Гўзал ахлоқ
Ҳазрат Навоийнинг муруввати нафақат фақиру мискинлар, талабалар ва илм аҳлига, балки барча жонзотга қаратилганини адибнинг замондоши ва шогирди тарихчи Хондамир алоҳида қаламга олган. «Макоримул ахлоқ» асарида Хондамир шундай воқелардан бирини келтириб ўтган.
«Бир куни ҳидоят насабли Амир (Алишер Навоий) аср намозини адо қилгандан сўнг, кундалик одатига қарши, намозда бўлмаганларни суриштиришга киришмай, тез суръат билан ўзининг хусусий боқчасига қараб йўлланди ва бирор жойда тўхтамасдан етиб борди. У чоқда Амир олдида бўлган одамлар ҳайрон бўлишди. Олий ҳазрат улардаги бундай фикрни англаб, гавҳар сочувчи тил билан шундай деди:
– Мен масжидга келаётганимда фалон жойда таҳорат олган эдим, намоз сафида турганимда елкамда бир чумоли кўрдим. Билдимки, таҳорат қилган жойда у менга илашган экан. Мабодо у менинг елкамдан тушиб, озор топса ва ўз уясининг йўлини тополмаса, шу сабабдан уволига қоларман, деб қўрқдим. Шунинг учун намоздан кейин тезлик билан таҳорат олган жойга бориб, уни уяси олдига қўйдим ва озор етказиш ташвишидан қутулдим.
Олий ҳазратнинг хизматидагилар бу ҳикояни эшитгач, унинг ғоят раҳмдиллигидан ҳайрат денгизига чўмдилар ва тилларини дуога ва раҳматлар айтишга очдилар».
Ғулом Бобожонов, «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти мударриси





