«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юртида “Қуръони карим ва тажвид” курси фаолият юритиб келмоқда. Ҳозирги кунгача давлатимиз берган бу имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда, мадраса раҳбарияти ва албатта устозларининг тинимсиз меҳнат, ҳамда саъй ҳаракатлари билан бу муассасадан минглаб тингловчилар Аллоҳ таолонинг улуғ Каломини мукаммал тўғри ўқишни ўрганиб чиқдилар.
Ана шундай тингловчилардан яна бир қанчаси бугун, 3 декабрь кунидан «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юртида «Қуръони карим ва тажвид» ўқув курсининг навбатдаги босқич машғулотларини бошлашди.





Йиғилишда “Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юрти «Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими» бошлиғи Абдулвоси Ғаниев, Матбуот котиби Рустам Охунжонов, Услубий бирлашмалари бўлими раҳбари Фарход Асатуллаев ҳамда тарбиячи Абдуллоҳ Абдусатторий қатнашдилар.
“Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юрти «Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими» бошлиғи А. Ғаниев ўқув курсининг тингловчиларига «Илм ва унинг одоблари» мавзусида маъруза қилиб, уларга ҳақиқий илм эгасига қандай одобларга эга бўлиши лозимлиги ҳақида зарур маълумотлар етказдилар.
Ундан ташқари А. Ғаниев ўқув курси тингловчиларининг тартиб — интизомга риоя қилишлари, ўз вақтида дарсга келишлари, белгиланган дарсларга мунтазам иштирок этишлари ва бошқа интизомга оид тавсияларни айтиб ўтди.
Йиғилиш якунида «Қуръони карим ва тажвид» ўқув курсининг навбатдаги босқич тингловчилари ҳаққига дуойи-хайрлар қилинди.
“Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юрти матбуот хизмати






