Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Китобида “Қурайш” номли сура нозил қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Қурайш қабиласидан бўлган саййидимизга саловат ва саломлар бўлсин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайш қабиласига мансуб эдилар. Сийрат китобларида у арабларнинг энг нуфузли қабиласи бўлгани ҳақидаги маълумотларни кўп учратамиз. Бу сўз Қуръони каримда ҳам келган, ҳатто бир сура шу ном билан аталган.
“Қурайш” сўзи луғатда — кичкина акула деган маънони билдиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насаб силсиласидаги 11-оталари — Феҳр исмли довюрак инсон “Қурайш” лақаби билан танилган. Шижоат, жасорат хислатлари қадимги араб жамиятида юксак қадрланган. Феҳрнинг қавми денгиздаги энг кучли жонзот акула бўлса, орамиздаги энг мард ва журъатли инсон Феҳр бўлади, демоқчи бўлганлар. Кейинчалик бу ном унинг авлодларига кўчиб ўтиб, бутун қабиланинг номи Қурайш бўлиб қолган. Феҳрнинг авлодлари “қурайшийлар” дейилади. Феҳрдан юқориси эса “кинонийлар” дейилади.
Қуръони Каримдаги бир суранинг шу ном билан аталишига келсак, у сурада Аллоҳ томонидан Қурайш қабиласига хослаб қилинган хитоб бор. Тўрт оятдан иборат бу мўжаз сурада Аллоҳ таоло Қурайш қабиласига берган неъматларини эслатади. Хавфдан омон сақлаш бир неъмат бўлса, очликдан тўдириш яна бир неъматдир. Гиёҳ унмайдиган тақир ер ва тоғ-у тошдан иборат Макка шаҳрида ризқу рўздан маҳрум бўлмай йил – 12 ой тўқ яшашлари Аллоҳнинг инояти эди, албатта. Бу тўқликнинг зоҳирий сабаблари, бир томондан, ҳаж ва умра қилиш ниятида чор атрофдан Маккага келувчи зиёратчиларнинг қадами узилмаслиги бўса, иккинчи томондан, қурайшликларнинг савдо карвонлари эмин-эркин сафарлар қилиб, олди-сотди ишларини тўсиқларсиз битира олишлари эди. Кучлилар кучсизларни эзадиган, йўлларда қароқчилик ва талончилик одатий ҳол саналган жоҳилиятдаги араб жамиятида Қурайшда мавжуд бу имтиёз уларга катта қулайлик ва кўп манфаат келтирар эди. Араблар қалбида ҳарам ерлари ва Каъбатуллоҳга нисбатан беқиёс ҳурмат бўлгани сабабли ҳатто қароқчилар ҳам Макка аҳлига ёмонлик қилишга ботинмас эдилар. Бундан кўринадики, Маккаликларнинг зиёратчиларга зарур шароитларни муҳайё қилиш ҳамда Каъба ва ҳарам ҳудудига тегишли хизматларни бажо келтиришдаги жонбозликлари Арабистон аҳолисини қониқтирган.
Араблар ўртасида ҳурмат-эътибор ва алоҳида имтоёз Қурайш қабиласининг бошини айлантириб, ҳақ дин олдида кўзларини кўр қилди ва иймонга келишдан бош тортдилар. Улар янги динни қабул қилиш билан мавжуд имтиёз ва мавқеларидан ажраб қолишдан қўрқар эдилар. Аллоҳ таоло Қурайшни инсофга чақирганида шу эҳтиром ва имтиёзнинг боиси болъмиш Каъбани эсга олиб: “Бу уй (Каъба)нинг Роббисига ибодат қилсинлар”, деб буюрди.
Мурожаатнинг бу услуби уларни тафаккурга чорлайди, тош ва ёғочдан ясалган бутларга эмас, юқоридаги неъматларни берган Зотга – Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш лозимлигини уқтиради.
Роббимиз бундай услубда Қурайш қабиласига хитоб қилиш билан қиёматгача келадиган умматларни неъматлар устида фикр юритишга ундади, ибрат-намуна олишга чақирди.
Икром Абдулаҳад ўғли,
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси
4-курс талабаси