5. Ҳеч бирингиз бошқа бировнинг савдоси устидан савдо қилмангиз!
Бу ҳақда кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мўмин кишига биродари савдоси устидан савдо қилиш ҳалол эмас”. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Яъни, энди бирон нарса сотиб олган кишига “Молини қайтиб бер! Сенга худди шу пулга бундан яхшироғини сотаман” ёки “Арзон бераман!”, деб ўртадаги савдони бузиш мумкин эмас. Сотувчига “Сотган молингни қайтиб ол! Мен қимматроққа сотиб оламан!” деб савдони аксинча бузиш ҳам билиттифоқ ҳаром…
Хуллас, сотувчи ёки харидорни йўлдан уриб, савдо устига савдо қилмоқ ҳаромдир.
Имом Нававий айтадилар: “Савдо-сотиқда бундай йўл тутмоқ гуноҳ ва қайтарилган ишдир”. Бироқ кимдир ана шу ножоиз ишга қўл уриб, сотса ёки олса, Шофеий, Абу Ҳанифа ва бошқа фақиҳлар наздида савдо битими кучга киради. Довуд Зоҳирий сўзига кўра савдо битими эътиборга олинмайди. Имом Моликдан бундай савдо ўтади ва ўтмайди, деган маънодаги икки хил ривоят келган.
Юқоридаги сўзлар савдо амалга ошгандан кейинги ҳолатга тегишли эди. Аммо икки киши ўзаро савдолашиб, гапни бир жойга қўйганларидан кейин ҳали олди‑берди қилмаган бўлсалар‑у, бошқа биров четдан келиб, сотувчига “Молингни мен қимматроққа сотиб оламан” деб ёки харидорга “Сенга бундан яхшироқ молни арзонроққа сотаман”, деб, уларни айнитиши ҳам ҳаромдир. Бу борада сотувчи ёки олувчининг мўмин ё кофир бўлишининг фарқи йўқ. Чунки бу аҳд ва зиммага вафо қилиш масаласидир.
Юқоридаги ҳолатларда бировларга зарар ва озор етказилгани боис ҳаром ҳукми берилган. Аммо ким ошди савдоси жоиздир. Чунки у ҳали ҳеч ким билан келишиб қўймаган ҳолда қимматроқ пул таклиф қилган кишига молни сотишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нарсани сотмоқчи бўлиб: “Ким кўпроқ тўлайди?” деганлар.
Асадулло Холмуродов
«Кўкалдош» ўрта-махсус ислом билим юрти мударриси






