Аллоҳ таоло бандаларни ўзига иймон келтиришга ва солиҳ амаллар қилишга буюрган. Шунга кўра ким иймон келтириб, солиҳ амаллар қиладиган бўлса, жаннатга кириши ҳақида Қуръони Каримнинг жуда кўп жойида зикр қилинган.Жумладан, Бақара сурасида шундай дейилган:
“Ва иймон келтириб, яхши амалларни қилганлар, ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар”. (Бақара сураси, 82-оят)
Яна бошқа оятда шундай дейилган:
“Иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларни, албатта, остидан жаннатлар оқиб турган жаннатларга киритамиз. Унда абадий боқий қолурлар. Унда уларга покиза жуфтлар бор. Ва уларни қуюқ сояларга киритамиз”. (Нисо сураси, 57-оят)
Яна бир оятда шундай дейилган:
“Албатта, иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни Аллоҳ остиларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритади. Албатта, Аллоҳ ирода этган нарсани қилади”. (Ҳаж сураси, 14-оят)
Инсонни жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллар жуда ҳам кўпдир. Булар Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда баён қилинган. Шунингдек, ҳадисларда “Аҳаббул аъмаали илаллооҳи”, яъни “Аллоҳга энг суюкли бўлган амаллар” деган ном билан баъзи солиҳ амаллар зикр қилинган. Қуйида уларнинг баъзиларини баён қиламиз:
1. Оз бўлсада, давомли бўлган амал. Бу ҳақида ҳадисда шундай дейилган:
Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У айтдилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси амаллар Аллоҳга маҳбуброқдир?” – деб сўралдилар. У зот: “Оз бўлсада давомлироғи”, дедиларда: “Амаллардан тоқатингиз етадиганини зиммангизга олинглар”, дедилар. Бухорий ривоят қилган.
2. Аллоҳ йўлида яхши кўриш ва Аллоҳ йўлида ёмон кўриш. Бу ҳақида ҳадисда шундай дейилган:
Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Бизнинг олдимизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб келдиларда: “Биласизларми, қайси амаллар Аллоҳ азза ва жаллага энг маҳбуброқдир?”-дедилар. Бир киши: “Намоз ва закот”, деди. Яна бир киши: “Жиҳод”, деди. У зот: “Албатта, Аллоҳ азза ва жаллага амалларнинг энг маҳбуброғи Аллоҳ йўлида яхши кўриш ва Аллоҳ йўлида ёмон кўриш”, дедилар. Аҳмад ривоят қилган.
3. Мусулмонга хурсандчилик келтириш. Бу ҳақида ҳадисда шундай дейилган:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: У киши айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амаллардан мусулмонга хурсандчилик келтиришдир”, дедилар. Табароний “ал-Муъжамул кабийр” да ривоят қилган.
4. Аллоҳнинг зикрида бардавом бўлиш. Бу ҳақида ҳадисда шундай дейилган:
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қайси амаллар Аллоҳга маҳбуброқдир”, деб сўрадим. У зот: “Тилинг Аллоҳнинг зикрида нам бўлган ҳолда вафот этишинг”, дедилар”. Табароний “ал-Муъжамул кабийр” да ривоят қилган.
5. Мискинга таом бериш, қарзини узиш, қайғусини аритиш. Бу ҳақида ҳадисда шундай дейилган:
Ҳакам ибн Умайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ азза ва жаллага амалларнинг энг маҳбуби; Ким мискинни очликдан таомлантирса ёки унинг қарзини тўлаб берса ёки ундан қайғусини аритса (мана шудир)”, дедилар. Табароний “ал-Муъжамул кабийр” да ривоят қилган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, жаннатга киришга сабаб бўлган амаллар жуда ҳам кўпдир. Юқоридаги ҳадисларда Аллоҳга маҳбуб бўлган амаллар баён қилинди. Ким бу солиҳ амалларни чин ихлос билан холис Аллоҳ учун қиладиган бўлса, иншааллоҳ бу амаллар унинг жаннатга киришига сабаб бўлади.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси Мадаминов Шокиржон






