Ҳозирги кунда барча дунё мўмин-мусулмонларнинг нигоҳи муқаддас Маккаи мукаррама ва унга туташ Мино ҳамда Арафот водийсига қаратилган. Айни пайтда у ерда йиғилган ҳожилар улуғ Ҳаж ибодатини якунламоқдалар. Ўзбекистондан борган 15000 нафар юртдошимиз ҳам ҳаж ибодатини адо этдилар. Аввал хабар берганимиздек, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртидан билим юрти мудири Абдулҳаким қори Матқулов ҳамда билим юрти бўлим бошлиғи Жамшид Хамидов юртимиздан борган ҳожиларга хизмат қилиш учун муқаддас заминга жўнаб кетишган эди.



Табаррук ёшдаги нуронийларимиз ҳам муборак сафарда Ватанимиз тараққиёти, халқимиз равнақини сўраб Маккаи мукаррамада, Арафот ва Мино водийсида дуои хайрлар қилдилар. Шу қаторда Қуръони карим ва тажвидга ихтисослашган “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчи ва талабалари томонидан тайёрланган 500 та Хатми Қуръонлар Арафа куни ниҳоясига етказилди.
Билим юрти мудири Абдулҳаким қори Матқулов томонидан Хатми Қуръон савоблари ўтмишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича Қўмита тизимида хизмат қилиб ўтган барча марҳум ходимлар ҳамда азиз Ватанимиз ва муқаддас динимиз равнақи учун хизмат қилиб ўтган барча мутасаддилар, улар билан бир қаторда Юртбошимизнинг ота-оналарининг руҳига ҳам бағишланди.


Бундан ташқари ҳозирда Ватанимизда олиб борилаётган барча соҳадаги, хусусан диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар бошида турган ва кўплаб яхшиликларга сабаб бўлаётган юртбошимиз ҳақига, юртимиз тинчлиги, осойишталиги, халқимизнинг фаровон турмуши, фарзандларимизнинг камоли, тўю тантаналаримиз бардавом бўлишини сўраб дуои хайрлар қилди.
Айни вақтда ҳожиларимиз ўз қурбонликларини адо этиб, тош отиш маросимларида қатнашиб туришибди. Ундан кейин ҳожиларимиз Масжиди Ҳаромга қайтиб видолашув тавофларини бажарадилар. Шундан кейин ҳаж амаллари батамом ниҳоясига етиб ҳожиларимиз ватан сари юзланадилар.
Аллоҳ таолодан юртимиз ва бошқа юртлардан борган барча ҳожиларнинг ибодатлари ва хайрли дуоларини қабул қилишини, келгуси мавсумларда ушбу буюк ҳаж ибодатни адо этишни ният қилиб қўйган барча мусулмонларга бу улуғ неъматни инъом қилишини ҳамда ватандошларимиз ўз оилалари ва яқинлари бағрига эсон-омон етиб келишларини сўраб қоламиз!
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти Матбуот хизмати






