Зич жойлашган кўп қаватли уйларнинг бағридаги яшил майдончалар ҳамиша ўсмирлар билан гавжум. У ердаги турли арғумчоғу тойғинчоқлар болалар хизматида. Бу ерда турли ёшдаги болалар истиқомат қилишади. Тушлик вақтида барча ота-оналар фарзандларини уйига чақириб олиб, қуёшнинг иссиғи қайтган вақтда яна чиқиб ўйнашларига руҳсат беришади. Бу ўз навбатида шу жойда истиқомат қилувчи кексалар ва ёш болаларнинг тинч дам олишларига қулай имкон яратади. Ушбу кўп қаватли уйларда яшайдиган болалар орасида Бахтиёр исмли ўсмир йигит бор бўлиб, у ўзининг ўта баланд ва дағал овози билан айни ҳамма дам оладиган вақтда ўртоқларини чақирар, ҳуштак чалиб турли одобсиз сўзлар билан бақириб барчани безовта қилар эди. У шундай ахлоқсизлик қилган вақтда айрим уйларнинг деразасидан катта ёшли отахонлар, ёҳуд гўдагини уйқуси бузилган келинлар норози бўлиб бир икки насиҳат қилган бўлар эди. Бахтиёрга буларнинг бирортаси таъсир қилмас, деярли ҳар куни дам олмоқчи бўлган қўшниларига азият беришдан тўхтай демасди. Ёзги таътил бошланган кунларда Бахтиёрнинг дағал овози ҳеч кимни безовта қилмай қўйди. Ора-орада қўшниларнинг унга кўзи тушиб қолар, Бахтиёр эса ҳудди мум тишлагандек жимгина юрарди. Деярли ҳамма унинг одобли йигит бўлиб қолганидан хурсанд эди. Бахтиёр яшайдиган кўп қаватли уйнинг кекса кишиларидан бири Толиб амаки бу ҳолатни эътибордан четда қолдирмади. У ёғли патир ва қайноққана мастава кўтариб Бахтиёрларникига чиқди. Бахтиёр укаси билан уйда ёлғиз экан. – Келинг уйга киринг отахон, деди укаси Лазиз хушмуомалалик билан. – Ҳа ўглим барака топ, яхшимисан, ўзинг. Акангдан хабар олай деб чиққандим, деди Толиб ака қўлидаги нарсаларни хонтахта устига қўяр экан. – Акамни беморлигини қаердан билдиз ота, деди Лазиз ҳайрон бўлиб. Уни оғзига яра чақалар чиқиб кетганини ҳеч кимга айтмаган эдик, деди яна гапини давом эттириб. – Ҳа болам, буни биров айтиши шарт эмас акангни “ширали” овози янграмаётганидан ўзим билдим, деди отахон ҳазиломуз. Бахтиёр эса тушунарсиз ғўлдираб отахонга салом бергандек бўлдию хонасига кириб кетишга ошиқди. – Ёнимга кел болам, ўтир, деди Толиб ота уни ёнига чақириб. – Мана гапира олмайдиган ҳам бўлиб қолибсан. Сени ҳар кунги бақиришларинг ҳеч кимни безовта қилмай қўйди. Ўйлаб кўрдингми, шу ерда яшайдиган кимдир сен бор овозинг билан бақирганингда “оғзингга чақа чиқиб бақира олмай қолгур” деб дуо қилган бўлса, Аллоҳ уни дуосини қабул қилибди. Бу бир эмас бир неча одамларни дуоси бўлиши мумкин, деди отахон бошини сарак сарак қилиб. Бахтиёр эса айбдорона бош эгиб ўтирарди. – Биласанми, болажоним, Аллоҳ таоло Қуръонда бақириб гапирувчилар ҳақида нима дейди, Бахтиёр ярқ этиб Толиб отага қаради. Толиб ота виқор билан ушбу оятни ўқий бошлади:
وَٱقْصِدْ فِى مَشْيِكَ وَٱغْضُضْ مِن صَوْتِكَ ۚ إِنَّ أَنكَرَ ٱلْأَصْوَٰتِ لَصَوْتُ ٱلْحَمِيرِ
Юришингда мўтадил бўл ва овозингни пасайтир, чунки овозларнинг энг ёмони эшаклар овозидир. (Луқмон сураси 19-оят).
Толиб ота яна бироз ўтириб чиқиб кетди. Шу воқеадан сўнг бирор ким Бахтиёрнинг дағал овозб билан бақирганини эшитмади.
Оҳунжон Аҳмад ва М. Абдулқаюм






