Иймоннинг зидда куфрдир. Ким иймон келтириш шарт бўлган нарсаларга ҳеч шак-шубҳасиз қатъий ишониб иймон келтирса у одам мусулмон бўлади. Бундай қилмаган одам кофир бўлади. “Такфир” эса бошқа бировни кофирга чиқаришдир. Ҳозирги замонга келиб мусулмонларни такфир қиладиганлар кўпайган. Айниқса интернетда “Тавҳид”ни ўргатаман деб ёшларни такфирчи қилиб “тарбия” қилаётганлар. Бундайларнинг домига тушган илмсиз ёшлар эса кўр-кўрона уларга тақлид қилиб, эргашиб мусулмонларни такфир қилиб юрадиган аҳволга келиб қолишди. Афсуски улар такфирнинг хатарини билишмайди.
Расулуллоҳ ﷺ: “Бир киши биродарига “эй кофир!” деса бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади. Агар у киши ростан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса, гапирувчининг ўзига қайтади”, деб айтдилар”.
Бухорий ва Муслим ривояти
Ҳадисда мусулмонни ноҳақ кофир деб айтиш нақадар катта гуноҳ экани, бу иш куфрга тенглиги баён қилинган. Зеро, Аҳлу Сунна вал Жамоа уламолари бу ҳадис ҳақиқий маънода эмас дейишади. Ҳадиснинг шарҳида айтиладики, бу иш бировни “кофир” деб айтишни ҳалол санайдиган киши ҳақида. Куфрда бўлмаган одамни кофир дейиш эса ҳаром. Ҳаромни ҳалол санаган одам эса диндан чиқади. Чунки бундай одам ўзини Аллоҳга ҳукм чиқаришда тенглаштириб олган бўлади.
Хулоса ўрнида айтамизки, азизлар, “такфир” иллатидан эҳтиёт бўлинг. Ўзингиз бировни такфир қилишдан ҳам, бундай такфирчилардан ҳам узоқ бўлинг! Мусулмонни ноҳақ Такфир қилиш исломда пайдо бўлган энг биринчи бидъатдир! Дунёда ўзи мусулмонман деб туриб бошқа мусулмонларнинг қонини ҳалол санаб ўлдириб юрганлар айнан мана шу “такфир” идеаология билан заҳарланган. Улар “такфир”ни “тавҳид” деб эътиқод қилишади, Аллоҳ асрасин!
Илҳомий Икромбек
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-босқич талабаси






