9. Қурайш қавми зодагонлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дўстлари Абу Бакр билан ҳижрат қилганларини эшитиб, уларни тутиб келган кишига катта мукофот ваъда қилишди. Бунинг дарагини эшитган Суроқа ибн Молик дарҳол отига миниб, икки дўстнинг ортидан тушди. Уларга етай деб қолганида Пайғамбар алайҳиссалом унинг ета олмаслигини сўраб, Аллоҳ таолога илтижо қилди-лар. Шу заҳоти Суроқа чоптириб келаётган отнинг туёқлари ерга ботиб қолди. Суроқа отидан қулаб тушди. Бундай бўлишини кутмаган Суроқа дарҳол камон ўқини олиб, фол очиб кўрса, ўзи хоҳламаган нарса чиқди. Шундай бўлса-да, яна отига миниб, таъқиб қилишда давом этди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шу даражада яқинлашдики, ҳатто у зотнинг Қуръон ўқиётганлари эшитила бошлади. Пайғамбар алайҳиссалом Суроқанинг яқинлашганини бил-салар-да, ортларига қарамай, хотиржам кетавердилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса ҳар замон-ҳар замонда орқага қараб, «Бизга яқин келиб қолди», деб хавотирланардилар. Набий алайҳиссалом Абу Бакр розияллоҳу анҳуни тинчлан-тириб: «Ташвишланманг, албатта, Аллоҳ биз билан бирга», дедилар. Шу пайт Суроқа минган отнинг оёқлари иккинчи марта қумга ботиб кетди. Суроқа ҳаракатлари ортиқ фойда бермаслигини тушунди ва бошига бало келишидан қўрқиб, узоқдан бақириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам-дан омонлик беришларини сўради. Пайғамбар алайҳиссалом Суроқага омонлик бердилар ва унга ортларидан қидириб ке-лаётган мушрикларни қайтаришни буюрдилар. Суроқа қайтиб кетди. Йўлда Пайғамбар алайҳиссаломни излаб кела-ётган кишиларни кўриб қолганда эса «Шу ерда тўхтайверин-глар, улар бу томонда эмас», дея уларни чалғитди. Ғор мўъжизаси ва Суроқанинг қиссаси ҳақида Бусирий шундай шеър ёзган:
Паррандаю дарранда эркин юрган жойларда,
Пайғамбар жафо кўрган қавмнинг шўри қурсин!
Ҳатто ҳайвонлар севиб, ғариблар дўст тутганда,
Юртдан ҳайдаб чиқарган қавмнинг шўри қурсин!
Ортидан таъқиб этиб, югуртирмишлар отни,
Топмоқ-чун қалқитдилар ҳар бир танишу ётни.
Ўргимчаклар тўр тўқиб, ҳимоя қилган зотни
Каптарчалик тушунмаган қавмнинг шўри қурсин!
Мажбуран ва ноилож Мадинага кетмишлар,
Ҳатто жинлар ҳам йиғлаб, қасидалар битмишлар.
Мусулмонлар бу ҳолдан ажабланиб демишлар:
«Расулни сиғдирмаган қавмнинг шўри қурсин!»
Суроқалар етолмай, иймон келтирди йўлда,
Тинмай сут берди қўйлар, ўт емаса ҳам чўлда.
Умматлари васлига интизор ўнгу сўлда,
Муҳаммадни билмаган қавмнинг шўри қурсин!
10. Ибн Исҳоқ ва бошқа сийрат олимлари айтадилар: «Бир куни Абу Жаҳл Пайғамбар алайҳиссаломни намозда сажда қилаётган ҳолда кўрди. У зотни кўрди-ю, шерикларига бер-ган ваъдаси эсига тушди. Бир неча кун аввал Абу Жаҳл дўстлари билан ўтирганида: «Агар яна бир марта Муҳам-маднинг масжидда сажда қилаётганини кўрсам, қасамки, бошини тош билан уриб ёраман», деб касам ичиб қўйган эди. Энди ана шу ваъдани бажариш фурсати келган эди. Абу Жаҳл ердан бир тошни олиб, Пайғамбар алайҳиссаломга яқинлашди. Шериклари воқеани диққат билан кузатиб ту-ришарди. Абу Жаҳл қўлидаги тошни кўтаришга кўтарди-ю, бирданига ранги оқариб, қўлидаги тошини тушириб юборди. Шерикларининг олдига ранги бир аҳволда қайтиб келгач, дўстлари ундан нима учун ваъдасини бажара олмаганини сўрашди. Абу Жаҳл: «Муҳаммадни урмоқчи бўлиб, тошни юқорига кўтарганимда кўз олдимда баҳайбат туя пайдо бўл-ди. Агар яна бир қадам юрганимда, у мени еб қўярди», деди. Кейинчалик саҳобалар бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссаломга хабар беришганда: «У Жаброил эди, агар яна сал яқин-лашганида Абу Жаҳлнинг жазосини бериб қўярди», деди-лар».
