Таровеҳ намози неча ракъат ўқилиши борасида уламолар ўртасида турли хил фикрлар бор. Ҳанафий, ҳанбалий, шофеийлардан иборат кўпчилик уламолар таровеҳ намозини 20 ракъат деб айтишади. Унга биноан, имом 20 ракаат ўқийди ва ҳар икки ракаатда салом беради. Ҳар тўрт ракаатдан кейин дам олинади. Таровеҳ ва витр намози жамоат бўлиб ўқилади.
Уларнинг бу борадаги далили Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Рамазон ойида хуфтондан кейин масжидда нафл намозлари ўқийдиган мусулмонларни битта имом орқасида жамлаганларидир. У зот бу учун Масжиди набавийда Убай ибн Каабни имом қилиб тайинлаганлар. Убай розияллоҳу анҳу таровеҳни 20 ракаат ўқир эдилар. Шу тариқа мусулмонлар ўртасида таровеҳ намозини 20 ракъат ўқиш одат бўлиб қолган.
Моликийларда эса таровеҳ намози 39 ракаат ҳисобланади.
Бу хилма-хилликнинг боиси қуйидагича. Макка аҳли Таровеҳ намозини ўқиш асносида ҳар тўрт ракъатдан сўнг истироҳат қилиб, узоқ қиёмда қадалиб турган оёқларига дам берар эдилар. Бу вақтда кимдир оғзини ҳўллайди, кимдир бироз чўзилади, яна кимдир бўш вақтни зикр-тасбеҳ билан тўлдиришни афзал билади. Уларнинг кўпчилиги бу фурсатни бошқа бир ибодат – тавоф билан ўтказишни хуш кўрадилар. Тавоф бу намоз сингари яхлит бир ибодат бўлиб, Каъбани етти марта айланиш билан якунига етади. Унинг савоби улуғ экани ҳақида ҳадислар бор. Шу Макка аҳли бир йўла истироҳат ва ибодатни бажо келтириш билан охиратга захира тўплашга интилганлар. Шу тахлит улар Таровеҳ намозлари орасида 4-5 марта тавоф учун ўринларидан қўзғалганлар. Мадина аҳли бу фазлга эришмоқни истасалар-да, ҳар 4 ракъатда тавоф қила олмасдилар, албатта. Улар Макка аҳли тавоф қилиб эришган даражага етиб олиш умидида ўзлари ўқийдиган тунги намозга маккаликларнинг ҳар тавофи учун 4 ракъатдан зиёда қилганлар. Ана шунда уларнинг Таровеҳ намозлари 36 ракъат бўлиб қолган. Сўнг 3 ракъат витр билан 39 ракъатга етган. Бу ерда салафларимизнинг ибодатга қанчалик ҳарис бўлганлари, яхшиликда бир-бирлари билан мусобақа қилганларига чиройли мисол бор.
Таровеҳ намозини 8 ракъатдан ошириш бидъат бўлади дейиш саҳоба ва тобеинларни ҳамда 4 мазҳаб аҳлини бидъатчи дейиш бўлади.
Аслида нафл намозлар намоз ўқувчининг рағбатига яраша чекловсиз исталганча адо этилиши мумкин. Таровеҳ намози ҳам нафл намозлар туркумига киради. Шундай экан, уни маълум бир ададдан оширишни тақиқлашга ҳожат йўқ. Ҳатто инсон жамоат билан Таровеҳ ўқиганидан кейин ҳам нафл намоз ўқиши мумкин. Бу амал фурсатдан унумли фойдаланиш ва савобларни кўпайтириш саналади. Шунингдек Таровеҳдан кейин жамоавий нафл намозлар ўқиш ҳам жоиздир, макруҳ эмас. Бу иш хоҳ Таровеҳдан кейин бирданига бўлсин, хоҳ бирор соат ўтказиб қилинсин, фарқи йўқ. Тунги намозларни витр намози билан тугатиш суннат ҳисобланади.
Аммо Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда ҳам Рамазондан бошқа вақтларда ҳам тунги намозларини 11 ракъатдан оширмас эдилар, дейилган-ку, деб эътироз билдирилса, унга жавоб шуки, у ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қандай ибодат қилишлари ҳақида гап кетяпти, намоз ракъатларининг рухсат берилган чегараси айтилмаяпти. Агар тунги намозларни 11 ракъатдан ошириш ножоиз бўлганида саҳобалар жамоат бўлган ҳолда бунинг зиддини қилмаган бўлардилар. Биз айтамизки, ҳақиқатан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам каби тунда саккиз ракъат намоз ўқиш 20 ракъат намоз ўқишдан афзал бўлади. Бироқ бу ўринда суннатнинг фақат бир томонини эмас, балки ҳар томонини баробар ушлаш керак бўлади. Таровеҳни 8 ракъатдан ортиқ ўқиш мумкин эмас, дейдиганлар суянадиган ҳадисга мурожаат қиламиз:
“Абу Салама ибн Абдураҳмон Оиша розияллоҳу анҳодан сўрадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазондаги намозлари қандай эди? Оиша онамиз айтдилар: “Рамазонда ҳам, Рамазондан бошқасида ҳам 11 ракъатдан зиёда қилмасдилар. 4 ракъат ўкир эдилар, уларнинг гўзаллиги ва узунлиги ҳақида сўрама. Сўнгра 4 ракъат ўқир эдилар уларнинг гўзаллиги ва узунлиги ҳақида сўрама. Сўнгра 3 ракъат ўқир эдилар…” (Бухорий ва Муслим ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни шунчалик узоқ ўқир эдиларки, намозлари туннинг катта қисмини банд қиларди. Баъзи вақтларда у кишига баъзи ёш саҳобалар иқтидо қилиб, намоз тугагунича толиқиб қолар эдилар. Саҳоба ва тобеинлар диннинг мазмун-моҳиятини чуқур тушунганлари учун тунги намозларни бу суратда ўқий олмайдиган кишилар қийналмайдиган шаклда намозни енгилроқ ва ракъатларини кўпроқ қилиб Таровеҳ суннатини татбиқ этганлар.
Абдуллоҳ Абдумавлонов
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси
3-курс толиби






