Аллоҳга шукрлар бўлсинки, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Ҳамма ўзининг ишига, ўқишига хотиржам, ҳеч нарсадан хавотир қилмай бориб келаяпти. Лекин мана шундай тинчликни қадрига етмай турли хил жиноятларни амалга ошираётган юртдошларимиз ҳам йўқ эмас. Бундай юртдошларимизнинг аксарини ёшлар ташкил қилиши эса бизларни ташвишга солмай қўймайди. Улар бир-бириларини ҳақоратлаб, урушиб, бир-бирларини пичоқлаб қўйишгача боришлари жуда ачинарли ҳол. Ҳўш, уларни бунга нима мажбур қилаяпти экан?! Бундай ишларни содир бўлишига нима сабаб бўлаяпти экан?! Албатта бунга илмсизлик, маънавиятсизлик, бировни ўлдиришни гуноҳини англамаслик сабаб бўлаяпти. Шунинг учун ҳам биз бир жонни ноҳақ ўлдиришнинг аянчли оқибатлари ҳақида сўз юритишга қарор қилдик, токи ёшларимиз бунинг оқибатларини, гуноҳини англаб етсинлар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, гўёки ҳамма инсонларни ўлдиргандай бўлибди” (Моида, 32).
Бу ояти каримадан одам ўлдириш улкан гуноҳлар сирасидан эканлиги кўриниб турибди. Шунинг учун ҳам уламоларимиз, ҳусусан, Имом Заҳабий ўзларининг “Кабоир” китобларида одам ўлдиришни гуноҳи кабиралардан эканлигини баён қилиб, уни “Аллоҳга ширк келтириш” бобидан кейинги ўринда зикр қилганлар. Бундай гуноҳнинг жазоси ҳам кичик бўлмайди, албатта! Бунга қуйидаги ояти карима ҳам далолат қилиб турибди:
“Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва унга улкан азобни тайёрлагандир.” (Нисо, 93)
Бир мусулмонни ўлдириш Аллоҳ таолонинг наздида шундай бир катта гуноҳ ишки, бунга бериладиган жазо ҳам улкан бўлади. Яъни бир мусулмонни ўлдирган киши дунё-ю, охиратда барака топмайди. Балки, буни акси ўлароқ юқорида оятда баён қилинган уқубатларга дучор бўлади.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам гуноҳи кабираларни баён қилиб, шундай деганлар:
“Аллоҳга ширк келтириш, бир жонни ўлдириш, ота-онага оқ бўлиш энг катта гуноҳи кабиралар сирасидандир” .
Бу борадаги оят ва ҳадисларнинг аксарига назар соладиган бўлсак, лафзлар умумий келтирилганига гувоҳ бўламиз. Яъни “Бир жонни ўлдириш” деб умумий таъкидланаяпти. Бундан келиб чиқадики, фақат мўмин кишини ўлдириш гуноҳ эмас, балки, ўзга диндаги кишиларни ноҳақ ўлдириш ҳам улкан гуноҳлар сирасидан саналар экан. Лекин бугунги кунимизда кўп ҳолларда ўлган ҳам ўлдирган ҳам мусулмон бўлиб қолаяпти. Айнан мана шу нарсани олдини олиш мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб огоҳлантиришларни эслатиб ўтганлар.
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки мусулмон бир-бирига қилич ўқталса ўлдирган ҳам ўлдирилган ҳам дўзаҳдадир»- дедилар. У зотга: “Эй Аллоҳнинг расули! Ўлдирувчи-ку майли, ўлдирилган нимага?”-деб айтилди. У зот: «Чунки у ҳам шеригини ўлдиришга ҳарис эди»-дедилар.
Айни мана шу ҳадис бир-бирига пичоқ ўқталаётганларнинг ишлари улкан гуноҳ эканлигига далил бўлади. Улар нима учун бир-бирларига бундай душманлик кайфиятида эканликларини сабабини суруштириладиган бўлса, арзимаган бир-бирини ҳақоратлаш сабаб бўлганига амин бўламиз. Шунинг учун ҳам биз ёшларимизни иймонли, эътиқодли, маънавиятли қилиб тарбиялашимиз, уларга мусулмонлар бир-бирларига Аллоҳ йўлида дўст эканликларини, ҳар доим бир-бирларига ёрдам беришлари кераклигини тушунтиришимиз керак бўлади. Шундагина юртимизда тинчлик ва осудалик бардавом бўлиб, маънавиятимиз юксалади, жамиятимиз ривожланади ҳамда дунё ва охиратимизга фойдаси тегадиган солиҳ фарзандлар етишиб чиқади.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим
юрти талабаси Хушвақтов Абдулҳай