Бу воқеани ҳам имом Бусирий ажойиб тарзда мисраларга жойлаган:
Суиқасд қилиш дардида баттоллар қотирмиш бош,
Бу ишга тўпландилар мушриклардан қари-ёш.
Шу топ мағрур гап қотиб, «Мана мен боплай», дея
Турарди Абу Жаҳл, бир қўлида ушлаб тош.
Яқинлашиб, Расулни урмоқ учун чоғланди,
Шу пайт олдида Малак Анқо каби жонланди,
Қўрқув ичра чекинди, тоши қолиб қўлида,
Қавми ёнига бориб, ўз ҳолидан зорланди.
Мазах қилиб кулдилар, мулзам бўлди ул бадбахт,
Даҳшатли манзарадан ҳали ҳам эди карахт.
Расул хабар бердилар: «Жаброил эди ўша,
Агар қўл кўтарсайди, калласи кетарди нақд».
11. Самарқандий айтади: «Муғийра уруғидан бир киши Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жонларига қасд қилиш ниятида у зотнинг ёнларига келганида Аллоҳ та-оло унинг кўзини кўрмайдиган қилиб қўяди. Нияти амалга ошмаган бадбахт ўз қавми олдига зўрға пайпасланиб боради, то исмини айтиб чақирмагунларича уларни топиб бора ол-майди».
12. Ибн Исҳоқ шундай воқеани келтиради: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ саҳобалар билан Ба-ну Қурайзага келиб, баланд бир қасрнинг девори остига ўтирдилар. Шунда Амр ибн Жаҳҳош деган бир бадбахт Ра-сулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдиришга қулай фурсат топилди деб, ул зот ўтирган бинонинг томига чиқиб, устиларига тегирмон тошини ташламоқчи бўлди. Жаброил алайҳиссалом орқали бундан хабар топган Расулуллоҳ сол-лаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол ўринларидан туриб, Мади-нага қайтиб кетдилар ва ортларидан Мадинага етиб келган саҳобаларга Бану Қурайза қилмоқчи бўлган қинғир ишни айтиб, индамай кетиб қолганлари сабабини тушунтирдилар».
Қуръони Каримда бу воқеа хусусида шундай дейилади:
«Эй иймoн кeлтиргaнлaр! Aллoҳнинг сизлaргa (бeргaн) нeъмaтини эслaнгиз: бир қaвм (кишилaри) сизлaргa қўл кўтaриш (ҳужум қилиш)ни ният қилгaнидa қўллaрини си-злaрдaн қaйтaргaн эди. Aллoҳдaн қўрқингиз! Мўминлaр фaқaт Aллoҳгa тaвaккул қилсинлaр!» (Моида сураси, 11-оят).
Самарқандий ҳикоя қилади: «Яҳудийларнинг Бану Назир қабиласи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳимо-яларида бўлган Килоб қабиласига мансуб икки кишини ўл-дирган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша икки кишининг товонини сўраб, Бану Назир қабиласига бор-дилар. Қабила боши Ҳуяй ибн Ахтоб ўзини Пайғамбар алайҳиссаломнинг ташрифларидан қувонган кишидек кўрса-тиш учун у зотни яхши кутиб олиб, сохта табассум билан: «Эй Абул Қосим, аввал ўтир, бир оз дам ол, сени ва саҳоба-ларингни бир меҳмон қилайлик, кейин сўраган нарсангни берармиз», деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо билан бирпас хордиқ чиқариш учун ўтирдилар. Бундан фойдаланган Ҳуяй ва унинг шериклари бир хуфя мажлис уюштириб, Пайғамбар алайҳиссаломга суиқасд қилишга келишиб олишди. Жабро-ил алайҳиссалом яҳудийларнинг бу кирдикорларидан Пайғамбар алайҳиссаломни воқиф этди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гўё қазои ҳожатга чиқмоқчи бўлган кишидек, ўринларидан туриб кетдилар. Шу кетишда Мадинага йўл олдилар. Яҳудийларнинг фитнаси амалга ош-май қолди».
13. Абу Жаҳл Қурайш мушриклари йиғиладиган маж-лислардан бирида: «Агар Муҳаммаднинг намоз ўқиётганини кўриб қолсам, бўйнини оёғим билан босиб, эзаман», деб қасам ичган эди. Бу гапни эшитган «текин томоша» кўриш илинжидаги кофирлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васал-ламнинг намоз ўқиш пайтларини пойлаб юриб, намоз ўқиёт-ганларини кўришлари билан дарҳол Абу Жаҳлга хабар бе-ришди. Абу Жаҳл берган ваъдасини бажариш учун Пайғам-бар алайҳиссалом намоз ўқиётган жойга келди. У зотга яқинлашди-ю, бирдан қўллари билан ўзини пана қилганча орқага чекинди. Воқеага узоқдан томошабин бўлиб турган мушриклар Абу Жаҳлнинг шаштидан тушиб келганини кўриб, нима учун ваъдасини бажармагани ҳақида сўрашди. Абу Жаҳл уларга: «Унинг олдига энди яқинлашганимда ло-вуллаб ёнаётган чуқур оғзига келиб қолганимни кўрдим. Яна бир қадам ташласам, унга тушиб кетардим. Яна қанотларини қоқиб турган даҳшатли бир шарпани ҳам кўрдим. Қанотлари бутун ер юзини қоплаб олган эди», деб жавоб берди. Бу воқеанинг овозаси бутун шаҳарга тарқалди. Саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Жаҳл кўр-ган нарсалар ҳақида сўрашган эди, у зот: «Улар фаришта-лар эди. Агар ўшанда менга яқинлашганида уни тилка-пора қилиб ташлаган бўлишарди», дедилар. Шу воқеадан кейин Абу Жаҳл ва у кабилар ҳақида қуйидаги оятлар нозил бўлди:
«Йўқ!!! Дaрҳaқиқaт, инсoн ҳaддидaн oшaр. (Бунга) са-баб ўзини бой-беҳожат санашидир. (Эй инсон,) қайтишинг Роббинг ҳузуригадир. (Эй инсон!) намоз ўқиётган бандани тўсадиган кимсани кўрдингми?! Кўрдингми, агар у (намоз ўқувчи) ўзи тўғри йўлда бўлса, ёки (ўзгаларни) тақвога (Аллоҳдан қўрқишга) буюрса?! Кўрдингми, агар у (намоздан тўсувчи ҳақни) инкор этса ва (у иймон келти-ришдан) тўсилса, Аллоҳ (унинг бу қилмишларини) кўриб туришини билмасми?! Йўқ! Қасамки, агар (у бу йўлидан) қайтмаса, Биз унинг пешона сочидан тутамиз. Ўша ёлғончи, адашган (кимса)нинг пешона сочидан (тутиб, жаҳаннамга отурмиз). Майли, у ўзининг жамоасини (ёр-дамга) чақираверсин! Биз эса азоб фаришталарини чақи-ражакмиз! Йўқ! (Эй Муҳаммад!) Сиз унга итоат этманг, балки (ёлғиз) Аллоҳга сажда (ибодат) қилиб, (Унга) яқин бўлинг!» (Алақ сураси, 6–19-оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу жанглардан би-рида Шайба ибн Усмон деган кишининг отаси ва амакисини ўлдирган эди. Ҳунайн ғазоти куни Пайғамбар алайҳиссалом-га рўбарў келган Шайба ўч олиш вақти келганини тушунди. Қиличини қинидан суғуриб, жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга орқа томондан яқинлашиб кела бошлади. Шу топда бирданига кўз олдида ловуллаб олов кўтарилди. У оловда ёниб, жизғанак бўлишдан қўрқиб, орқага чекинди. Ваҳоланки, кўтарилган алангани ундан бошқа ҳеч ким кўрмаётган эди. Пайғамбар алайҳиссалом унинг ниятини пайқаб, ёнларига чақирдилар. Муборак қўлларини Шайба-нинг кўксига қўйдилар. Шайба шу пайтгача қалбида Пайғамбар алайҳиссаломга қанчалик нафрат ҳиссини туйган бўлса, Сарвари олам унинг кўксидан қўлларини олишлари билан ундан ҳам кўпроқ муҳаббат ҳиссини туя бошлади. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдир-моқчи бўлган қиличи билан у зотни ҳимоя қилиб, жанг охи-ригача душманга қарши турди.
