Биз техника асрида яшаяпмиз. Кундалик юмушларимиз, режаларимиз ҳамда билим олишимиз ҳам шунга яраша режалаштирилади. Инсонларнинг оғири енгил бўлмоқда. Маълумотлар оқимидан эндиликда телефон ёки компьютер орқали хабардор бўлиш имкониятига эгамиз. Ана шу омиллар сабаб кўпчилик китоб ўқишдан узоқлашгандек. Аммо мутолаанинг афзал жиҳатлари аниқланиб, оммага маълум қилинмоқда.
Ислом динида фойдали китоб ўқишга чорланади. Унинг асосий манбаси “Қуръон” сўзининг ўзаги ҳам “қараъа”, яъни “ўқимоқ” феълидан олинган. Ана шунинг ўзиёқ динимизда ўқишнинг қанчалик муҳим аҳамият касб этишини билиш қийин эмас. Қуръони каримда шундай дейилади: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурму?!”. Яна бир оятда эса: “…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур…”, дея марҳамат қилган. Оятлардан, илмли кишининг мартабаси нақадар улуғ б\эканлигини билишимиз мумкин.
Бир ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Илм ўрганишга интилиш ҳар бир мусулмон ва муслима аёлга фарздур”, деб марҳамат қилганлар. Бинобарин, Қуръон ҳам илк бор “Ўқи” амри билан бошланган. Ҳазрати Одам алайҳиссалом ҳам илми туфайли фаришталардан-да юксак мақомга сазовор бўлган. Демак, инсон ҳамма вақт ҳам билими билан қадрланади, ҳурмат топади.
Ёшларнинг кейинги пайтларда китоб ўқимасликлари, бадиий адабиётдан узоқлашаётганлари киши дилини ранжитади. Кўпчилик китоб ўқишни билмайди ва кўп кишилар нима учун ўқиётганини тузукроқ тушунмайдилар. Баъзилар бу ҳолатни ўқимишли бўлишнинг қийин, бироқ ягона йўли деб биладилар. Улар учун ҳар қандай китоб кишини “ўқимишли” қилади. Бошқалар учун эса ўқиш – дам олиш, шунчаки вақтни ўтказишдир. Ҳар биримиз, қайси касб эгаси бўлмайлик, имкон ва шароитимиздан келиб чиқиб, китоб билан муайян даражада мулоқотда бўламиз. Аммо, қандай китоб ўқиш, унинг таъсир ва оқибатлари, умуман, нега китоб ўқиймиз, шу ҳақда барчамиз чуқурроқ ўйлаб кўрганмизми?
Ўтган асрнинг машҳур адибларидан бири Ҳеман Ҳесси китоб мутолааси ҳақида бундай ёзади: “Шунчаки вақт ўтказишни истаган китобхон, китобдаги дилни покловчи, кишини руҳлантирувчи қандайдир номаълум бир кучни сезади-ю, уни баҳолай олмайди. Бундай китобхон тиббиётдан бехабар беморга ўхшайди. Яъни, айнан қайси дори кераклигини тушунмасдан, ҳар бир қутичадан татиб кўра бошлайди. Аслида мутолаа борасида ҳам ҳар бир киши ўзи учун зарур бўлган, яъни куч ҳамда руҳий таъсир бахш этадиган китобларни топа билиши эмасми?”.
Бугунги ёшлар ўзларининг китоб ўқимаслик сабабларига – “яхши асарлар яратилмаяпти”,- деган иддаони рўкач қилишади. Ҳақиқатан ҳам шундайми? Биз ўзимизга “кел, яқинда қайси асарни ўқидингу у сенга ёқмади?”,- деган саволни бериб кўрсак ёмон бўлмасди.
Ҳозирги адабий жараён ҳақида озми-кўпми хабари бор киши, жаҳон адабиётининг энг зўр намуналари билан тенглашадиган асарлар ёзилаётганини билади. Бизнинг айбимиз уларни ўқимаслик, тўғрироғи, ТУШУНМАСЛИК. Бундай ачинарли аҳволни эса тан олмаслигимиз ёмон.
Аммо юртимизда китобни севиб, қимматли вақтини мутолаага бағишлаган одобли ва тарбияли ёшларимиз ҳам кўплаб учрайди.
Қувонарли жиҳат шундаки, Муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 12 январь куни “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида” фармойиш бердилар. Албатта, бу китобхонлик маданиятини юксалтириш бўйича буюк қадамдир.
Қолаверса, олимларнинг аниқлашларича, китоб ўқиш асабни тинчлантиради, уйқисизликдан қутулишга ёрдам беради, қалбни юмшатади, мия фаолиятини яхшилайди, тушкунликка қарши курашишга ёрдам беради, сўз бойлигини оширади, ёмон иллатларнинголдини олади, ваҳоказо. Албатта, ана шу жиҳатларни ҳисобга олиб, телефон ва гаджетларимизни бир муддат унутиб мутолаага берилсак, унинг фойдаларини ўзимизда синаб кўрган бўлар эдик.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти тарбиячи-мударриси Ахунджанов Рустам