Мерос илми илмларнинг энг қадри баланд ва ажри буюк илм ҳисобланади. Чунки Аллоҳ субҳанаҳу таолони Ўзи меросни тақсимлаб берди. Уни тақсимотини бирор бир подшоҳга ва бирор пайғамбарга топшириб қўймади. Аллоҳ таоло ҳар бир мерос олувчилар учун иккидан бир, тўртдан бир, саккиздан бир, учдан икки, учдан бир, олтидан бир улушларни Нисо сурасининг аввали ва охирида муфассал баён қилди. Мана шу Нисо сурасида, мерос илмини “Фароиз”деб номлади ва Аллоҳ таоло, мерос тақсимотларини шариат асосларига кўра амалга оширганларга, остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни ваъда қилди. Аллоҳ Ўзи белгилаб қўйган мерос тақсимотини, ким ҳаддидан ошиб, камайтирса ё кўпайтирса ва ёки ҳақдорни меросдан маҳрум қилса, ёки ҳақдор бўлмаган кишига мерос берса, Аллоҳ таоло унга дўзахни ва аламли азобни ваъда қилди.
Аллоҳ таоло мерос ҳукмларини муфассал баён қилгандан сўнг ушбу ояти каримни марҳамат қилади:
تِلۡكَ حُدُودُ ٱللَّهِۚ وَمَن یُطِعِ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥ یُدۡخِلۡهُ جَنَّـٰتࣲ تَجۡرِی مِن تَحۡتِهَا ٱلۡأَنۡهَـٰرُ خَـٰلِدِینَ فِیهَاۚ وَذَ لِكَ ٱلۡفَوۡزُ ٱلۡعَظِیمُ. وَمَن یَعۡصِ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥ وَیَتَعَدَّ حُدُودَهُۥ یُدۡخِلۡهُ نَارًا خَـٰلِدًا فِیهَا وَلَهُۥ عَذَابٌ مُّهِینٌ.
“Ана шулар Аллоҳнинг ҳудуд (чегара)ларидир. Ким Аллоҳга ва Унинг расулига итоат этса, У Зот уни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатга абадий қолиш учун киритадир. Бу улкан ютуқдир. Ким Аллоҳга ва Унинг расулига исён қилса ва Унинг чегарасидан тажовуз қилса, У Зот уни абадий қолиш учун дўзахга киритадир. Ва унга хорловчи азоб бордир”. (Нисо сураси 13-14-оят).
Мерос илмини ўрганишимиз ва бу илм инсоният учун жуда зарур эканлиги борасида пайғамбаримиз Муҳаммад (сав)дан кўплаб ҳадислар ривоят қилинганки, қуйида улардан баъзиларни келтирамиз:
عن عبد الله بن عمرو بن العاص، أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: العلم ثلاثة، وما سوى ذلك فهو فضل: آية محكمة، أو سنة قائمة، أو فريضة عادلة.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Илм учта нарсададир, ундан бошқаси фазилатдир: Қатъий муҳкам оятларда илм бор, суннат қоимада (мутавотир ҳадисларда) ва адолатли меросда илм бордир”, дедилар”.
Ибн Можа ва Абу Довуд ривоят қилган.
عن ابن مسعود رضي الله عنه أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: » تعلموا الفرائض و علموها الناس فإني امرؤ مقبوض و إن العلم سيقبض و تظهر الفتن حتى يختلف اثنان في الفريضة فلا يجدان من يفصل بينهما «. رواه الإمام أحمد و الترمذي.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “фароиз илмини ўрганиб, уни инсонларга ўргатинглар, чунки менинг ҳам руҳим қабз қилиниб, фитналар зоҳир бўлади, ҳатто икки киши фариза (мерос) тўғрисида ихтилоф қилса, уларни ажрим қилиб берадиган одам топилмай қолади”, дедилар”.
Имом Аҳмад ва Термизий ривоят қилган.
عن أبي هريرة رضي الله عنه أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: » تعلموا الفرائض وعلموها، فإنها نصف العلم وهو ينسى، وهو أول علم ينزع من أمتي».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фароизни ўрганинглар ва уни ўргатинглар, чунки у илмнинг ярми, у унуттирилади ва у умматимдан суғуриб олинадиган биринчи илмдир”, дедилар”.
Ибн Можа ва Дароқутний ривоят қилганлар.
