Ҳиммати олийлар доим фазилатли нарсаларда пешқадам бўлади, лоқайдлик қилмайди, зерикиб малолланмайди, ноумид бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Фақат залолатга кетган кишиларгина ўз Роббисининг раҳматидан ноумид бўлурлар”. (Ҳижр сураси, 56-оят). Шеър:
Умидсизлик кўп инсонлар қалбига кира олди,
Лекин сенинг қалбингда тополмади жой.
Камдан-кам кишилар ҳиммати, олий хулқи билан,
Асрлар оша бўлди ҳавас қилгудек, мисли ой.
Инсонлар орасидаги ҳиммати олий кишилар худди ноёб тангага ўхшайди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг қуйидаги сўзи гўёки шулар ҳақида айтилганга ўхшайди: “Одамлар худди юзларча туяга ўхшайди, аммо уларнинг орасидан сафарга яроқли бирорта ҳам тополмаслигинг мумкин”.
Улар одамлар орасида “Аввалгилардан кўпчилик ва охиргилардан озчилик”. Улар ўзлари оз саналса ҳам, аммо оздан жуда азиздир. Улардан ҳар бири бир уммат, ҳар бир нафари мингтага тўғри келади.
Шунинг учун улардан айрилиш катта мусибат ва уларнинг вафоти ҳамма учун жудоликдир.
Яъни шеър: “Билиб қўйинг, жудолик бу мол-дунё ва чорвалардан айрилиб қолиш эмас, балки ҳақиқий жудолик – унинг сабаби билан кўп инсонлар яшаган олимдан айрилишдир”.
Баъзи салафлар айтган: “Бир олимнинг вафоти исломда бир ёриқ пайдо бўлишдир, у ёриқни ҳеч тўлдириб бўлмас”.
Умар ибн Абдулазиз вафот этганида унга айтилган марсияда қуйидаги сўзлар бор эди: Яъни шеър; “Қилган ишлари ҳаммани мамнун қилгани каби, ўлими ҳам ҳаммани қайғуга солди. Инсонлар ҳаммаси ундан миннатдор. Инсонлар ҳаммаси унинг учун бир хил мотамда, ҳар бир уйда эслашар. Ҳамма сени мақташар, сен ҳақиқатан мақтовга сазоварсан. Унинг қилган ишлари уни гўё ҳаётда яшатар. Яхши ишларни тарқатгани каби ўзи ҳам қалбларда яшайди”.
Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) айтади: “Қаъқаъанинг қўшин ичидаги овози минг кишидан яхшироқдир”.
Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу) Мисрни фатҳ қилишда халифа Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) дан қўшимча аскар сўраганида Умар унга мактуб ёзиб шундай деди: “Аммо баъд: Мен сенга тўрт минг кишилик қўшин юборяпман, ҳар минг кишига бир киши. Уларнинг ҳар бири минг кишининг ўрнини босади. Улар Зубайр ибн Аввом, Миқдод ибн Амр, Убода ибн Сомит ва Маслама ибн Холид”.
Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) бир куни дўстларига: “Келинглар, орзуларимизни бир-бир айтайлик”-деди. Шунда бири: “Қанийди, шу уй тўла олтин бўлса-да, уни Аллоҳ йўлида эҳсон қилсам”-деди. Яна бир киши: “Қани эди, шу уй тўла марвариду гавҳар бўлса-ю, уларнинг ҳаммасини Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон ва садақа қилсам”-деди. “Яна орзуларингни айтинглар”-деди. Бошқа нимани орзу қилишимиз мумкин?-дейишди. Шунда Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу): “Мен шу уй тўла Абу Убайда ибн Жарроҳ каби одамлар бўлишини орзу қиламан”-деди.
Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али Боқир айтади: “Ҳар бир қавмда бир аслзода, даҳо киши чиқади, Бани Умайянинг даҳоси Умар ибн Абдулазиздир, у ўзи битта уммат бўлиб тирилади”.
Асмаъий айтади: “Қутайба ибн Муслим Турк фатҳида саф тортганда улардан чўчиди. Ва Муҳаммад ибн Восеъни сўради. Бир киши: “Ана у ўнг томонда, камонига суяниб, бармоқлари билан осмонга ишора қиляпти”-деди. Қутайба: “Ўша бармоқлар мен учун юзминг яланғоч қилич ва навқирон йигитлардан яхшироқ”-деди.
Ҳимматли кишилар дунё ажойиботлари билан бирга ҳайрат билан эсланади: Муҳаддисларнинг улуғ имомларидан бири Яҳё ибн Маъийн айтади: “Мисрда мени ҳайратга солган учта ажойиботни кўрдим, Нил дарёси, Миср эҳромлари ва Саъид ибн Афир”.
Саъид ибн Афир – Абу Усмон Мисрий, ўз замонасининг алломаларидан бўлган. Бу кишининг қанчалик улуғлигига Яҳё ибн Маъийннинг ҳайрати етарлидир.
Абдуллоҳ ибн Муборакдан: “Аҳли сунна вал жамоа кимлар?”-деб сўралганида, у киши “Абу Бакр ва Умар” (розияллоҳу анҳу) деди. “Абу Бакр ва Умар” вафот этган, дейилса, унда Фалончи ва Фалончи”-деди. Улар ҳам вафот этган,дейилса. Унда “Абу Ҳамза Суккарий жамоа”-деди. (Абу Ҳамза Суккарий – Муҳаммад ибн Маймун Марвазийдир. Улуғ имомлардан, кўп имомлар у кишидан ҳадис ривоят қилган. Чиройли ва ширин гапиргани учун Суккарий- яъни, Шакарчи деб номланган).
Асадулло Холмуродов
Кўкалдош ЎМИБЮ мударриси





