Рамозон рўзаси фазилати ва мукофатининг зиёда бўлиши рўзанинг суннатларини риоя қилиш билан бўлади. Рамазонда бир нечта суннатлари бор, улардан бири саҳарлик қилиш.
عن أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: تَسَحَّرُوا فَإِنَّ فِي السَّحُورِ بَرَكَةً رواه البخاري ومسلم.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бор”, -дедилар”.
Саҳарлик қилиш суннат, унда Набий соллоллоҳу алайҳи васалламга эргашиш бор. Саҳарлик қилишда барака бор. Саҳарлик қилиш билан рўзадор кун бўйи рўза тутиш билан бирга ўз вақтида намозларни ўқийди ва қуръон тиловат қилади. Оч кишида мазкур кундизги ибодатларни бажаришда ҳолсизланиш бўлади. Инсон саҳарлик қилиш билан рўза тутишни ва ундан бошқа ибодатлар учун куч-қувват ҳосил қилишни ният қилади.
Саҳарлик қилишда муайян бир таом ёки ичимлик таъйин қилинмаган, балки ҳар ким одат қилган ва топган нарсаси билан саҳарлик қилиши мумкин. Оз бўлса ҳам бирор нарса ейиш билан саҳарлик ҳосил бўлади.
عَنْ جَابِرٍ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ أَرَادَ أَنْ يَصُومَ فَلْيَتَسَحَّرْ بِشَيْءٍ رواه أحمد
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўза тутишни ирода қилса, бирор нарса билан саҳарлик қилсин”, -дедилар.
Мазкур ҳадисда Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам бирор нарса билан саҳарлик қилишга буюрмоқдалар. Бошқа ҳадисда хурмо билан саҳарлик қилишни мақтаганлар.
وعن أبي هريرة رض الله عنه قال: قال رسول الله ﷺ: نعم سحور المؤمن التمر رواه أبو داوود
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг саҳарлик таомининг яхшиси ҳурмодир”, –дейдилар.
Хурмо Мадина аҳлининг доимий урф бўлган таоми, унда куп фазилат бор. Шу билан бирга ёлғиз хурмонинг ўзи билан саҳарлик қилишда содда ҳаёт бор.
Саҳарлик қилиш туннинг ярмидан кейин тонггача бўлган вақт оралиғида таомланишдир. Саҳарликни кечиктириш саҳарликнинг ичидаги яна бир суннат амал. Аммо, “Тонг отди” деган гумон пайдо бўлган вақтда саҳарлик қилиш макруҳ бўлади. Чунки, ҳақитатда тонг отганлиги маълум бўлса, у куннинг қазо вожиб бўлади. Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам саҳарликдан кейин бомдод намозининг озонигача таҳажжуд намозини ўқир эдилар.
عَنْ زَيْدِ بْنِ ثَابِتٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: تَسَحَّرْنَا مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ثُمَّ قَامَ إِلَى الصَّلَاةِ قُلْتُ كَمْ كَانَ بَيْنَ الْأَذَانِ وَالسَّحُورِ قَالَ قَدْرُ خَمْسِينَ آيَةً رواه البخاري ومسلم
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу “Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга саҳарлик қилдик. Кейин у зот намозга турдилар”,- деди. Мен (Анас ибн Молик): “Саҳарлик билан азоннинг ораси қанча эди?”, -дедим. У (Зайд ибн Собит): “Эллик оят ўқиш миқдорича”, -деди.
Ҳа, Набий соллоллоҳу алайҳи васалламда ҳаммага намуна бор. Ҳали тонг отмасдан саҳар вақтида намоз ўқиш энг улуғ нафл ибодат. Саҳарлик қилишда бу нафл ибодатни ҳам одат қилинса, фазилат устига фазилат бўлади.
Жалолиддин Холмўминов, “Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти мударриси





