Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Aлбатта, амаллар ниятлар билан (эътиборли)дир. Aлбатта, ҳар бир киши учун ният қилган нарсаси (муяссар) бўлур. Кимнинг ҳижрати Aллоҳ ва Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Aллоҳ ва Расули учундир. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга етишади. Aёл учун бўлса, унга уйланади. Шундай экан, унинг ҳижрати ҳижрат қилган нарсасига бўлади” (Муттафақун алайҳ).
Ушбу ҳадис Исломнинг мадори бўлган ҳадислардандир. Динимизнинг кўплаб ҳукмлари ниятга боғлиқдир.
Бу ҳадиснинг ворид бўлишига қуйидаги воқеа сабаб бўлади. Маккалик бир киши Умму Қайс исмли мадиналик бир аёлга уйланмоқчи бўлади. Аёл унга битта шарт билан – агар у Мадинага ҳижрат қилиб келсагина турмушга чиқишини айтади. Шунда у Мадинага ҳижрат қилаётган саҳобалар билан бирга ҳижрат қилиб келади ва ўша аёлга уйланади. Унинг хабари Пайғамбар алайҳиссаломга етганда ана шу ҳадисни айтганлар.
Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаръий амалларнинг барчаси ниятга боғлиқ бўлишини ва ҳар бир мўминдан содир бўладиган амал ният билан эътиборли бўлишини баён қилмоқдалар. Чунки ният тўғри бўлса, амал ҳам тўғри, ният бузуқ бўлса, амал ҳам бузуқ бўлади. Агар ният тўғри бўлиб, амал шариатга мувофиқ бўлса, қабул бўлади. Агар ният бузуқ бўлса, амал ҳам рад қилинади.
Уламолар мукаллаф, мўмин кишининг амаллари ниятига кўра савоб берилишига иттифоқ қилишган. Намоз, ҳаж рўза каби ибодатларда ният рукн ҳисобланади. Яъни, фақат ният билан дуруст бўлади. Аммо тахорат, ғусл каби васила (восита) ибодатларда ниятни ҳанафийлар савобга эришиш, комил бўлиш шартидир деганлар. Шофеъий мазҳаби уламолари эса ният амалларнинг дуруст бўлиш шартидир дейдилар.
Ниятнинг вақти ибодатнинг аввалидадир. Аммо рўзада тонгни кутиш машаққатли бўлгани учун олдиндан ният қилса бўлади. Ниятнинг ўрни эса қалбдир. Шунинг учун ҳам жисмда қалбнинг мартабаси қанчалик баланд бўлса, амалда ниятнинг мартабаси шунча баланд бўлади. Ниятни тил билан ифодалаш лозим эмас.
Агар киши бирор солиҳ амални ният қилсаю, лекин уни адо қилишга касаллик, ожизлик ва шунга ўхшаш узрлар тўсиқ бўлса ҳам, унга савоб берилади. Имом Байзовий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Амаллар ниятсиз дуруст бўлмайди. Чунки амалсиз ниятга савоб берилади, ниятсиз амалга эса йўқ”.
Ушбу ҳадис бизга дунёда тавфиқ ва нажотга, охиратда эса ажр ва савобга эришишимиз учун амалларимизда ихлосли бўлишни ўргатади. Ҳар бир хайрли, манфаатли амал ният, ихлос ва Аллоҳ таолонинг розилигини талаб қилиш билан ибодатга айланади.
Хулоса қиладиган бўлсак, Аллоҳ таоло бандаларига уларнинг қалбидаги ниятига қараб ажр беради. Банданинг нияти бузилса, унинг устига мусибатлар ёғилиб келади. Мусулмон киши ҳар бир ишда, ҳар қандай ҳолатда ниятини тўғри қилиши, холис Аллоҳ таоло учун амал қилиши лозим. Шунда қалби ёруғ бўлади, дунёда роҳат-фароғатда яшайди, охиратда юксак мақомларга ноил бўлади.
“Ал-вофий”, “Ал-мубийнул муъий” ва “Ал-мирқот шарҳу мишкат”асарлари асосида
АвазбекЖУМАБОЕВ тайёрлади.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билиб юрти мударриси