14. Фазола ибн Умайрдан ривоят қилинади: «Макка фатҳ қилинган йили Муҳаммад алайҳиссаломни ўлдириш ниятида йўлга тушдим. Маккага кирсам, Набий алайҳиссалом Бай-туллоҳни тавоф қилаётган эканлар. Қора ниятимни амалга ошириш учун у зотга яқинлашган эдим, у зот менга қаради-лар-да: «Фазоламисан?» дедилар. «Ҳа», дедим. «Ҳозир ичингдан нималар ўтди?» дедилар. Мен ҳаяжонланиб: «Ҳеч нарса», дедим. Шунда Расулуллоҳ кулдилар-да: «Хаё-лингдан ўтган ёмонликлар гуноҳини Аллоҳ кечирсин» деб, ҳаққимга истиғфор айтиб, қўлларини кўксимга қўйди-лар. Ўшанда қалбим хотиржам бўлиб қолди. Аллоҳга қасам-ки, қўлларини олишлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан қалбимда шундай илиқ ҳислар пайдо бўлдики, дунёда мен учун у зотдан севимлироқ киши бўлмаса керак, деб ўйлаб қолдим. Шундай қилиб, қалбим хотиржам ҳолда ўз аҳлим олдига қайтдим. Йўлда илгари мен билан суҳбатлашиб юрадиган бир аёлнинг олдидан ўтиб қолдим. У: «Кел, суҳбатлашамиз», деди. Мен «Йўқ», дея рад жавобини бердим». Фазола ўша ҳолат ҳақида ҳаяжонланиб, шундай дейди:
Бутлар парчаланган ўша Фатҳ куни
Ўлдирмоқ-чун бордим буюк Расулни.
Кўксимга кафт босмиш ниятим англаб,
Ул зот маҳв этганди ўша он мени.
Қалбим ором олиб, изимга қайтдим,
Учратдим аёлни ўзим таниган.
Чорлади у мени ўзига томон,
Дедим: «Роббим мени бундан қайтарган!»
15. Бир куни Омир ибн Туфайл билан Арбад ибн Қайс Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига гўё у зотни зиёрат қилмоқчи бўлган кишилар каби кириб келишди. Ни-ятлари эса у зотни ўлдириш эди. Йўлда келаётиб, шу нарсага келишиб олишганди. Режага кўра Омир Расулуллоҳ сол-лаллоҳу алайҳи васалламни гап билан чалғитиб туриши, Ар-бад эса кутилмаганда орқадан зарба бериши керак эди. Меҳмондорчилик асносида Омир турли гаплар билан Пайғамбар алайҳиссаломни чалғитиб, дўсти Арбадга қулай вазият яратишга уриниб кўрди. Лекин Арбад суҳбат охирга-ча ҳам ҳеч нарса қилмай ўтираверди. Пайғамбар алайҳисса-ломнинг ҳузурларидан чиққач, Омир ҳеч нарса қила олмаган шеригини койиб берди. Арбад эса унга: «Аллоҳга қасамки, энди ураман десам, кўз олдимдан Муҳаммад ғойиб бўлиб, ўрнига сен пайдо бўлиб қолавердинг! Нима, сени уришим керакмиди?!» деб ўзини оқлади.
16. Пайғамбар алайҳиссалом туғилишларидан олдин кўплаб яҳудий олимлар ва коҳинлар ул зотнинг таваллудлари ҳақида бир неча бор башоратлар беришган. Яҳудийлар Набий алайҳис-салом ҳақларида у зотнинг насаблари, туғилиш аломатлари, ша-рафлари ҳақида тўлиқ билимга эга эдилар. Улар Қурайш қавми-га тез орада бир Пайғамбар чиқиб, барча араблар устидан ғолиб бўлиши ҳақида огоҳлантиришар, бу ҳодиса содир бўлишидан олдин Пайғамбар алайҳиссаломни ўлдиришга ундашар эди. Яҳудийларнинг ўзлари Пайғамбар алайҳиссалом ёшликларида ҳам, катта ёшга етганларида ҳам бунга бир неча бор ҳаракат қилиб кўришган, лекин мақсадларига ета олишмаган. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги Набийсини Ўз динининг ҳимояси учун душманлар зараридан сақлаган эди.