Маҳмуд Замахшарий (1075-1144) тилшуносликнинг барча соҳалари, хусусан унинг грамматика, адабиёт, балоғат, аруз сингари йўналишлари бўйича дунё тан олган устоз, шунингдек, тафсир, ҳадис ва фиқҳ соҳалари бўйича етук аллома ҳисобланади. Замахшарий меросида фиқҳ, яъни ислом ҳуқуқига бағишланган асарлар мавжудлиги унинг мазкур соҳа тараққиётидаги ўрнини белгилаб беради. Аллома таълиф этган 70дан ортиқ асарнинг[1] олтитаси фиқҳ соҳасига тегишли ва улардан фақат “Руусул-масаил”гина бизгача етиб келган бўлиб, у исломдаги мазҳабларни ўрганиш борасида муҳим қўлланмадир.
Фиқҳ ва ундаги йўналишлар моҳиятини яхши англаган Маҳмуд Замахшарий ҳанафий мазҳабининг намояндасидир ва фиқҳ соҳасида унинг Имом Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит (699-767) асос солган мазҳабга мансуб экани ўз исботини топган. Буни қуйидаги беш омил билан изоҳлаш мумкин:
- Библиографик асарларда Замахшарийнинг ҳанафий мазҳаби вакили сифатида эътироф этилиши.
- Аллома илмий меросига бағишланган тадқиқотларда ҳам фаолиятидаги мазкур жиҳатнинг тан олиниши.
- Замахшарий таълиф этган “Кашшоф” тафсирида ва “Руусул-масаил” асарида Абу Ҳанифа ва унинг шогирдлари қарашларига устувор мақом берилгани
- Алломага устозлик қилган фақиҳлар ва унинг шогирдлари асосан ҳанафийликка мансублиги
- Маҳмуд Замаҳшарийнинг ўзи ҳанафий мазҳабида эканидан фахрлангани.
Маҳмуд Замахшарий ҳанафий мазҳаби вакили бўлганидан фахрланган ва бу турли давр тарихчилари томонидан ёзилган асарлардан қайд этилган. Алломанинг бир қанча асарларини тадқиқ этиб, нашр этган доктор Баҳийжа Боқир ал-Ҳасаний машҳур муаррих Ибн Халликоннинг “Вафаётул-аъён”идан, доктор Абдуллоҳ Назир Аҳмад эса Мисрлик олим Аҳмад Муҳаммад Ал-Ҳуфийнинг “Аз-Замахшарий” асаридан Замахшарий қаламига мансуб қуйидаги назмни нақл қилишган:
و أسند ديني و اعــتـقــادي و مـــذهــــبي
إلى حـنـــفاء اختـــــارهـــم حـنــــائــــفا
حـنـيـفـيـة أديــــانـهـم حـــــــنــفــــيــــــة
مـذاهـبـهـم لا يــبــتــغـون الـزعانـفــــــا
“Дину эътиқодимни, маслаку мазҳабимни
Ҳанафийларга боғладим, уларни ихтиёр этдим.
Диёнатлари ҳақиқий, мазҳаблари ҳанафий
Машаққатни талаб этмас, йўлларидан равон кетдим[2].
Юқоридаги маълумотлар заминида Маҳмуд Замахшарий нафақат фиқҳ борасидаҳанафий мазҳабига мансуб бўлган, деган хулоса ётади. Мазҳабсизлик ғояси мусулмон олами учун энг катта таҳдидлардан бирига айланган ҳозирги даврда “Хоразм фахри”, “Дунё устози” деган шарафли номга сазовор бўлган Замахшарий каби алломалар ҳам суннийлик мазҳабларидан бирига мансуб бўлганини тадқиқ этиш жаҳолат ва билимсизлик туфайли юзага келаётган турли зиддиятларга барҳам беришда, кишилар ўртасидаги бирдамлик ва жамиятдаги барқарорликни муҳофаза этишда долзарбдир.
Кўкалдош ислом ўрта махсус билим юрти
4-курс талабаси Раҳматуллоҳ Саиджалолов
[1] З.Исломов, С.Саиджалолов. Маҳмуд Замахшарий ва фиқҳ илми. Т.: “Мовароуннаҳр”, 2011.-Б 8
[2] Аҳмад Муҳаммад ал-Хуфий. Аз-Замахшарий. –Қоҳира: Ал-ҳайъа ал-мисрия ал-амма лил-китоб.1980. -Б. 91.






