Еттинчи одоб – ичиш орасида тўхтаб нафас олиш.
Сув ичаётган киши учга бўлиб, ҳар бир ичиш орасида тўхтаб, нафас олиб, сўнгра ичиши керак. Бундай қилиб ичиш, инсоннинг чанқоғини яхши қондиради ва унинг жисмига фойдали бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган.
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَتَنَفَّسُ فِي الشَّرَابِ ثَلاثًا وَيَقُولُ:» إِنَّهُ أَرْوَى وَأَبْرَأُ وَأَمْرَأُ«. قَالَ أَنَسٌ: وَأَنَا أَتَنَفَّسُ فِي الإِنَاءِ ثَلاثًا. رَوَاهُ أَحْمَدُ.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичиладиган нарсада уч марта нафас олардилар ва: “Албатта, у чанқоқни босадиганроқ ва яхшироқ ва фойдалироқдир”, дер эдилар. Анас: “Мен ҳам идишда уч марта нафас оламан», деб айтди”. Аҳмад ривоят қилган.
Саккизинчи одоб – идиш ичига нафас олмаслик.
Ичимлик ичаётган киши идишнинг ичига нафас олиши яхши иш эмас. Шариъатимизда бу ишдан қайтарилган. Бунинг иллати шуки, идишнинг ичига нафас олишда, унга бурнидаги баъзи микроблар тушиб қолиши ва пиёз, чиснок каби ҳидли нарсаларни еган бўлса, унинг ҳиди сувга ҳам ўтиб қолиши мумкин. Идишда ортиб қолган сувни бошқа киши ичадиган бўлса, жирканиши мумкин. Шунинг учун, сувни бўлиб, бўлиб, орасида бемалол нафас олиб, ичишлик керак бўлади. Ҳадиси шарифда шундай дейилган.
عَنْ أَبِي قَتَادَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « إذَا شَرِبَ أَحَدُكُمْ فَلا يَتَنَفَّسْ فِي الإِنَاءِ ». مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз ичадиган бўлса, идиш ичига нафас олмасин”, дедилар”. Муттафақун алайҳ.
Тўққизинчи одоб – идиш ичига пуфламаслик.
Бу ҳам юқорида айтилган сувнинг ичига нафас олмаслик билан бир хил бўлиб, сувга оғиздаги кариҳ ҳидлар ўтиб қолиши мумкин. Кейинги ичадиган кишига азият беради. Ибн Ҳажар роҳматуллоҳи алайҳ: «Идиш ичига пуфлаш, идиш ичига нафас олишдан оғирроқдир», деган. Шунинг учун, сувни пуфламай, унга нафас олмай ичишга одат қилиш керак.
Ўнинчи одоб – нафас олишда идишни оғиздан узоқ қилиш.
Сув ичаётган киши нафас олган пайтида идишни оғзидан узоқроқ тутиши керак, чунки, юқорида айтилгани каби оғзидаги ёмон ҳидлар сувга ўтиб қолмасин. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган.
عنْ أبي سَعِيدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:» أَبِنِ الْقَدَحَ عَنْ فِيكَ ثُمَّ تَنَفَّسْ «. رَوَاهُ أَحْمَدُ.
Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Идишни оғзингдан узоқлаштир, сўнгра нафас ол”, дедилар”. Аҳмад ривоят қилган.
Ўн биринчи одоб – идишни оғзидан ичмаслик.
Сув ичмоқчи бўлган киши идишнинг оғзидан ичиши яхши амал эмас. Юқорида айтилгани каби, оғзидаги ёмон ҳидлар идишнинг оғзига ҳам ўтиб қолиши мумкин, натижада ундан бошқа шу идишдан сув ичмоқчи бўлган кишиларга азият бериши мумкин. Шу билан бирга идишнинг оғзига ари ёки чумолига ўхшаш нарсалар кириб олган бўлса, ичувчига зарар етказиб қўйишлари ҳам мумкин. Бундай қилиб сув ичишдан пайғамбаримиз алайҳиссалом қайтарганлар. Ҳадиси шарифда шундай дейилган.
عَنْ أََبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: نَهَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ يُشْرَبَ مِنْ فِيِّ السِّقَاءِ أَوْ القِرْبَةِ. مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мешкопнинг ёки мешнинг оғзидан ичилишидан қайтардилар”. Муттафақун алайҳ.
Ўн иккинчи одоб – ичишда исроф қилмаслик.
Шариъатимиз барча нарсаларда исрофга йўл қўйишни ҳаром санаган. Жумладан сув ичиш борасида ҳам, инсон эҳтиёжига керагини ичиши керак, ортиғи исроф бўлади. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:
“Шунингдек, еб–ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай” (Аъроф сураси, 31-оят).
Еб-ичишдаги исроф – қорин тўқ бўла туриб, устига яна таом ейиш, деган тафсир ҳам бор. Ҳорун ар-Рашиднинг бир насроний ҳозиқ табиби бор эди. У бир куни уламолардан Али ибн Ҳусайн ибн Воқидга: “Қуръон китобларингизда табобат хусусида ҳеч нарса йўқ. Ваҳоланки, илм икки хилдир. Бири – дин илми, иккинчиси – бадан, яъни тиб илми”, деганида, у жавобига: “Аллоҳ таоло табобатнинг ҳаммасини яримта оятга жойлаб қўйган”, – деб, мазкур оятни ўқиб берганида табиб: “Пайғамбарингиз бу хусусда ҳеч нима демаган”, – дебди. Шунда олим: “Аксинча. Ошқозон дард манбаи, парҳез – барча давонинг боши. Баданни унга мос нарса билан парвариш қил!” – деган ҳадисларини ўқиб берибди. Шунда табиб: “Китобингиз билан Пайғамбарингиз Жолинус ҳакимга табобатдан ҳеч нарса қолдирмабди”, – деган экан.[1].
Шунингдек, ҳадиси шарифда шундай дейилган.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: » الْمُؤْمِنُ يَأْكُلُ فِي مِعًى وَاحِدٍ وَالْكَافِرُ يَأْكُلُ فِي سَبْعَةِ أَمْعَاء« . رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши битта ошқозон билан ейди, кофир эса етти ошқозон билан ейди”, деганлар”. Муслим ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда мўъмин кишининг таомга ҳирси кам бўлиб, кам таом ейишлигини битта ошқозон билан ейди, деб киноя қилинмоқда. Кофир эса, таомга ўта ҳарис бўлиб, кўп овқат ейди, шунинг учун уни етти ошқозон билан ейди, деб киноя қилиняпти.
Ўн учинчи одоб – ичиб бўлгандан сўнг, Аллоҳга ҳамд айтиш.
Ичимлик ичувчи чанқоғини қондиргач, Аллоҳга шукр айтиши керак бўлади. Шукр айтиш – тил билан ҳамд айтиб, қалб билан уни эътироф қилиш билан бўлади. Шунга кўра, пайғамбаримиз таомланиш ва ичимлик ичгандан сўнг Аллоҳга ҳамд айтишга тарғиб қилганлар. Ҳадиси шарифда шундай дейилган.
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِىِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إذَا أَكَلَ أَوْ شَرِبَ قَالَ: « الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي أَطْعَمَنَا وَسَقَانَا وَجَعَلَنَا مُسْلِمِينَ ». رَوَاهُ أَحْمَدُ وَأَبُو دَاوُد وَالتِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَةْ.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (таом) есалар ёки (ичимлик) ичсалар, “Алҳамду лиллаҳиллазий атъаманаа ва сақонаа ва жаъаланаа муслимийн”, дер эдилар”. Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можалар ривоят қилган.
Маъноси: “Бизни едирган, суғорган ва мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин”.
Яна бир бошқа бир ҳадисда шундай дейилган.
عَنْ أَبِي أَيُّوبَ الْأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا أَكَلَ أَوْ شَرِبَ قَالَ: » الحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي أَطْعَمَ وَسَقَى وَسَوَّغَهُ وَجَعَلَ لَهُ مَخْرَجاً «. رَوَاهُ أَبُو دَاوُد.
Абу Аййуб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (таом) есалар ёки (ичимлик) ичсалар: “Едирган, суғорган, осон ютиладиган қилган ва унга чиқиш йўлини ҳам қилиб берган зотга ҳамдлар бўлсин”, дер эдилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
Шунингдек, инсон бир таомни егандан сўнг, Аллоҳга чин ихлос билан ҳамд айтса, ўтганги гуноҳларига каффорот бўлади. Бу ҳақида ҳадисда шундай дейилган.
عَنْ مُعَاذِ بْنِ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ أَكَلَ طَعَامَاً فَقَالَ: الحَمْدُ للهِ الَّذِي أَطْعَمَنِي هَذَا الطَّعَامَ وَرَزَقنِيْهِ مِنْ غَيْرِ حَوْلٍ مِنِّي وَلَا قُوَّةٍ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Муоз бин Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таом еганда: “Алҳамду лиллаҳиллазий атъаманий ҳазат тоама ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлин минний ва лаа қувватин” деса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Дуонинг маъноси: “Менга бу таомни едирган ва мендан ҳеч қандай ҳаракат ва куч-қувват сарф бўлмай уни менга ризқ қилиб берган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин”.
Шунингдек, банданинг айтган ҳамдлари Роббисини рози қилишга сабаб бўлади. Бу ҳақида ҳадис шарифда шундай дейилган.
عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُول اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: » إنَّ اللهَ لَيَرْضَى عَنِ العَبْدِ أَنْ يَأكُلَ الْأَكْلَةَ فَيَحْمَدَهُ عَلَيْهَا أَوْ يَشْرَبَ الشُّرْبَةَ فَيَحْمَدَهُ عَلَيْهَا «. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта таом егандан сўнг таом учун Аллоҳга ҳамд айтган ва ичимлик ичгандан сўнг ҳам ичимлик учун Унга ҳамд айтган бандадан Аллоҳ таоло рози бўлади”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси Мадаминов Шокиржон
[1]“Қуръони Карим маънолари таржимаси ва тафсири”, Шайх Абдулазиз Мансур





