SIGN IN YOUR ACCOUNT TO HAVE ACCESS TO DIFFERENT FEATURES

FORGOT YOUR PASSWORD?

FORGOT YOUR DETAILS?

AAH, WAIT, I REMEMBER NOW!
KUKALDOSH.UZ
  • LOGIN

KUKALDOSH.UZ

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
    • Madrasa tarixi
    • Rahbariyat
    • Yotoqxona
    • Axborot-resurs markazi
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
    • Qurʼon ilmlari
    • Aqida
    • Fiqh
    • Tafsir
    • Hadis
    • Arab tili
    • Yurtimiz allomalari
    • Islom tarixi
    • Raddiyalar
    • Axloq va tarbiya
    • Bagʼrikenglik va jamiyat
    • Elektron kitoblar
  • Taʼlim
    • 4 yillik öquv dasturi
    • Ilm talab qilish odoblari
  • Kurslar
    • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
    • Tayyorlov kursi
  • Qabul
    • Qabul tartibi
    • Kiriş imtihonlari 2027-2028
    • Ötiş ballari
    • Topşirganlar soni
    • Imtihon duolari
  • Boğlaniş
Яхшилик ва ёмонлик
29.06.2024 / Bo‘limda Maqolalar

Яхшилик ва ёмонлик

عَنِ النَّوَّاسِ بْنِ سَمْعَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «البِرُّ حُسْنُ الْخُلُقِ، وَالإثْمُ مَا حَاكَ فِي نَفْسِكَ وَكَرِهْتَ أَنْ يَطَّلِعَ عَلَيْهِ النَّاسُ». (رواه مسلم).

وَعَنْ وَابِصَةَ بْنِ مَعْبَدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَتَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: «جِئْتَ تَسْأَلُ عَنِ الْبِرِّ؟» قُلْتُ: نَعَمْ. فَقَالَ: «اسْتَفْتِ قَلْبَكَ، الْبِرُّ مَا اطْمَأَنَّتْ إِلَيْهِ النَّفْسِ وَاطْمَأَنَّ إِلَيْهِ الْقَلْبُ، وَالإثْمُ مَا حَاكَ فِي النَّفْسُ وَتَرَدَّدَ فِي الصَّدْرِ وَإِنْ أَفْتَاكَ النَّاسُ وَأَفْتَوْكَ». (حديثٌ حَسَنٌ رُوِينَاهُ في مُسْنَدَيِ الإمَامَيْنِ: أحمدَ بنِ حنبلٍ، والدارميِّ بإسنادٍ حسنٍ).

Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Яхшилик бу ҳусни хулқдир. Гуноҳ эса кўнглинг хотиржам бўлмаган ва одамлар билиб қолишини истамайдиган ишингдир”. (Имом Муслим ривояти).

Вобиса ибн Маъбад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келдим. Шунда у зот: “Сен эзгулик ҳақида сўрагани келдингми?” – дедилар. “Ҳа!” – дедим. “Қалбингдан сўра! Нафсинг ва қалбинг хотиржам бўлган нарса эзгуликдир. Одамлар фатво бераверсалар ҳам ичингни ғаш қилиб, кўнглингга ўрнашмаган нарса гуноҳдир”, дедилар. (Имом Аҳмад ва Доримий ривояти).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтади: “Мазкур ҳадис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қисқа сўзларда улкан маъноларни ифодалашларига ёрқин мисолдир. Зеро, эзгулик калимаси барча хайрли ишлар ва яхши хислатларни ўз ичига олади”.

Гуноҳ калимаси эса барча катта-ю кичик ёмон амаллар ва одатларга тегишлидир. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик билан гуноҳ калималарини бир-бирига зид атамалар сифатида келтирдилар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Эзгуликнинг таърифи

Юқоридаги икки ҳадисда яхшилик лафзи икки хил шарҳланди. Бу ердаги ҳар хилликни бундай тушунмоқ лозим. Эзгулик калимаси мутлақ, яъни ҳеч қандай қайдсиз ишлатилганда, ундан қуйидаги икки маънонинг бири тушунилади:

а) Инсонларга яхшилик қилиш, улар билан чиройли муомалада бўлиш. Хусусан, ота-онага яхшилик қилиш алоҳида таъкидланади. Баҳз ибн Ҳаким отасидан, у бобосидан ривоят қилади: “Эй Аллоҳнинг Расули, кимга яхшилик қилишим керак?”, деб сўрадим. “Онангга!” – дедилар. “Кейин кимга?” – дедим. “Отангга!” – дедилар. “Кейин-чи?” – деб сўрадим. “Яқинларинг ва (ундан кейинги) яқинларингга!” – дедилар”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳаж вақтидаги энг яхши амал ҳақида сўрашганида: “Таом едирмоқ ва саломни ёймоқ!” – деб жавоб берган эди. (Имом Аҳмад ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Яхшилик жуда енгил нарса: очиқ юз ва ширин сўз”, дер эди.

