Аллоҳга шерик келтириш ширк деб номланади. Ширкнинг 3 тури бўлиб, ҳар учтаси куфрдир, инсонни диндан чиқаради. Огоҳ бўлинг-ки, ширкнинг бу 3 туридан биронтасига эътиқод қилсангиз диндан чиққан бўласиз.
لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ
Лаа илааҳа иллаллооҳу ваҳдаҳу лаа шариика лаҳ.
“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У Ягонадир, Унинг шериги йўқ!”
Ширкнинг 1-тури: зотда шерик келтириш. Яъни, оламни яратувчи зот биттадан кўп дейиш. Мажусийлар каби. Улар дунёнинг 2 яратувчиси бор: яхшилик яратувчиси ва ёмонлик яратувчиси бор дейдилар.
Сон-саноқсиз яратувчилар бор дейдиган қадимги юнон, рим, мисрликлар ҳам ширкнинг шу турида. Унутманг, бутун борлиқни, яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам Яратувчи Зот ягона!
2-тур: Ибодатга ҳақдорликда шерик келтириш. Яъни, Аллоҳдан бошқа зотга ибодат қилиш, уни ибодатга лойиқ деб билиш. Араб мушриклари каби. Улар яратувчи Аллоҳ деб туриб Ундан бошқа бут-санамларни ҳам илоҳ тутиб уларга ибодат қилишган.
Унутманг! Ибодатга лойиқ Илоҳ ягона, У ҳам бўлса Аллоҳ! 3-тур: сурат, жисм ва сифатларда шерик келтириш. Яъни, Аллоҳ ҳам одамга ўхшаш кўринишда дея, жисми, аъзолари бор, юради, ўтиради, туради каби сифатлар бериш.
Бундай ширкка яҳудийлар ва уларга эргашган мушаббиҳа, мужассима ва карромиялардир. Улар Аллоҳнинг жисми бор, аъзолари бор, аршида қарор топган, бир жойдан бошқа жойга кўчади дейишади.
Кўриб турганингиздек, ширк фақатгина “Худо иккита ёки кўпроқ” дейиш билангина бўлмайди! Аллоҳдан бошқасига ибодат қилиш ҳам, Аллоҳни бандасига ёки бошқа бирон нарсага ўхшатиш ёки яралган нарсалар каби сифатлаш билан ҳам бўлади.
Ширкни бу 3 турга бўлиш фақат ташхис учун, ҳудди ўлган одам нимадан ўлганини аниқлаш каби. Ҳукмда эса барчаси бир хил: Куфр, булар орқали инсон диндан чиқади!
“Аллоҳ улар ширк келтираётган нарсалардан покдир!” (Ҳашр 23)
“Аллоҳ улар сифатлаган нарсалардан покдир” (Соффат 159) “У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир!” (Шууро 11)
Ирисмуҳаммадий Муҳаммадсодиқ
Кўкалдош ЎМИБЮ 3-курс талабаси





