Мусулмонларнинг қибласи сифатида муқаддас Каъбатуллоҳ белгиланган. Уни кўришни, ёнгинасида намоз ўқишни орзу қилмайдиган мўмин бўлмаса керак. Шу сабабдан, мусулмонлар орасида Каъба ва унинг тарихи анча қизиқ мавзулардан бири ҳисобланади. Келинг унинг қурилиш тарихидаги асосий нуқталарига назар ташлаймиз.
Каъбани илк бора ким қургани ҳақида бир қанча фикрлар бор бўлиб, уни илк бора Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан биргаликда бунёд этганликлари машҳурроқ фикрдир.
Иброҳим алайҳиссаломнинг Каъбани бунёд этишлари ҳақида Қуръонда очиқ ойдин айтилган (Бақара сураси 127-оят, Оли Имрон сураси 96-оят). Аммо у ҳозирги кўринишидан анча фарқ қилган. Унинг таҳминий ўлчамлари 16га 11 метр бўлиб, баландлиги 4 метрни ташкил қилган.
605-милодий йил, нубувватдан 5 йил аввал, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг 35 ёшларида, сув тошқинлари сабаб, Каъба анча зарар кўриб деворлари еқилай деб қолади. Шу сабабдан Қурайш қабиласи уни қайта қуришга киришдилар. Бунда, Қурайшнинг ҳар бир уруғи тўрт девордан бирини қуришга келишишади. Ҳадисларда айтилишича, бу қурилишда Каъбанинг пойдеворлари Иброҳим алайҳиссалом қурганидек қурилмаган, сабаби эса «нафақа етмагани» айтилган («Саҳиҳул Бухорий»). Бунда Каъбанинг бир томон девори 3 метрдан ортиқроққа орқага сурилади, ортиб қолган жойини ярим ой шаклида ўраб қўйишади. Бундан ташқари, томни 6та устун кўтариб турадиган қилиб қўйишади. Яна, ичкарига фақат ўзлари хоҳлаган кишиларни қўйиш учун Каъабанинг эшигини юқорироқ кўтариб қўйишади. Бироқ, деворларнинг бўйлари узайтирилади ва 9 метрга етади.
Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисларида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «…Агар қавмим жоҳилиятдан чиқиб, эндигина исломга қадам қўйган бўлмаганида, мен Каъбани шаксиз бузмоққа амр қилур эдим, ундан нимаики ташқарига олиб чиқиб қурилган бўлса, ичкарига олар эдим, мавжуд эшик остонасини пасайтириб, яна иккита – машриқ ва мағриб томондан эшиклар очар эдим. Иморатнинг пойдеворини Иброҳим алайҳиссолату вассалом давридагидек қилиб қурар эдим.» («Саҳиҳул Бухорий»). Ушбу ҳадисни ўз қулоқлари билан эшитган Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Макка шаҳрига ҳоким бўлганларида бу ишга қўл урадилар ва Каъбани Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хоҳишларидек қайта қурадилар. Бунда, Каъба пойдеворлари Иброҳим алайҳиссалом давридек қилиб кўтарилади, устунлар сони 3тага камайтирилади. Эшик ер билан баробар қилинади ва қарама қарши ғарб томондан яна бир эшик очилади. Деворлар 4 метрга баландлашади. Томидан ичкарига нур тушиши учун кичик дарча очилади. Бу воқеа 64-ҳижрий, 683-милодий йилда бўлган.
Аммо, орадан 10 йил ўтар ўтмас, ўзининг золимликлари билан тарихда қолган амир Ҳажжож ибн Юсуф Макка шаҳрини Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу қўлидан Умавийлар халифалигига қайта қўшиб олганидан сўнг, ўша даврнинг халифаси Абдулмалик ибн Марвонга Каъба таъмирга муҳтожлигини рўкач қилиб, уни қайта қуришга ижозат олади ва Қурайшликлар қургандек ҳолга қайтаради. Бунда пойдеворлар Қурайшликлар қурган жойларига қайтарилади ва бир томони яна Ҳатим (Ҳижри Исмоил) билан ўраб қўйилади, ғарбий эшик ёпиб ташланади (ҳозир ