Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида 2020-2024 йиллар мобайнида таълим олган талабаларнинг “Хатмона – 2024” битирув тадбири бўлиб ўтди.
“Хатмона – 2024” битирув тадбирига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов, Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов ва бошқа мартабали меҳмонлар ташриф буюрдилар.






Шу билан бирга, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида узоқ йиллар меҳнат қилган фахрий имом-хатиблар ва ходимлар ҳам таклиф этилди.
Тадбирга ташриф буюрган Жасур қори Қулбоев томонидан Қуръон карим тиловати қилингач, муфтий ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов дуо қилдилар.
“Хатмона-2024” тадбирини очиб бериш учун сўз “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири Абдулҳаким қори Матқуловга берилди.
Шундан сўнг, битирувчиларни табриклаш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг , муфтий ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов минбарга таклиф қилинди.
Навбатдаги сўз битирувчиларнинг табриклаш ва уларга таълим берган устозларга ўз миннатдорчиликларини билдириш учун хатмона кечасига ташриф буюрган қадрли ота-оналарга берилди. Улар мана шу тўрт йил мобайнида фарзандларига таълим берган устозларига қалб сўзларини изҳор этдилар.



Шундан сўнг, 2023-2024 ўқув йили давомида ўз фидокорона меҳнат қилган бир қатор мударрис ва ишчи – ходимлар ҳамда ўқиш давомида турли йўналишларда етакчи бўлган талабалар эътироф этилиб, мақтов ёрлиқлари топширилди.
Сўнг “Хатмона-2024” тадбирининг хурсандчилиги “Қуръон базмига марҳабо” номи билан ўтказилган қорилар мусобақаси шукуҳига уланиб кетди. Ушбу мусобақада билим юрти талабалари икки йўналиш “Мужаввидлик” ва “Мураттаблик” йўналишлари бўйича беллашишди. Мусобақада умумий ҳисобда жами ўн тўрт (тўрт нафари “Мужавидлик” йўналиши ва ўн нафари “Мураттаблик” йўналиши) нафар талаба қатнашди.







Иштироқчиларнинг Аллоҳнинг китобини қанчалик моҳирлик билан ўқишларини Жаҳонгир қори Неъматов, Ҳасан қори Абдулмажид, Аваз қори Давлетов, Абдулбосит қори Қобилов, Валихон қори Азимбоев ва Исмоил қори Қурбоновлардан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб бордилар.
Мусобақа жуда кўтаринки руҳда ўтди. Қориларнинг бир-биридан гўзал қироатлари қалбларга сурур бағишлади. Якуний натижаларга кўра, “Мужаввидлик” йўналиши бўйича 1- ўринни 3-курс талабаси Муҳаммадсолиҳ қори Эргашхўжаев эгаллади. “Мураттаблик” йўналишида 1-ўринга 2-курс талабаси Шукрулло қори Шуҳратбеков лойиқ деб топилди.
Шундан сўнг, ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Иккала йўналишда олий ўринни қайд этган мусобақа ғолибларга “Турон тур” сайёҳлик агентлиги томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.
Шунингдек, 9-май куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртининг Қуръони Каримни бир ўтиришда ёддан ўқиб берган талабаларининг оналарига шундай фарзандни вояга етказишда қилган меҳнатлари учун “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти томонида эсдалик совғалар тақдим этилди.
Шу билан бирга “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти раҳбарияти томонидан ҳакамлар ҳайъати ҳам қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Тадбир якунида барчамизга севимли устоз қори Ҳасан қори Абдулмажид мусобақада иштироқ этган барча қориларимиз ҳамда мадрасамиз талабаларининг келгусидаги илм таҳсиллари хайрли ва баракотли бўлиши тилаб, хайрли дуо қилиб бердилар.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти матбуот хизмати