Агар эзгулик калимаси тақво лафзи билан бирга келса, қуйидаги маънолар тушунилади:

Эзгулик – одамлар билан чиройли муомалада бўлмоқ; Тақво – Ҳақ таоло буйруқларини бажариб, қайтариқларидан йироқ юрмоқ.

Эзгулик – вожибларни адо этмоқ; Тақво – ҳаром ишлардан йироқлашмоқ. Бу икки лафз қуйидаги оятда ёнма-ён келган: “Эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз!”. (Моида сураси, 2-оят).

б) Яхшилик калимасидан барча ошкора ва пинҳон тоат амалларни адо этиш кўзда тутилади. “Юзларингизни машриқ ва мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, Охират кунига, фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига иймон келтирган, ўзи яхши кўриб туриб молини қариндош-уруғларига, етим-есирларга, мискин-бечораларга, йўловчи-мусофирларга, тиланчи-гадойларга ва қулларни озод қилиш учун берадиган, намозни тўкис адо қилиб, закотни берадиган киши, аҳдлашганда аҳдларига вафо қилувчилар, хусусан, оғир-енгил кунларда ва жангу жадал пайтида сабр-тоқат қилувчилар яхши кишилардир. Ана ўшалар чин иймонли кишилардир ва ана ўшалар асл тақводорлардир”. (Бақара сураси, 177-оят).

Демак, ушбу маънога кўра, яхшилик лафзи ичига Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ва Охират кунига иймон келтириш каби ботиний тоатлар ҳам, Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш, намоз ўқиш, закотни адо этиш, аҳдга вафодорлик, душман қаршисида сабот билан турмоқ, касаллик, йўқчилик каби тақдир синовларига сабр этмоқ сингари зоҳирий тоатлар ҳам киради.

2. Ҳақни таниш туғма хислатдир

“Нафсинг ва қалбинг хотиржам бўлган нарса эзгуликдир”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзлари инсон ҳақни таниш ва унга рози бўлиш табиати билан яратилганини кўрсатади. Соғлом табиат албатта ҳақни севадиган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳар бир туғилган гўдак Ислом фитратида дунёга келади”. Ҳадис ровийси Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу бундай дер эдилар: “Агар хоҳласангизлар, қуйидаги оятни ўқинг: “Аллоҳ инсонларни яратган табиий хилқатни сақлангиз”. (Рум сураси, 30-оят).

Иймон нури билан мунаввар бўлган соғлом қалб фақат Аллоҳ таоло зикри билан хотиржам бўлиши Қуръони каримда айтиб қўйилган. Шу боис, мўмин киши шубҳали ўринларда қалбига қулоқ тутади. Қалб хотиржам бўлса, ўша нарса яхшилик. Агар кўнгил тортмаса, шубҳали амал гуноҳ деб эътибор қилинади. “Огоҳ бўлингизким, Аллоҳ зикри билан қалблар ором олади”. (Раъд сураси, 28-оят).

3. Гуноҳнинг икки аломати

Гуноҳнинг ички ва ташқи аломати мавжуд:

а) Ички аломат: кўнгил ўзи хотиржам бўлмаган ишдан изтиробга тушади, қийналади ва ундан қочишни истайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Гуноҳ кўнглингиз хотиржам бўлмаган ишдир”. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар: “Гуноҳ – қалбларни тирнайдиган нарса!”

б) Ташқи аломат: инсон мусулмонлиги туфайли бир номаъқул ишини биродарлари кўриб қолишини истамайди. Бироқ бу ёқтирмаслик одатий эмас, диний ёқтирмаслик бўлади.

