XX асрнинг охирига келиб, Ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олган бир гуруҳ манфур кимсалар ва тоифалар пайдоо бўлди. Улар жамият ўртасида бузғунчилик, ноҳақ қон тўкиш каби салбий ҳолатларни авж олдириш билан бирга, мусулмонлар, нафақат мусулмонлар балки, бутун башарият тинчлигини бузиб, дунёю-охиратнинг барча эзгуликларига чорловчи муқаддас дин “Ислом”га зарар етказиб, уммат орасида низо чиқаришга, нифоқ солишга ҳаракат қила бошладир. Ачинарлиси улар ўзларини гўё – ислом дини фарз ва арконларини бажармоқдамиз дея дунёга жар солдилар, мусулмонларни ҳимоя қилувчилар деб овоза этдилар. Ваҳоланки, улар Ислом динига зид бўлган бузғунчи фирқалар экани ҳеч бир онгли инсонга сир эмас.
Айни пайтда, бундай террорчиликлар давом этиб келаётган бир пайтда, кишилар доимий огоҳ бўлишга, ҳақиқий диний қадриятларни, уларнинг сохта ва ғаразли талқинларидан фарқлашга ёрдам берадиган билимларни эгаллашга ундайди.
Аслида ҳар бир дин кишиларни ҳамиша яхшиликка, эзгу ишларга чорлаган. Жумладан, ота-боболаримизнинг муқаддас эътиқоди бўлган Ислом дини ҳам юксак инсоний фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилган. Жафокаш халқимиз у туфайли минг йиллар мобайнида ўзининг бой маънавий меъросини ва ўзлигини омон сақлаб келди, миллий ва диний қадриятларимиз ўзаро уйғунлашиб юксак инсоний анъана ва фазилатларимиз қарор топди. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, одамларнинг эътиқоди ва диний ҳиссиётларидан фойдаланиб, бутун Жаҳон тинчлигига, тинч ахолининг фаровон ҳаётига раҳна солаётган тинчлик душманлари, экстремистлар ва террорчилар томонидан Ислом байроғи остида содир этилаётган жиноятлар уларнинг асл қиёфасини намоён этмоқда.
Ислом дини инсонийлик, тинчлик ва муҳаббат руҳидаги ўзаро ҳамкорлик, бағрикенгликни қўллаб қувватлайди. У доимо инсонларни тинчлик осойишталикда яшашга, ўзаро қон-қардош бўлишга, башарни олий инсоний қадрият, яъни, барча инсонлар бир ота-онадан тарқалганлиги, улар ўртасидаги муносабатлар тенглик, меҳр-мурувват, адолатга асосланишига ундайди.
Бу борада Аллоҳ таоло ўзининг муқаддас каломи Қуръони каримда:
“… Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик, ҳамда бир-бирингиз билан танишишингиз (дўст-биродар тутинишингиз) учун сизларни (турли туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз-тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва ҳабардор зотдир.” -деб марҳамат қилади.
Демак, Аллоҳ таоло бандаларини турли миллат-элатларга, биримизни қора, биримизни оқ-сариқ қилиб қўйиши, тилларимизни ҳам бир биримизникидан фарқли қилиб қўйишидан мақсад, келажакда бир бирлари билан уришиб-талашсин деб эмас, балки, турли ирққа, турли тилларда сўзлашадиган миллатлар бирлашиб, дунёда тинчлик ўрнатиб фаровон ҳаёт кечиришимиз учун шундай қилиб қўйган экан. Афсуски, хозирги кундаги айрим бузғунчи кучларнинг хатти ҳаракатлари билан дунё тинчлигига раҳна солинмоқда.
Тарихдан бизга маълумки, бу ғаразли мақсадлар оқибатида қанчадан қанча бегуноҳ халқ азият чекиб келган. Ҳозирги кунда Яқин Шарқдаги юз бераётган Қуддус ва қадимдан бир халқ бўлиб келган икки давлат ўртасидаги Кашмир можаролари, келинг узоққа бормайликда ўзимизга ҳам қўшни, ҳам қардош бўлган Афғон халқи диёрида бўлиб ўтган воқеаларни эсга олайлик. Ўтган асрнинг 70-йиллари сўнгида бошланган ички низолар кейинчалик фуқаролик уришига айланиб кетди. Бу мудхиш воқеалар оқибатида ўн минглаб бегуноҳ одамларнинг қони ноҳақ тўкилган. Минг афсуски, хали ханузгача тинчигани йўқ… нега енди “Кимларнингдир манфаатлари” туфайли тинч аҳоли қурбон бўлиши керак…?!
Бу ишларни амалга ошираётган кимсалар ва уларга халқ пинжи ичида, пана-паналарга беркиниб олиб ёрдам бераётган халқ хоинлари, Исломнинг душманлари амалга ошираётган ишлар оғир гуноҳ эканини билишлари лозим. Тинчликка, кишиларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига раҳна соладиган барча хатти ҳаракатлар, террорнинг жамики кўринишлари – бузғунчилик, фасод ишлардир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларига шундай хабар беради: “…Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди.” (Бақара сураси 205-оят)
Ҳаттоки, Аллоҳ ҳеч қандай айби бўлмаган, бегуноҳ одамни ўлдириш-ердаги бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланишини эслатиб, Қуръони Каримнинг Моида сураси 32-оятида шундай дейди:
“… Кимки бирон жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам ҳуддики ҳамма одамларни ўлдирибди…”-деб марҳамат қилмоқда, ояти кариманинг давомида эса,- “… ва ким унга ҳаёт бахш этса (ўлдиришдан бош тортса, ўлимдан сақлаб қолса) ҳуддики барча одамларга ҳаёт берибди…”.
Демак, ҳар қандай шаклдаги зулм ва зўравонлик Ислом ақидасига тубдан қарама-қаршидир ва Аллоҳнинг ҳар бир бандаси ана шундай жиноятни содир этиши қаъиян ман этилади. Ҳар бир имонли кишининг бурчи эса – ер юзида бузғунчиликка йўл қўймаслик, дунёда тинчлик, фаровонлик ва осоишталикни қарор топтириш учун курашишдан иборатдир.
Манбалар асосида 3- курс талабаси Омонов Ҳожиакбар тайёрлади






