Аллоҳ таоло нимани хоҳласа, шу хоҳлаган нарсаси устидан хоҳлаган вақтида қасам ичиши мумкин. Ҳеч кимнинг буга эътироз билдиришга ҳақи йўқ. Чунки У Зот мутлоқ ихтиёр эгаси бўлиб, хоҳиш- иродаси рад этилмайди. Ҳеч қачон ва ҳеч вақт қилган ишлари ҳақида саволга тутилмайди. Балки инсон зоти қилган амаллари учун Унинг ҳузурида ҳисоб беради. Аллоҳ таоло қачон бирор нарсанинг номи билан қасам ичса, бу қасам ичилган нарсани улуғлаш ва шарафлашга далолат қилади. Аллоҳ азза ва жалла Қуръони каримда Набий алайҳиссаломнинг буюк шарафи билан қасам ичганини кўрамиз. Бундан мақсад у зотни эъзозлаш, у зотни улуғлаш ва умматлари наздидаги у зот қадрини янада кўтаришдир.
Биринчи мисол. Пайғамбаримизнинг номлари билан қасам ичилган ҳолатлардан бири Аллоҳ таолонинг: «Сенинг умринг билан қасамки, албатта, улар ўз сархушликларида тентирамоқдалар»[1], деган оятидир. Муфассирлар мазкур оятни шарҳлаганда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт муддати билан қасам ичилаётганига иттифоқ қилишган ва у: «Эй Муҳаммад, дунёда яшаб туриш муддатинг билан қасам», деганидир. Бу оят Аллоҳ таолонинг: «Аср билан қасам»[2] деган сўзига ҳам ўхшайди. Яъни, бу нубувват асри билан қасам, деган маънони беради. Яна бир маъносига кўра, бу дунёдан ўтганингдан кейин, Биз билан боқий қолишингга қасам деган маънони ҳам билдиради. Яна бир тафсирга кўра, яшашинг ёки ҳаётинг билан қасам, деганидир. Бу у зотни улуғлашнинг юқори даражаси, қадрлаш, эҳтиром кўрсатишнинг энг юксак намунасидир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Аллоҳ таоло Ўзи учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшироқ бирор жонни яратмаган, вужудга келтирмаган. Аллоҳ таоло шу пайғамбаридан бошқа ҳеч бир зотнинг ҳаёти билан қасам ичмаган. Чунки Пайғмбаримиз Аллоҳнинг ҳузурида махлуқотларнинг энг афзали ва қадрлисидир», дейди.
Иккинчи мисол. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари номи билан қасам ичиб: «Йасин. Қуръони Ҳаким билан қасам», дейди. «Йасин» сўзини муфассирлар турлича таъвил қилишган. Олдинги аксар муфассирлар ва кейинги бир гуруҳ муфассирлар суралар бошида келган ҳарфлар Аллоҳ таолонинг илмига хосдир, ундан нимани ирода қилинганини Аллоҳнинг ўзи билувчироқдир, дейишган. Баъзи муфассирлар: «Йасин» – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларидан биридир. Демак, Аллоҳ таоло бу ўринда набийси билан қасам ичган», дейишади. Набий алайҳиссалом: «Менинг Роббим ҳузурида ўнта исмим бор»[3] деб, «Тоҳа» ва «Йасин» исмларини ҳам шулар қаторида санаб ўтганлар. Абу Абдурраҳмон Суламий нақл қилган ривоятда Жаъфар Содиқ раҳматуллоҳи алайҳи: «Аллоҳ таоло Ўз Набийсига рамзий маънода «Эй Саййид» деб мулойим хитоб этишни ирода қилган», дейди. Шунинг учун Набий алайҳиссалом: «Мен Одам болаларининг саййидиман», деганлар. Бу сўзлари билан у зот ўзларини мақтамаганлар, балки Аллоҳ таолонинг «Йасин» деб мурожаат қилганини хабар берганлар, холос. Бошқа муфассирлар: «Йасин» ни «Эй Инсон ёки Эй Муҳаммад», деган маънони билдиради, дейишади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Йасин» – бу қасамдир», дейди. Аллоҳ таоло бу ўринда қасам ҳарфини тушириб қолдириб, қасам ичади ва ундан кейин қасамни яна бир қасам «Қуръони Ҳаким» билан қасам ичиш орқали таъкидлайди. «Албатта, сен пайғамбарлардандирсан», деган оят ҳам ўз навбатида Набий алайҳиссаломнинг пайғамбарлигини тасдиқлаш ва тўғри йўлда эканларига гувоҳлик бериш учун биринчи келган қасамга боғланади. «Йасин» Муҳаммад алайҳиссаломнинг исмлари, деган фикрга биноан Аллоҳ таоло у зотнинг номи ва Ўз Китоби – Қуръони Ҳаким билан қасам ичади. Пайғамбаримиз Аллоҳнинг ваҳийси билан юборилган пайғамбарлардан бўлиб, ҳақдан асло оғишмагани ва эгриликдан холи йўлда эканини хабар берган. Мулоҳаза қилиб кўрилса, Аллоҳ таоло олдинига Пайғамбаримиз номи билан қасам ичиб, ундан кейин «Қуръони Ҳаким ила қасам. Албатта, сен пайғамбарлардандирсан», дейди.