Кимда-ким ўзи ёки бировлар учун гуноҳ-савоблиги шубҳали бўлган ишларда мазкур икки аломатни учратса, бу гуноҳни таниб олиш мартабаларининг энг олийси ҳисобланади.

4. Берилган фатвони олиш ёки олмаслик

Мусулмон фарзанди кўнглига ўтирмаган, дили хотиржам бўлмаган фатвони олмаслиги лозим. Чунки фатво билан тақво бошқа-бошқа нарсалардир. Фатво берувчи зоҳирга қараб ҳукм чиқаради. Инсон ичидан ўтган нарсани ўзи яхши билади. Аллоҳ таоло қалбини очиб қўйган мўминлар бировларнинг шаръий далилсиз айтган фатволарини олишмайди. Имом Нававий айтадилар: “Пулининг аксарини ҳаромдан топган кимса сизга ҳадя юборса ва кўнглингиз ҳадянинг ҳалоллигига хотиржам бўлмаса, муфтийнинг “ҳадяни ейиш ҳалол” деган фатвоси шубҳани кетказмайди”.

Шунингдек, агар бир аёл сизга фалончи қиз билан эмикдош бўлганингизни айтса, лекин асос комил эмаслиги сабабли муфтий унинг никоҳини сизга ҳалол деб топса, мазкур фатво қалбдаги шубҳани йўқотмайди. Шу боис, одамлар фатво беришса-да, тақво қилмоқ лозим.

Аммо аниқ шаръий далил асосида чиқарилган фатво қалбга ўрнашиш-ўрнашмаслигидан қатъиназар, қабул қилинади. Сафар ёки касал ҳолатида рўза тутмаслик, мусофирнинг намозни қаср қилиб ўқиши каби шаръий рухсатлар бунга мисол бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баъзи буйруқлари саҳобаи киромлар кўнглига ўтирмагани боис, улар бу буйруқларни амалга оширишни хоҳлашмади ёки тўхтаб қолишди. Ҳудайбия сулҳига биноан қурбонлик қилиш учун олиб келинган жонлиқларни сўйиб, умрани тўхтатиш, Маккага кирмай қайтиб кетиш саҳобалар учун оғир туюлди. Албатта саҳобалар ихлосу иймонларининг кучлилигидан шундай ғайритабиий ҳолат содир бўлди. Булар барчаси уларнинг иймон ва ихлосини зиёда бўлиши учун қилинган эди. Бироқ очиқ ҳужжат қоим бўлган кезда ҳақиқий мўмин учун фақат Аллоҳ ва Расули ҳукмига бўйсуниш қолади, холос. (Саҳобаи киромлар мазкур воқеада кўнгилларига ёқмаса ҳам ўз билганларида туриб олишмади, Расулуллоҳнинг буйруқларига бўйсунишди).  “Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари бир ишни ҳукм қилганда ҳеч бир мўмин ва мўминада (уни бажариш ёки бажармаслик) ишларида ихтиёр бўлиши мумкин эмасдир”. (Аҳзоб сураси, 36-оят).

Мўминлар Аллоҳ ва Расулининг ҳар бир ҳукмини очиқ қалб ва тўла бўйсуниш билан қарши олмоқлари шарт. “Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, сизга тўла-тўкис таслим бўлмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар”. (Нисо сураси, 65-оят).

5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари.

Вобиса розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улкан мўъжизалари намоён бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Вобиса гапирмасдан туриб унинг дилидаги гапни айтиб бердилар. Вобиса разияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келар эканман, яхшилик ва ёмонлик ҳақида бирон нарсани ҳам қолдирмасдан сўраб олишни мақсад қилган эдим. Одамларни ёриб ўта бошладим. Улар: “Эй Вобиса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан четроқ тур”, – дейишди. Мен: “Мени ўтказиб юборинглар, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқинроқ борай. У зот мен яқин бўлишни истайдиган энг суюкли инсондир”, – дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яқинроқ кел, эй Вобиса!” – дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шунчалик яқинлашдимки, ҳатто тиззам у зотнинг тиззаларига тегиб турарди.

“Эй Вобиса! Мендан сўрамоқчи бўлган нарсангни айтайми?” – дедилар. “Айтинг, Эй Аллоҳнинг Расули!” – дедим.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бармоқларини бирлаштириб, улар билан кўксимга нуқиб, дедилар: “Эй Вобиса! Қалбингдан сўра! Нафсингдан сўра! Қалбинг ва нафсинг хотиржам бўлган нарса яхшиликдир. Одамлар фатво берса-да, ичингни ғаш қилиб, кўнглингга ўтирмаган нарса гуноҳдир”.

