5. Мусибат етган киши мусибатнинг ҳикматини мулоҳаза қилиши. Аллоҳ таоло инсониятга улуғ неъмат бўлмиш ақл неъматини бериб қўйган. Инсон соғлом ақл билан тўғри йўлни топади ва мусибатларга чиройли сабр қилади ва ва мусибатларнинг ҳикмати ҳақида фикр-мулоҳаза қилади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أََبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الكَلِمَةُ الْحِكْمَةُ ضَالََّةُ الْمُؤْمِنِ، فَحَيْثُ وَجَدَها فَهُوَ أَحَقُّ بِهَا». رَوَاهُ التَّرْمِذِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳикматли сўз мўъминнинг йўқотиб қўйилганидир. Уни қаердан топса, у унга ҳақлидир”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.
Инсон қуйидаги нарсалар ҳақида фикр юритиши мумкин:
1. Бошига тушган мусибатга шукр қилиши, зеро, бундан ҳам зиёдароқ мусибат бўлиши мумкин эдику. Мисол учун, бир молу-мулкига талофат етган бўлса, бундан ҳам кўпроқ молиги зарар етиши мумкин эди. Бир касалга дучор бўлган бўлса, бундан ҳам оғирроқ касал бўлиши ҳам мумкин эди.
2. Бу мусибат дунё ишларида, дин ишида эмаску, деб шукр қилиш. Унинг тўғри йўлда бўлиши, Аллоҳнинг ҳидоятида бўлиши катта неъматдир. Агар у иймонсиз ёки адашган бўлганида бу катта мусибат бўларди.
3. Аллоҳ таоло унга сабр қилиш неъматини бериб қўйганини ҳис қилиши. Агар унда тақдирга рози бўлиш ва мусибатларга сабр қилиш хислатлари бўлмаганида, бу қийинчиликларга бардош бера олмас, ҳатто бу мусибатлар сабабли ўлиб қолиши ҳам мумкин эди. Шунга кўра, инсон доимо тафаккур қилиши ва ибратланиб яшаши керак экан. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Менга бирор мусибат келадиган бўлса ҳам, Аллоҳ таолонинг менга берган учта неъмати бор:
1. Бу мусибат динимда эмас.
2. Бундан ҳам кўра, каттароқ мусибатлар бўлмадику.
3. Аллоҳ таоло менга сабр неъматини ато қилган”, дер эди.
6. Мусибатнинг Аллоҳнинг тақдири эканини эсга олиши. Мусибатга дучор бўлган киши, бу мусибат Аллоҳ таолонинг тақдири эканини ҳис қиладиган бўлса, бу мусибатга сабр қилиши осонроқ бўлади. Зеро, бу дунёда бўладиган ҳар бир иш Лавҳул Маҳфузда ёзиб қўйилган тақдир асосида бўлади. Буни ҳар бир мусулмон киши билади. Аммо, бошига мусибат тушган пайтда, тезлик билан шу нарсани англаши ва шу мусибатга сабр қилиши ҳар бир инсоннинг ҳам қўлидан келмайди. Шунинг учун, инсон шу ҳолатга ўзини тайёрлаб бориши лозим. Шунда, барча қийинчиликларни осон енгиб ўтади ва сабр қилгани учун савобга эга бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
مَا أَصَابَ مِنْ مُصِيبَةٍ فِي الْأَرْضِ وَلَا فِي أَنْفُسِكُمْ إِلَّا فِي كِتَابٍ مِنْ قَبْلِ أَنْ نَبْرَأَهَا إِنَّ ذَلِكَ عَلَى اللَّهِ يَسِيرٌ. لِكَيْ لَا تَأْسَوْا عَلَى مَا فَاتَكُمْ وَلَا تَفْرَحُوا بِمَا آَتَاكُمْ وَاللَّهُ لَا يُحِبُّ كُلَّ مُخْتَالٍ فَخُورٍ
“Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир. Токи, сизлар қўлларингиздан кетган нарсага қайғурмагайсиз ва (Аллоҳ) ато этган нарса билан шодланиб (ҳаволаниб) ҳам кетмагайсиз. Аллоҳ ҳар қандай кибрли ва мақтанчоқ кимсани суймагай”. (Ҳадид, 22-23-оят)
7. Мусибатдан кейин хурсандчилик бўлишини умид қилиши.
Бирор мусибатга учраган киши, сабр қилиши ва ундан кейин келадиган хурсандчиликка умид қилиши керак. Зеро, бу мусибатни берган Аллоҳ таоло, шу мусибатни кетказиб, ўрнига яхшиликларни беришга ҳам қодирдир. Ўзимизда бир ажойиб мақол бор: “Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ бўлади”. Шунинг учун, бошига мусибат тушган киши, яхшилик ва хурсандчилик бўлишидан умидини узмаслик керак. Чунки, қийинчилик билан енгиллик бирга бўлади. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:
فَإِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا. إِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا
“Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир.
Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”. (Шарҳ, 5-6-оят)
Ушбу оят тафсирида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Бир қийинчилик икки енгиллик устидан ғолиб бўлмайди”, деб айтган.
Шунга кўра, бир мусибатдан кейин иккита хурсандчилик келар экан.
Яна бошқа оятларда бу ҳақида шундай дейилган:
يَا بَنِيَّ اذْهَبُوا فَتَحَسَّسُوا مِنْ يُوسُفَ وَأَخِيهِ وَلَا تَيْئَسُوا مِنْ رَوْحِ اللَّهِ إِنَّهُ لَا يَيْئَسُ مِنْ رَوْحِ اللَّهِ إِلَّا الْقَوْمُ الْكَافِرُونَ
“Эй, ўғилларим! Борингиз-да, Юсуф ва унинг укасини излангиз ва Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофирлар қавмигина ноумид бўлур”. (Юсуф,87-оят)
قَالَ وَمَنْ يَقْنَطُ مِنْ رَحْمَةِ رَبِّهِ إِلَّا الضَّالُّونَ
У деди: «Парвардигорининг раҳматидан фақат гумроҳ кимсаларгина ноумид бўлурлар». (Ҳижр, 56-оят)
Ҳар бир мусулмон киши Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлади. Шунга кўра, бало ва мусибатларга учраган киши ҳам Аллоҳ таолодан бу мусибатларни кетказиб, ўрнига яхшиликларни ато қилишини умид қилиб, дуо қилиши лозим бўлади.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Мадаминов Шокиржон манбалар асосида тайёрлади.