Учинчи мисол. Аллоҳ таолонинг: «Мана шу шаҳар билан қасам. Сен муқим турган бу шаҳар билан»[4] деган сўзидир. Мазкур ояти каримада Аллоҳ таоло «Мана шу шаҳар» – Маккаи Мукаррама билан қасам ичиб, эй Муҳаммад сен бу шаҳарга яъни, ҳарамга эҳромсиз киришинг ҳалолдир ёки сенга Макка фатҳи йилида унда қилган ишларинг ҳалолдир, дейди. Чунки Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Шурайҳ розияллоҳу анҳудан ривоят келтирган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло Маккани осмонлару ерни яратган кунда ҳаром қилди. Мендан олдин ҳам ҳеч кимга ҳалол қилинмаган ва кейин ҳам ҳеч кимга ҳалол қилинмайди. Фақат менгагина кундуздан бир соатда ҳалол қилинди. Сўнг яна ўзининг кечаги ҳаромлиги каби бугун ҳам (асл) ҳаромлигига қайтди» дейдилар. «Ла уқсиму» лафзидаги «ла» таъкид учун келиб, араб тилида кенг қўлланади ва адиблар наздида уни ажойиб услуб сифатида баҳоланади. Бизнингча, мазкур оятнинг умумий маъноси шундай: Аллоҳ таоло Макка номи билан қасам ичиб, унга Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг киришларини алоҳида таъкидлаб қўйди. Шу орқали у зотнинг фазли қанчалик улуғлиги, жойнинг шарафи шу жойдаги инсон шарафига қараб кўтарилишини ҳам билдирди. Айрим муфассирлар оятдаги «ла» ни зоида (маъно англатмайди), деган фикрни илгари суради. Тўғрироғи, «ла»ни зоида дейилмаган тақдирда ҳам маънода ўзгариш юз бермайди. Мужоҳид роҳматуллоҳи алайҳ: «Ла» (йўқ) ни олдинги жумланинг инкори учун келганини инобатга олинса, иш гумон қилувчилар ўйлагандек эмас, деган маънони уқиш мумкин. Ундан кейин келган «уқсиму» (қасам ичаман) сўзи қасамнинг тасдиғи учун келган», дейди.
Тўртинчи мисол. Баъзи муфассирлар айрим суралар бошида келган «ҳарфлар» ни Аллоҳ таолонинг Ўз Набийси билан қасам ичиши, деб изоҳлайдилар. Мисол тариқасида Бақара сурасининг биринчи ояти: «Алиф. Лам. Мим. Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир», деган лафзлар билан бошланишини Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Бу ҳарфлар қасамлардир. Аллоҳ таоло шу орқали Ўзининг исмлари, Росулининг сифатларига ишора қилиб, рамзий йўл билан қасам ичган. Шу маънода «алиф» Аллоҳга ва «мийм» Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ишорадир», дейди. Бундан ташқари, «Қоф. Улуғ Қуръон билан қасам»[5], деган оятдаги «қоф» ҳарфи баъзи муфассирлар наздида, Аллоҳ таоло ҳабиби Муҳаммад алайҳиссаломнинг қалб қуввати билан қасам ичганига далолат қилади. Чунки у зотнинг қалби Роббисидан тушган ваҳийни қабул қилиб олишга кучли салоҳияти ва руҳий қуввати боис пайғамбарлик юкини кўтаришга қодир бўлди.
Аллоҳ таолонинг: «Ботаётган юлдуз билан қасам»[6] ояти ҳақида Жаъфар Содиқ роҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди: «Ботаётган юлдуз»- Муҳаммад алайҳиссаломдир. Чунки, у зот улкан ва энг ёруғ юлдуздир. Аллоҳ таолонинг: «Қачонки ботса» деган сўзидан олий мақомга кўтарилса ёки Аллоҳдан бошқага боғланишдан воз кечса, деган маъно англади». Ибн Ато «Фажр билан қасам. Ва ўн кеча билан қасам», деган оятдаги «фажр» сўзи оқизмоқ, юзага чиқмоқ каби маъноларни билдиришини келтириб, «Фажр»ни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, деб таъвил қилади. Чунки, у зотдан иймон оқиб чиқди. Яъни, комил эътиқод у зот орқали қарор топди. Қуръон нозил бўлиши билан у зотдан илм-ирфон юзага чиқди», деган. Муфассирлар наздида машҳур қавлга кўра, фажр – тонг, ўн кеча – зулҳижжа ойининг ўн кунидир. Шу ва бошқа мисоллар айрим ҳолларда қатъий бўлмаса-да, Пайғамбаримизнинг қадри, даражалари улуғлигини исботлаб, кўратиб беришга далил бўла олади. Бинобарин, қасам оддий маънони ифодалаб қолмай, балки қасам ичилган нарсанинг нақадар эътиборли эканини таъкидлаш ва тасдиқлаш учун келтирилади. (давоми бор)
[1] Ҳижр сураси, 72-оят.
[2] Аср сураси, 1-оят.
[3] Абу Нуъайм «Далоилун Нубувва» да ва Ибн Мардувайҳ «Тафсир»ида Абу Туфайлдан ривоят қилган.
[4] Балад сураси, 1-2-оятлар.
[5] Қоф сураси, 1-оят.
[6] Нажм сураси, 1-оят.