(Абу Нуайм ривояти).

6. Одамларни ўз ўринларига қўйиш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Вобиса разияллоҳу анҳунинг идрокига ишонганлари боис, уни қалбига, виждонига ҳавола қилдилар. Зеро, дили тоза, ақл-заковати ўткир бўлган солиҳ инсонлар бир нарсани идрок этишда янглишмайди. Бироқ қўпол табиатли, заиф идрокли бефарқ кимсаларга бундай жавоб берилмайди. Улар ўзлари учун зарур бўлган шаръий буйруқ ва қайтариқлар тўғрисида батафсил маълумот олишлари лозим.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чиройли йўриқлари шу ерда ўз аксини топган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кишилар билан уларнинг ақлларига яраша муомала қилардилар ва ҳар кимни ўз ўрнига қўйишга буюрардилар.

7. Энг гўзал ахлоқ

Шак-шубҳасиз энг гўзал, шарафли ва хайрли ахлоқ Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ахлоқларидир. Чунки у шариат ахлоқи эди. Аллоҳ таоло бандалари учун дастуруламал қилиб тайинлаган Қуръоний одоблар унда жамулжам бўлганди. Аллоҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни Қуръони каримда қуйидагича мақтаган: “Албатта сиз улуғ хулқ устидадирсиз!” (Қалам сураси, 3-оят).

Оиша розияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари Қуръон эди”.

Яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг китобидаги барча кўрсатмаларга сўзсиз бўйсунганлари, амал қилганлари учун Қуръон у зотнинг хулқларига айланиб қолганди.

8. Ҳар бир мусулмон фарзанди гўзал ахлоқлар билан хулқланишга интилмоғи лозим. Чунки ҳусни хулқ энг улуғ яхшиликдир.

9. Исломда қалбнинг мартабаси. Амал қилишдан олдин қалбдан сўралади.

10. Дин инсон виждонидаги терговчидир. Ожиз ақллар чиқарган қонунлар эса фақат ташқаридан ҳаракат қилади, холос.

11. Ислом инсонларни гуноҳга қўл уришдан тўсади.

Чунки ҳар ким ичидаги иймон номли қўриқчиси кузатувида бўлади. Бундай ишончли кузатувчи ҳеч вақт ғафлатда қолмайди. Ташқи назоратчиларга таяниб иш юритувчи қонунларни эса ғафлатда қолдириш ёки унинг таъсир доирасидан чиқиб кетиш у қадар қийин иш эмас.

(“Ал-вофий фи шарҳи арбаъин ан Нававий” китобидан).
Асадулло Холмуродов
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

What you can read next

ТАСБЕҲ ИШЛАТИШ БИДЪАТМИ?
Тасбеҳ ишлатиш бидъатми?
Хавориж тоифалар агар иқтидорга келсалар нима ишларни амалга оширадилар!?
Хавориж тоифалар агар иқтидорга келсалар нима ишларни амалга оширадилар!?
Таровеҳ намози неча ракъат ўқилади?
Таровеҳ намози неча ракъат ўқилади?

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Mustaqillik — uluğ ne’mat

  • Kitoblar bilan muomala qiliş odoblari va ularni qölga kiritişga tarğib

  • ILM AMAL BILAN KAMOLGA YETADI

  • Ustoz va şogirdga umumiy bölgan odoblar

  • Kökaldoş madrasasida Xalqaro bağrikenglik kuniga bağışlangan “Zakovat” intellektual öyini taşkil etildi

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

БЎЛИМЛАР

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
  • Taʼlim
  • Kurslar
  • Qabul
  • Boğlaniş

Тезкор ҳаволалар

  • Qabul tartibi
  • Kiriş imtihonlari 2027-2028
  • Ötiş ballari
  • Topşirganlar soni
  • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
  • Tayyorlov kursi
  • 4 yillik öquv dasturi
  • Imtihon duolari

АЛОҚА

Тошкент 100208, Чилонзор тумани, Гулистон кўчаси, 37/1

+998 94 988 23 43

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

KökaldoşKökaldoş

Yandex xarita →Google xarita →

© 2018 - 2026. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
АОКА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

TOP