Рамазон ойи ойларнинг султонидир. Бу улуғ ва фазилатли ой бўлиб, бошқа ойлардан ажралиб туради. Рамазон ойининг фазилати жуда ҳам кўп бўлиб, баъзиларини санаб ўтамиз:
1. Бу ойда Қуръони Карим нозил бўлган. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:
شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآَنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ
“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”. (Бақара сураси, 185-оят).
Яна бир бошқа оятда шундай дейилган:
إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ
“Албатта, Биз у (Қуръон) ни Қадр кечасида нозил қилдик”. (Қадр сураси, 1-оят).
2. Бу ойда рўза тутиш фарз қилинди. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
“Эй иймон келтирганлар, сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Ушбу суранинг давомида шундай дейилган:
شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآَنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ…
“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин…”. (Бақара сураси, 185-оят).
Бу ойда рўза тутиш фарз бўлгани эътиборидан бу ой бошқа ойлардан фазилатли бўлди. Зеро, инсон рўза тутиш сабабли тақво, сабр, улкан ажрлар каби жуда кўп яхшиликларга эришади.
3. Бу ойда мингта ойдан яхшироқ бўлган Қадр кечаси бор. Бу кеча сабабли инсоннинг барча гуноҳлари мағфират қилинади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қадр кечасида иймон билан ва савоб умидида қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”. Муттафақун алайҳ.
Демак, “Қадр кечаси” нинг фазилати сабабли бу ой ҳам бошқа ойлардан афзал бўлди.
4. Рамазон ойида жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Рамазон (ойи) келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дарҳақиқат, сизларга Рамазон, муборак ой келди. Аллоҳ сизларга унинг рўзасини фарз қилди. Унда жаннат эшиклари очилади ва унда жаҳаннам эшиклари ёпилади. Унда шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхшироқ кеча бор. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум қилинса, батаҳқиҳ (барча яхшиликлардан) маҳрум қилинибди”, дедилар”. Аҳмад ривоят қилган.
5. Рўзадорлар учун жаннатга кириш учун алоҳида эшиклар бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатда бир эшик бор. У «Раййон» дейилади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. «Рўзадорлар қани? » дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киргач, у беркитилади. Кейин ҳеч ким кирмайди», дедилар». Бухорий ривоят қилган.
6. Рўза ва Қуръон қиёмат куни соҳибини шафоат қилади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Рўза ва Қуръон қиёмат куни бандани шафоат қилади. Рўза: “Эй, Роббим, мен унга кундуз куни таом ва шаҳватларни ман қилдим, унга менинг шафоатимни қабул қилгин”, дейди. Қуръон: “Мен уни кечасида уйқудан ман қилдим, унга шафоатимни қабул қилгин”, дейди. У зот: “Уларнинг шафоатлари қабул қилинади”, дедилар”. Аҳмад ривоят қилган.
7. Бу ой Қуръони Карим кўп тиловат қилиниб хатм қилинадиган ойдир. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: У киши айтдилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг кўп сахийликлари Рамазон ойида бўлар эди, чунки Жаброил алайҳиссалом Рамазон ойида то у чиқиб кетгунича ҳар кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи васаллам билан учрашар, у зот унга Қуръонни ўтказиб олар эдилар. Жаброил алайҳиссалом у зот билан учрашганда, у зот эсган шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар». Бухорий ривоят қилган.
8. Рамазон рўзаси сабабли тақводорлик зиёда бўлади. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
“Эй иймон келтирганлар, сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз” (Бақара сураси, 183-оят).
9. Бу ойда гуноҳлар мағфират қилинади: Ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қадр кечасида иймон билан, савоб умидида (ибодат билан) қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади. Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар». Бухорий ривоят қилган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу ойнинг фазилатлари жуда ҳам кўп бўлиб, барчасини санаб чиқадиган бўлсак, сўз кўпайиб кетади. Юқорида айтиб ўтилган фазилатлар бу ойнинг қандай улуғ ой эканига далолат қилиб турибди. Шундай экан, бу улуғ ойни ғанимат билайлик. Бу ойда гуноҳларимиздан покланиб, даражаларимизни юқори қилиб олайлик.
Мадаминов Шокиржон,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси,
Халқаро Ислом академияси Исломшунослик йўналиши 1-курс магистранти






