма “дастурхон”,
Халойиққа Роббингдан арз-дод чикора
4. Мусибатга учраган киши истиржоъ айтиши ва дуо қилиши. Мусибатга учраган киши “иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи роожиъуун” деб, ҳақиқий сабр қилиши керак бўлади. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган.
“(Улар) ўзларига мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, Унга қайтувчимиз”, деганлардир. Ана ўшаларга Роббларидан салавотлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар, ўшларгина ҳидоят топганлардир”. (Бақара сураси, 156,157-оятлар)
Шунга кўра, мусибат етган киши чин ихлос билан истиржоъ айтадиган бўлса, унга Аллоҳнинг раҳмати ва мағфирати бўлади. Шунингдек, истиржоъ айтиш билан бирга, дуо ҳам қилиши керак. У чин ихлос билан дуо қилса, Аллоҳ таоло шу мусибат ўрнига яхши нарса ато қилади. Бу ҳақида ҳадисда шундай дейилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Умму Салама розияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирор бандага мусибат етса, “Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи роожиъуун, Аллооҳуммъажурнии фии мусиибатии ва ахлиф лии хойрон минҳаа” (Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, Аллоҳга қайтувчилармиз. Эй, Аллоҳим! Мусибатимда менга ажр бергин ва менга унинг ўрнига ундан яхшисини насиб қил) деса, Аллоҳ таоло унинг мусибатида унга ажр беради ва бунинг ўрнига ундан яхшисини насиб қилади”, дедилар.Абу Салама вафот этганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган нарсаларни айтиб юрдим. Аллоҳ менга унинг ўрнига ундан афзалини – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни насиб қилди[3]. Муслим ривоят қилган.
Демак, кимга мусибат етадиган бўлса, чин ихлос билан ушбу ҳадисдаги дуони айтадиган бўлса, Аллоҳ таоло у кишига ундан ҳам яхшироқ нарсани насиб қилади.
5. Мусибат етган киши шу мусибатнинг ҳикматини мулоҳаза қилиши.
Инсон ушбу мусибат учун шукр қилиши, ҳамда Аллоҳ таоло унга сабр қилиш неъматини бериб қўйганини ҳис қилиши лозим. Зеро, бу инсонда тақдирга рози бўлиш ва мусибатларга сабр қилиш хислатлари бўлмаганида, бу қийинчиликларга бардош бера олмас, ҳатто бу мусибатлар сабабли ўлиб қолиши ҳам мумкин эди. Шунга кўра, инсон доимо тафаккур қилиши ва ибратланиб яшаши керак экан.
6. Мусибатнинг Аллоҳнинг тақдири эканини эсга олиши. Мусибатга дучор бўлган киши, бу мусибат Аллоҳ таолонинг тақдири эканини ҳис қила олса, бу мусибатга сабр қилиши осонроқ бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
“Ер юзида ёки ўзларингизда бирор мусибат етса, уни яратишимиздан олдин албатта Китобда бўлур. Албатта, бу Аллоҳ учун осондир”. (Ҳадид сураси, 22-оят)
7. Мусибатдан кейин хурсандчилик бўлишини умид қилиши.
Бирор мусибатга учраган киши, сабр қилиши ва ундан кейин келадиган хурсандчиликка умид қилиши керак. Зеро, бу мусибатни берган Аллоҳ таоло, шу мусибатни кетказиб, ўрнига яхшиликларни беришга ҳам қодирдир. Ўзимизда бир ажойиб мақол бор: “Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ бўлади”. Шунинг учун, бошига мусибат тушган киши, яхшилик ва хурсандчилик бўлишидан умидини узмаслик керак. Чунки, қийинчилик билан енгиллик бирга бўлади. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:
“Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир.
Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”. (Шарҳ сураси, 5-6-оят)
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсон бошига тушган мусибатга сабр қилиб, юқоридаги кўрсатмаларга амал қилса, кўп яхшилик ва ажрга эга бўлади.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Мадаминов Шокиржон.
[1] Саҳиҳул Бухорий, 5653-ҳадис.
[2] Саҳиҳул Бухорий, 1283-ҳадис.
[3] Саҳиҳи Муслим, 1995-ҳадис.



![2olamSarvari Пайғамбар алайҳиссаломнинг хутба[1] қилишдаги одоблари](https://kukaldosh.uz/wp-content/uploads/2018/10/2olamSarvari-370x240_c.jpg)