Бу ҳадисларда мерос илмини ўрганишга тарғиб бор ва уни ўргатишга қизиқтириш бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Фароиз, илмнинг ярмидир” деган сўзларининг маъноси борасида уламолар турлича шарҳлашганлар. Бир гуруҳ уламолар: “Ҳолат эътиборидан фароиз илми илмларнинг ярмидир, чунки инсон учун икки ҳолат бор, бири тириклик ҳолати, иккинчиси вафотлик ҳолати. Фароиз илми вафотлик ҳолатига тааллуқли илм ва қолган илмлар, ҳаётлик ҳолатига тааллуқдир”, дейишганлар. Баъзи уламолар: “Савоб эътиборидан фароиз илми илмларнинг ярмидир, чунки мерос борасида бир масалани ўрганган киши учун, юзта яхшилик (савоб) бор, бошқа илмлардан бир масалани ўрганган кишига ўнта яхшилик (савоб) бор”, деганлар.
Шунинг учун ҳам ислом уламолари бу илм хусусида доимо ташвишланиб эътибор қаратганлар ва бу илмни ўрганишга, уни музокара қилишга вақтларини сарфлашганлар. Натижада мерос қоидаларини осонлаштириб, алоҳида китоблар таълиф қилганлар. Уламолар бундай ишларни динга ҳурмат ўлароқ бажаришган ва улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мерос илмига тарғиб қилганликларини ва бу илмга ўта эҳтиёж борлигини яхши билишган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу “Фароиз илмини ўрганинглар, албатта у динингиздандир,” ва яна, “Агар сухбатлашсангиз фароиз хақида суҳбатлашинглар, агар вақтичоғлик қилмоқчи бўлсангиз камондан ўқ отиб вақтичоғлик қилинглар,” деганлар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳума Аллоҳ таолонинг:
إِلَّا تَفۡعَلُوهُ تَكُنْ فِتۡنَةٌ فِی ٱلۡأَرۡضِ وَ فَسَادٌ كَبِیرٌ.
“Агар (мазкур нарсани) қилмасангиз, ер юзида фитна ва катта фасод бўлади”, деган оятини, меросни Аллоҳ буюрганидик тақсимламасангиз, ер юзида фитна ва катта бузғунчилик бўлади” деб, тафсир қилганлар.
Абу Мусо Ашаърий розияллоҳу анҳу: “Қуръон ўқиб, лекин фароиздан бирор нарсани билмаган киши бошсиз бурнус кабидир”, деган.
Қарофий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бу илм мусулмон уммати учун фарзи кифоядир”, яъни фарзи кифоя, бир мусулмон жамоасининг баъзи кишилари бажариши билан бошқалар зиммасидан тушади. Аксинча фарзи кифояни ҳеч ким адо этмаса, барча гуноҳкор бўлади. Масалан, жаноза намозини ўқиш ёки бир шаҳарда баъзи кишилар мерос илмини яхши билиши, ўша шаҳар аҳлининг қолган кишиларидан соқит қилади.
Фароиз илмида асосан тўрт саҳоба, яъни Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Зайд ибн Собит ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумлар машҳур бўлишган. Саҳобалар мерос илмини тўлиқ қамраб олиб, бу ҳақида кўп мунозаралар, фикр алмашишлар қилишганлар. Ким бу илм билан кўп шуғулланса, албатта саҳобаларнинг йўлларини тутган бўлади.
Катта тобиенлардан Валид ибн Муслим тушларида бир боққа кириб, барча мевалардан ейдилар, илло оқ узумдан еёлмайдилар. Шунда бу тушлари таъбирини шайхлари Авзоиъй раҳимауллоҳдан сўрайдилар. Шайхлари Авзоиъй раҳимауллоҳ бу тушни таъбир қилиб, “Барча илмларга етасан, илло фароиз илми бундан мустасно, чунки мерос илми гўёки, оқ узум бошқа узумларнинг жавҳари бўлгани каби, илмларнинг жавҳаридир”, деганлар.
Бугун мусулмонлар бу илмга ўтган солиҳ-салафлардек эътибор беришлиги ва бу илмни ўрганмоқлиги лозим ва лобуддир. Бу фароиз илми умматдан кўтарилиб, инқирозга учраб кетмаслиги учун мусулмонлар бу илмга кўпроқ вақтларини ажратишлари, масжидларда ва баъзи йиғинларда мерос масалалари мавзусида дарслар ташкил қилишлари албатта мақсадга мувофиқ бўлади.
Иброҳим Эшниёзов
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси






