SIGN IN YOUR ACCOUNT TO HAVE ACCESS TO DIFFERENT FEATURES

FORGOT YOUR PASSWORD?

FORGOT YOUR DETAILS?

AAH, WAIT, I REMEMBER NOW!
KUKALDOSH.UZ
  • LOGIN

KUKALDOSH.UZ

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
    • Madrasa tarixi
    • Rahbariyat
    • Yotoqxona
    • Axborot-resurs markazi
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
    • Qurʼon ilmlari
    • Aqida
    • Fiqh
    • Tafsir
    • Hadis
    • Arab tili
    • Yurtimiz allomalari
    • Islom tarixi
    • Raddiyalar
    • Axloq va tarbiya
    • Bagʼrikenglik va jamiyat
    • Elektron kitoblar
  • Taʼlim
    • 4 yillik öquv dasturi
    • Ilm talab qilish odoblari
  • Kurslar
    • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
    • Tayyorlov kursi
  • Qabul
    • Qabul tartibi
    • Kiriş imtihonlari 2027-2028
    • Ötiş ballari
    • Topşirganlar soni
    • Imtihon duolari
  • Boğlaniş
Қуръони карим ёшлар ҳақида нима дейди?
30.04.2018 / Bo‘limda Axloq va tarbiya, Maqolalar, Yangiliklar

Ёшлар ва замонавий алоқа воситалари (телефон ва интернет)

Эслатиб ўтамиз, қуйидаги сатрлар “Ёшлар масалалари ислом нигоҳида” дебномланган туркум мақолаларнинг навбатдагисидир. Ёшлар деганда одатда балоғат ёшидан бошлаб ўттиз беш–қирқ ёшлар орасидаги инсонлар назарда тутилади.

         “Биз сенга уларнинг хабарларини ҳақ ила қисса этиб берамиз. Албатта, улар Роббиларига иймон келтирган йигитлардир. Ва биз уларга янада зиёда ҳидоят бердик” (Каҳф сураси 13–оят).

Бу галги мақоламиз бугунги куннинг долзарб мавзусига айланган ижтимоий тармоқлар ва замонавий ахборот воситалари ҳамда уларнинг ёшлар билан бевосита алоқадорлигига бағишланади.

Қуръони каримнинг йигирмадан ортиқ оятларида Аллоҳ таоло инсонлар учун еру осмондаги, қуруқлигу денгиздаги барча махлуқотларни бўйсундириб қўйгани ҳақида марҳамат қилади:

“Аллоҳ сизларга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни беминнат хизматкор қилиб қўйганини ва сизга ботиний ва зоҳирий неъматларни мукаммал қилиб берганини билмадингизми?! Одамлар орасида илмсиз, ҳидоятсиз ва равшан китобсиз (бўла туриб) Аллоҳ ҳақида тортишадиганлари ҳам бор”(Луқмон сураси 20-оят).

“Аллоҳ ердаги нарсаларни, денгизда Ўз изни ила юрадиган кемани сизга бўйсундириб қўйганини ҳамда осмонни изнисиз ерга тушишдан тутиб туришини кўрмадингизми?! Албатта, Аллоҳ одамларга шафқатли ва меҳрибондир” (Ҳаж сураси, 65-оят).

Аллоҳ наздида инсон мукаррам мавжудот бўлганлиги учун ҳам ер юзидаги барча нарса унга бўйсундириб қўйилган. Дарҳақиқат, ер юзидаги барча бойликлар, илм-фан йўли билан эришилган ютуқ ва кашфиётларнинг барчаси Аллоҳ таоло инсон учун бўйсундириб қўйган неъматлардир.

Аммо бу неъматларнинг инсонга бўйсундирилишида ўзига яраша сабаб ва мақсадлар бор. Сабаб – мана шу бўйсундирилган нарсалар инсонга хизмат қилсин, ер юзида қиладиган ишларида унга ёрдам берсин. Мақсад эса, инсон ўзига бўйсундирилган бу неъматларга шукр қиладими ё куфрони неъмат қиладими шуни синашдир. Бу маъно қуйидаги оятларда ўз ифодасин топган:

“У ўлим ва ҳаётни сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ  эканлигингизни синаш учун яратди” (Мулк сураси 2-оят).

“Биз ер юзидаги нарсаларни, уларнинг қайсилари гўзалроқ амал қилишини синаш учун, зебу зийнат қилиб қўйганмиз” (Каҳф сураси 7-оят).

“Шундай қилиб, Биз уларни сизга бўйинсундириб қўйдик. Шоядки, шукр қилсангиз” (Ҳаж сураси 36-оят).

Инсон ўзига бўйсундириб қўйилган нарсаларни Аллоҳнинг тоати ва розилиги йўлида сарфласа, Аллоҳнинг синовидан яхши ўтган ҳисобланади.

Агарда бу неъматларни ер юзида бузғунчилик қилишга ишлатса, синовдан ўтолмай, муваффақиятсизликка учраган бўлади.

Жамиятимизда, айниқса, ёшлар орасида кенг оммалашган замонавий алоқа воситалари, хусусан, телефон ва интернет ҳам Аллоҳ таоло инсонга бўйсундириб қўйган кўплаб ихтиролардан биридир. Бизга берилган кўплаб неъматларнинг сабаб ва мақсадлари бўлгани каби телефон ва интернет неъматида ҳам ўзига яраша сабаб ва мақсадлар бор.

Бу воситаларнинг бизга неъмат қилиб берилишидан сабаб – бу алоқа воситалари бизга хизмат қилади, узоғимизни яқин қилади.

Мақсад эса биз бу неъматларни Аллоҳ рози бўладиган ўринларга ишлатиб, шукр қилувчилардан бўламизми ёки Аллоҳ ғазабланадиган ишларга сарфлаб, неъматни исроф қиламизми, ана шуни синаш, имтиҳон қилиш учундир.

Ҳозирда деярли барча ёшлар ушбу алоқа воситаларидан фойдаланадилар. Баъзилари интернет ва телефондан тўғри йўлда фойдаланиб, берилган неъматни қадрлаши кишини ҳурсанд қилса, баъзиларининг бу воситаларни Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган ўринларга ишлатиб, исроф қилиши соғлом фикрли кишини ташвишга солмай қўймайди.

Ижтимоий тармоқларни шериклари билан илмий баҳс қилиш, бир- бирларига яхши нарсаларни улашиш учун фойдаланадиган ўспирин ундан тўғри фойдаланган бўлади.

Аксинча, уятсизлик ва фаҳш  ҳамда бекорчи нарсаларни тарғиб қилиш учун ижтимоий тармоқларда вақтини кетказадиган ўспирин эса бора-бора ҳалокатга юз тутиши муқаррар.

Замонавий алоқа воситаларини ишлатишнинг энг хатарли учта зарари бор. Қуйида шу зарарларни бирма-бир санаб ўтамизки, шояд ушбу мақолани ўқиган азизларимиз бундан ўзларига ваъз-насиҳат олсалар ва бу зарарлардан четлансалар.

  1. Шаҳсий ва ижтимоий зарар.

Алоқа воситаларини ҳаддан ташқари кўп ишлатиш кишини ижтимоий муҳитдан, яқинларидан ажратиб қўяди. Айниқса, ижтимоий тармоқларга муккасидан кетиш оқибатида киши виртуал оламда яшашга ўрганиб қолади. Натижада инсон одамовилик, қўрқоқлик ва ожизликка мойил бўлиб қолади.

Бугунги кунда дунёнинг баъзи мамлакатларида интернетни ишлатишга берилиб кетиш касалини муолажа қилувчи даволаш марказлари очилган бўлиб, бу марказлар ёрдамида интернетга муккасидан кетганларни ижтимоий ва оилавий ҳаёт муҳитига қайтариш чоралари кўрилади.

  1. Соғлиққа зарари

Бугунги кунда жамики шифокорлар наздида “компьютер касалликлари” деб номланган касалликлар мавжуд. Бу касалликлар оқибатида инсон бел оғриғи, бўғим оғриқлари, айниқса, кўз шамоллаши, бўйин оғриғи ва шу каби жисмоний йўқотишларга дучор бўлади. Яқинда Германияда чоп этилган нашрларнинг бирида ёзилишича, видео ва компьютер олдида соатлаб вақтини ўтказувчи кишилар кўз касалликларига бошқалардан кўра кўпроқ чалинишар экан. Мана шу касалликларга қўшимча тарзда асаб касалликлари ҳам пайдо бўлиб, улар мобил ёки ундан бошқа жиҳозлардан чиқадиган электр зарядларининг танага сўрилиши натижасида юзага келади. Аллоҳ таоло омонат қилиб берган таъна аъзоларини имкони борича соғлом сақлаши лозимлигини англаб етган ҳар бир мусулмон киши шу жиҳатларни ҳам ҳисобга олиши лозим.

  1. Диний ва хулқий зарари.

Бу алоқа воситаларидан керагидан ортиқ фойдаланиш оқибатида кўриладиган энг хатарли зарар ҳисобланади. Бунга баъзи ёшларнинг бу алоқа воситаларини ҳаром ишларга ишлатиши, фаҳш ва беҳаё тасвирларни томоша қилиши ёки номаҳрамлар билан ижтимоий тармоқлар орқали гаплашишларини мисол келтириш мумкин. Ё бўлмаса фаҳшни тарғиб қилувчи расм ва видеоларни тармоқ ёрдамида тарқатадиган, ҳатто шу орқали даромад ишлашни ўзига касб қилиб олган фосиқ кимсаларнинг қилмишларини ҳам гапириб ўтишимиз ўринли. Биз уларнинг бу жирканч ишлари ҳақида кўп гапириб вақтимизни кетказиш ниятимиз йўқ. Уларга Қуръони каримдаги мана шу оят кифоя қилади ва қилиб юрган ишларидан қайтадилар деган умиддамиз.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, иймон келтирганлар ичида фоҳиша (иш) тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир” (Нур сураси 19-оят).

Ибрат бўлиши учун бир аёлнинг бошидан ўтган аянчли воқеани эслаб ўтсак. Ўша қиз ўз дугонасига шундай ёзади: “Қадрли дугонам! Сен бошимдан кечирган ушбу воқеага, қандай қилиб ўз хоҳишим билан бошимга шундай балони сотиб олганимга сира ишонмасанг керак. Ўз аҳмоқлигим билан қилган гуноҳим шунчалик оғирки, бу дунёда нимаики бўлса, уларнинг ҳар бирини Аллоҳ азза ва жалланинг мени мағфират қилиши учун берган бўлардим. Бошимга орттирган бу ишим сабабли йиғламаган бирон куним йўқ…

…Бир куни дугоналаримдан бири мени ўз уйига чақирди. Дугонам интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланадиган қизлардан эди. Соатлаб вақтини интернетга сарфларди. Мен уни кўришга борган вақтимда ҳам бошини компьютеридан кўтармай, мен билан суҳбатлашарди. Бошини қўтарса ҳам қўл телефонига келган баъзи хабарларни ўқиш учунгина кўтарарди. Мен эса интернетга қизиқмас эдим. Аста-секин дугонам мени интернетга қизиқтириб, икки ой давомида ундаги кўп нарсаларни ўргатди. Кейин мен эримдан интернетга кириш учун уйимизга Wi-Fi тармоғи ўрнатишини илтимос қилдим. Бошида эрим унамади. Узоқ тортишувлардан сўнггина у рози бўлди. Шундай қилиб мен жуда кўп вақтимни интернетга сарфлайдиган бўлиб қолдим. Ижтимоий тармоқларда ўзим эркак ёки аёл киши эканлигини билмайдиган сохта профиллар билан очиқ алоқаларга киришдим. Чат орқали ким менга хат ёзса, қизиқиб у билан гаплашаверардим. Ҳаттоки, мен билан гаплашаётган шахс эркак кишилигини билиб туриб гаплашаверадиган холатга келдим. Эркаклар билан гаплашиш мумкин эмаслигини билсам ҳам интернет ва компьютерга тегишли баъзи бир нарсаларни ўрганиш баҳонасида улар билан ёзишмаларни давом эттиравердим. Лекин мана шу арзимагандек кўринган ишларим мени жар ёқасига олиб келиб қўяётганини сезмасдим. Мен кимлиги номаълум бўлган ўша кишилардан интернет ва ижтимоий тармоқларга тегишли кўп нарсаларни ўргандим. Уларнинг ичидан биттаси алоҳида ажралиб турарди. Интернет борасида жуда кенг билимга эга бўлгани боис мен у билан кўпроқ мулоқот қилардим. У билан доим гаплашар ва кўп ишларда ўта соддалик билан унга мурожаат қилардим. Охири бориб у билан тармоқ орқали кун бўйи гаплашадиган бўлиб қолдим. Бу нарса менга ёқарди, завқланардим ва охири ўзим хали кўрмаган, қандай инсон эканлигини билмайдиган одамни  ёқтириб ҳам қолдим…

Бир куни у мендан овозимни эшитишни сўради ва бу талабида қаттиқ туриб олди. Агар бу ишни қилмайдиган бўлсам менга ёзмай қўйиши ва интернет ҳамда ижтимоий тармоқ ҳақидаги нарсалардан бехабар қолиб кетишим билан қўрқитди. Мен фақатгина бир марттагина гаплашиш шарти билан рози бўлдим. У ҳам шартимга кўнди. Сўнг овозли хабар юбориш дастури орқали гаплашдик. У менга овозим ёққанлигини очиқ-ойдин айтди ва мен билан кўришиш истаги борлигини билдирди. Мен рози бўлдим. Биз жамоат жойида кўришдик. Мен унга оилали эканим ва болаларим ҳам борлигини айтдим. У мени ўзининг ширин сўзлари ва гўзал иборалари билан то унга боғланиб қолгунимча роса авради… Шу тахлитда кунлар ўтаверди. Мен аҳмоқ эса, ақлимни йиғиб олиш ўрнига унга янада қаттиқроқ боғланиб борардим.  Бир куни у мендан эримдан талоқ сўрашимни, агар шундай қилсам, менга албатта уйланишини айтди. Унинг фикрлари мени ўйлантириб қўйганди. Эрим ҳизмат сафари билан беш кунга кетган куни одатдагидек ўша шахс билан гаплашиш учун интернетга кирдим. Унга эримнинг сафарга кетганини айтдим. У мендан яна кўришишни сўради. Учрашув белгиланган жойга чиройли машинада келди. Мен машинага миндим. Ўша пайтда ҳаётда энг катта хатога йўл қўяётганимни англамагандим. Машина ҳайдовчиси бизни шаҳардан ташқарига олиб кетарди. Қаерга кетаётганимизни сўрасам, мени ўз ота-онаси билан таништирмоқчи эканини айтди. Айтишича, уйлари шаҳардан ташқарида экан.

Машина шаҳар ташқарисига чиқиб бироз юргач, ҳароба бир уй олдида тўхтади. Бу уйда одам яшайдиганга ўхшамасди. Эшик олдида бир эркак киши турарди. Машинадан тушиб уй дарвозаси олдида уйга кириш-кирмаслигимни ҳам билмай қолдим. Бўлажак “қаллиғим”дан “Бу қандай жой бўлди”, деб сўрагандим орқамдан ҳалиги ҳайдовчи келиб мени маҳкам ушлаб уй ичига улоқтирди. Қаршилик кўрсатганим сабаб бошимга бир зарба келиб тушди. Қанча бақир-чақир қилмай бирор киши мени эшитиб ёрдамга келмади. Сўнг бошимга яна бир мушт келиб тушди. Ҳушимдан кетдим…

Ўзимга келиб ўзимни шармандали, жирканч ҳолда кўргач, улардан мени қўйиб юборишларини сўрадим. Улар мени қўйиб юбораётиб шундай дейишди: “Сен ҳозир уйингга борасан, лекин билиб қўй, бирон кишига оғиз оча кўрма, акс ҳолда, ўзинг шарманда бўласан. Агар бу ҳақида бировга шикоят қилсанг фарзандларингдан ўч оламиз. Биз билан ҳазиллаша кўрма!”.

…Бошимдан ўтган аянчли воқеа шу эди. Аллоҳ таолодан гуноҳларимни кечиришини умид қиламан. Бу ишлардан кейин ўзимни эрим билан яшашга лойиқ деб билмаганим учун ундан талоқ сўрадим. Гулдек оилам барбод бўлди. Келажакда менда содир бўлган нарса бошқа бирон кишида содир бўлмаслигини умид қиламан”.

Мана азизлар, ижтимоий тармоққа муккасидан кетиш оқибати нималарга олиб келишини хаётий воқеа мисолида кўриб турибсиз. Ортиқча изоҳга ҳожат бўлмаса керак.

Азиз ёшлар! Ушбу мақоламиз сўнггида замонавий алоқа воситалари билан қандай муносабатда бўлишимиз кераклигини айтиб хулоса қилмоқчимиз. Биздан талаб қилингани икки ишдир:

  1. Алоқа воситаларини ўзимиз ва атрофимиздагиларнинг манфаати йўлидагина ишлатайлик.
  2. Аллоҳ таоло мана шу воситаларни ишлатаётган пайтимизда бизни кузатиб турганини билишимиз, У доим биз билан бирга, бизни кўриб, эшитиб турганини ҳис қилишимиз лозим.

Зеро, Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Эҳсон бу Аллоҳ ҳудди У сени кўраётгандек ибодат қилишинг. Агар сен Уни кўрмасанг ҳам, У сени албатта кўриб туради.”

What you can read next

Доримий асарларининг дурдонаси “Сунани Доримий”
Доримий асарларининг дурдонаси “Сунани Доримий”
Xotira maydoniga maʼnaviy-maʼrifiy tashrif tashkil etildi
Xotira maydoniga maʼnaviy-maʼrifiy tashrif tashkil etildi
Тариқат ҳақида тасаввурларимиз
Тариқат ҳақида тасаввурларимиз

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Mustaqillik — uluğ ne’mat

  • Kitoblar bilan muomala qiliş odoblari va ularni qölga kiritişga tarğib

  • ILM AMAL BILAN KAMOLGA YETADI

  • Ustoz va şogirdga umumiy bölgan odoblar

  • Kökaldoş madrasasida Xalqaro bağrikenglik kuniga bağışlangan “Zakovat” intellektual öyini taşkil etildi

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

БЎЛИМЛАР

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
  • Taʼlim
  • Kurslar
  • Qabul
  • Boğlaniş

Тезкор ҳаволалар

  • Qabul tartibi
  • Kiriş imtihonlari 2027-2028
  • Ötiş ballari
  • Topşirganlar soni
  • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
  • Tayyorlov kursi
  • 4 yillik öquv dasturi
  • Imtihon duolari

АЛОҚА

Тошкент 100208, Чилонзор тумани, Гулистон кўчаси, 37/1

+998 94 988 23 43

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

KökaldoşKökaldoş

Yandex xarita →Google xarita →

© 2018 - 2026. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
АОКА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

TOP