2021 йил 29 март куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасасида “Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ёшлар билан амалга ошириладиган диний-маърифий, ахборот ва ташкилий ишлар тадбирлар режаси”га мувофиқ ҳамда “Экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари: Ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантириш, адашган оқимларга раддия бериш кўникмалари ва услублари” махсус курси асосида – “Мазҳабларни инкор қилиш ва мазҳабсизликнинг салбий оқибатлари” ҳамда “Бемазҳабларнинг нотўғри фатволари, ўзаро зиддиятлари ва уларга раддиялар” мавзуларида 1-курс ва 4-курс талабаларига давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбатига Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Ғуломиддин домла Ҳолбоев таклиф этилди.
Тадбирни маънавий-маърифий масалалар бўйича мудир ўринбосари А.Ғаниев кириш сўзи билан очиб берди ва мавзу юзасидан ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдириб, навбатни Ғ.Ҳолбоевга берди. Маърузачи ўз маърузасида фатвонинг луғавий, истилоҳий маънолари, фатво сўраш одоблари ҳақида маълумотлар бериб ўтди. Қадим-қадимдан уламолар шариат далилларидан ҳукмлар истинбот қилиш йўлларини баён қилиш баробарида ҳукм чиқариш салоҳиятига эга бўлмаган инсонлар Қуръон ва ҳадислардан тўғридан-тўғри ҳукм чиқаришлари мумкин эмаслигини қаттиқ тайинлаганликлари таъкидланди. “Агар билмасангизлар, зикр аҳлидан сўрангиз” оятини далил қилиб динда тақводор олимга эргашиш лозимлигини уқтирганлар. Ана шунда улар Аллоҳ ва Расулига итоат қилиш вазифасини тўғри адо этган бўладилар. Мазҳабга эргашишнинг моҳиятида шу маъно ётади. Фиқҳий мазҳабларни менсимаслик, ўзбошимчалик билан Қуръон ва ҳадисни талқин қилиш, фатвога журъат қилиш катта мусибатларга йўл очади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Фатвога журъатлироғингиз дўзахга журъатлироғингиздир”, деб айтганлар. Қолаверса, нолойиқ одамларнинг иш бошига чиқиб олиши қиёмат аломатларидандир. Лаёқатли кишидан шаръий ҳукм ҳақида сўралса унга қўйиладиган шартлар, фатвонинг шариатдаги ўрни, ҳозирги кундаги ихтилофли масалаларнинг шу мавзуга алоқадор жиҳатлари айтиб ўтилди.
Тадбир сўнгида А.Ғаниев ўзининг фикр-мулохазаларини билдирди. Тадбир иштирокчилари ўзларига керакли бўлган маълумотларни олганликларини таъкидлаб ўтишди ва ташриф буюрган меҳмонга миннатдорчилик билдирилди.


“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати





