Тижоратлар ҳажми кенгайгандан бошлаб савдо номи ва савдо белгиси масаласи юзага чиқди ва битта савдогар ёки битта ширкатнинг ўзи кўп сонли инсонлар ва шаҳарларга катта миқдордаги молларини етказиб берадиган бўлди. Бир турдаги маҳсулотларнинг сифатлари ўзгариши ҳисобига, ана шу маҳсулотларнинг турлари кўпайди ва шу сифатларнинг ўзи маҳсулотнинг исми бўлиб танилиб қолди. Натижада вазият шу даражага келдики, харидор маҳсулотни бозорда ўзининг яхши номи билан танилган “фалон” ширкат ишлаб чиқарганини кўрса, ана шу ширкатнинг номи ёки махсус савдо белгиси борлиги ҳисобига маҳсулотни харид қиладиган бўлди.
Шундай қилиб, савдо номи ёки савдо белгиси маҳсулотларга истеъмолчиларнинг эътиборини тортиш ва ёки, аксинча, узоқлаштиршга сабаб бўладиган бўлди. Шу сабабли, тижоратчилар назарида савдо белгиси ва савдо номининг қиймати ҳосил бўлди. Инсонлар орасида яхши ном қозонган ҳар бир савдо номи ана шу ном остида бозорга кириб келган маҳсулотга инсонларнинг рағбати ошишини рўёбга чиқарадиган ва бу ном остида бозорга кирган тижоратчининг кўп фойда қилишига сабаб бўладиган бўлди.
Вақти келиб, баъзи инсонлар ўзларининг маҳсулотларини ўтказиш мақсадида истеъмолчилар орасида яхши ном қозонган ишлаб чиқарувчиларнинг номидан фойдаланишга киришишиб, одамлар алданиб қолиш ҳолатлари хавфи туғилгандан сўнг, ҳукумат томонидан савдо номлари ва савдо белгиларини ҳукумат идораларида рўйхатга олиш ва бошқалар рўйхатдан ўтказган номлар ва белгилардан фойдаланишдан манъ қилиш ҳақида қонунлар ишлаб чиқилди.
Рўйхатдан ўтказилгандан сўнг тижоратчилар урфида бу ном ва белгиларнинг қиймати юзага келди. Савдогарлар ном ва белгиларни катта миқдордаги пуллар эвазига сотадиган ва оладиган бўлишди. Чунки ўзларининг маҳсулотларига одамларнинг қизиқишини оширишни хоҳлашарди.
Энди шундай савол пайдо бўлади: савдо номини ёки савдо белгисини сотиш жоизми?
Аниқ кўриниб турибдики, савдо номи ёки савдо белгиси моддий айн эмас, балки фақатгина шу ном ёки белгидан фойдаланиш ҳуқуқи, холос. Ва бу ҳукм ўз эгасига асбақийя(биринчилик) ва ҳукумат рўйхатидан ўтишлик билан асолатан собит бўлди. Ва бу ҳуқуқ айни пайтда мавжуд ҳуқуқ ва келажакда амалга ошиши кутилаётган ҳуқуқ эмас. Ва бу бир кишидан бошқа кишига кўчиб ўтишни қабул қиладиган ҳуқуқ. Лекин айнда собит ҳуқуқ эмас, яъни бирор моддий нарсадаги ҳуқуқ эмас. Демак, фуқаҳоларнинг гапларидан хулоса қилиб олинган қоидаларга биноан, бу ҳуқуқлар учун танозул(мол эвазига ҳуқуқидан кечиш) йўли билан эваз олиш жоиз бўлиши керак бўлади. Лекин байъ(савдо) йўли билан эмас, чунки у айндаги собит ҳуқуқ ёки мустаҳкам манфаат эмас.
Шайх аллома Ашраф Али Таҳонавий роҳимаҳуллоҳ ҳам шунга фатво берган ва буни вазифасидан мол эвазига тушиш масаласига қиёс қилган.
Муҳаммад Тақий Усмоний роҳимаҳуллоҳ “Буҳус фи қозоё фиқҳийя муосиро” асарида шундай дейдилар: “Менинг фикримча, савдо номи ёки савдо белгиси ҳуқуқлари аслида айнда собит бўлмаган мужаррад ҳуқуқ бўлса ҳам, лекин катта машаққат ва кўплаб молларни сарфлашни талаб этадиган ва ундан сўнг ҳукумат ҳужжатларида тасдиқ этилган гувоҳномалар акс эттирадиган қонуний кўринишни берувчи давлат рўйхатидан ўтиш жараёнини босиб ўтгандан сўнг айнда ўрнашган ҳуқуқларга ўхшаб қолди ва тижоратчилар урфида айнларга тенглаштирилди. Шунинг учун, бу ҳуқуқлар учун байъ(савдо) йўли билан ҳам эваз олиш жоиз бўлиши лозим бўлади. Ҳеч қандай шак-шубҳа йўқки, баъзи нарсаларни айнлар сафига киритишда урфнинг ўз роли бор, чунки молийят – Ибн Обидин роҳимаҳуллоҳ айтганларидек – одамларнинг тамаввули(мол деб ҳисоблаши) билан ҳосил бўлади. Бу электр қуввати ва газга ўхшайди, чунки улар олдинги замонларда қийматга эга айнлар ва моллардан ҳисобланмасди. Сабаби, улар ўзи қоим бўлувчи айн эмас, уни ушлаб, жамлашга ҳам инсон қудрати етмайди. Лекин, ҳозирги даврда, олди-сотдиси жоизлиги борасида шубҳа бўлмаган қийматли молларнинг энг қадрлиларидан бирига айланди. Бу уларнинг фойдаси катта бўлганлиги, жамлаш имкони борлиги ва одамларнинг урфига кирганлиги сабаблидир”.
Худди шунингдек, савдо номлари ва белгилари ҳам давлат рўйхатидан ўтгандан сўнг тижоратчилар урфида қийматга эга моллар сафига кирди ва уларни сақлаш ҳукумат томонидан берилган гувоҳномаларни сақлаш билан амалга оширилади, дейиш тўғри бўлади. Ахир, ҳар бир нарсани сақлаш ўзига муносиб нарса билан бўлади. Ундан ташқари, буларни ҳожат вақтигача захира қилиб туриш имкони бор, дейилиши ҳам тўғри бўлади, чунки молийят сифатини берадиган унсурларнинг ҳаммаси буларда топилади. Фақат айн эмас, холос. Демак, буларнинг ҳам моллар каби олди-сотдиси жоиз бўлишидан тўсувчи шаръий манъ қиливчи нарса йўқ. Валлоҳу аълам.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси Ахмедов Охунжон






