Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий Самарқанд яқинидаги қишлоқлардан бири Мотурид қишлоғида (ҳозирги Жомбой туманида) туғилган. Бу қишлоқ ҳозирда «Мотрит» деб аталади. Манбаларда айтилишича қишлоқнинг номи арабча «Мотурид» сўзидан олинган бўлиб, «нима демоқчисан», маъносидадир. Айтишларича, шайх Абу Мансур (раҳматуллоҳи алайҳ) калом илмига киришган вақтларида шогирдлари кўпайиб кетган ва улар ўзаро баҳс қилганларида бир-бирларига араб тилида кўпинча «Мо турид?» деб мурожаат қилганлар. Шу сўз кўпчилик қулоғига тез-тез чалинавергач, шайх шогирдларини мотуридийлар, қишлоқ номини эса Мотурид деб атай бошлаганлар. Насаблари пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг машҳур саҳобалари бўлмиш Абу Айюб ал-Ансорийга бориб тақалади. Бу нисбатни баъзи тарихчилар рад этганлар. Туғилган йиллари тўғрисида аниқ маълумот йуқ, лекин тахминий саналар берилган. Шайхнинг туғилган йиллари тахминан 238 хижрий йил дейиш мумкин. Бошқа бир манбада туғилган йилларини милодий 870 йил деб кўрсатилган»[1].
Мисрлик олим Маҳмуд Ҳамдий Зақзуқнинг «Мавсуъа ал-фирақ вал-мазоҳиб» номли китобида «Таржиҳ сўз шуки у зот 228-ҳижрийда туғилган» дейилган. Самарқандда ўсиб улғайиб, биринчи таълимни отасидан олган. Баъзи манбаларда Самарқанддаги «ал-Айзой» мадрасасида таълим олгани қайд этилган, Ҳанафий олим Абу Бакр Аҳмад ал-Жузжоний (раҳматуллоҳи алайҳ), Абу Наср Аҳмад Аббос ибн Иёз ибн Убодата ал-Ансорий Самарқандийдан усул ва фиқҳ илмини ўрганганлар. Рай шаҳри қозиси Муҳаммад ибн Муқотил ар-Розийга ҳам шогирд бўлгани, у зотни Райда таълим олганини билдиради. Яна устозларидан Нусайр ибн Яхё ал-Балхий, Абу Сулаймон Мусо ибн Сулаймон Жузжоний, (Имом Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳимга шогирд бўлган).
Муҳаммад ибн Фазл роҳматуллоҳи алайҳ (Имом Муҳаммад ибн Ҳасан (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг икки восита ила шогирди) каби олимлардан илм олган. Бу зотларнинг ҳаммалари Ҳанафий мазҳабининг етук уламоларидан ҳисобланадилар. Имом Абу Мансур Мотуридий (раҳматуллоҳи алайҳ) фуқаҳолар ва муҳаддислар даъват қилган нарсаларга чақирган. Мотуридия таълимоти дастлаб Мовароуннаҳрда тарқалган. У зотдан фиқҳ, усули фиқҳ, ва бошқа диний илмларни таълим олишган[2].
Имом Мотуридий «Хидоят имоми», «Хидоят байроғи», «Мусулмонлар ақидасини тўғриловчи» каби бир қанча номлар билан машҳур бўлган. Имом Абу Мансур Мотуридий Аҳли сунна вал жамоа эътиқодини нақлий ва ақлий далиллар билан шарҳлашда ислом оламида ном қозонган зотлардан биридир. Турли ботил ақидавий фирқалар кўпайганда соф ислом ақидасини тартиблаб чиқди. У зотнинг ишларини давом эттиришди ва шу тарзда мотуридия ақидавий мактаби шаклланди. Баьзилар даъво қилгани каби у зот янги ақида олиб келмаганлар. Балки аҳли сунна ақидасини жамлаб шарҳлаганлар. Бу ишда Имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг илмий меросидан унумли фойдаланганлар. Шу сабабли бу ақида мактаби асосан ҳанафийлардир. Хозирги кунда мусулмонлар оммасининг ярмидан кўпи мотуридия таълимотига мувофиқ эътиқод қиладилар.
(Давоми бор…)
Абдусатторий Абдуллоҳ, «Кўкалдош» ЎМИБЮ тарбиайчи-педагоги
[1] Шайх Абдулъазиз Мaнсур. Ақоид матнлари. – Тошкент, Тошкент ислом университети, 2006. – Б. 22.
[2] Муфтий Усмонхон Алимов. IX-XXI асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши. – Тошкент, Мовароуннаҳр, 2007. – Б. 26.






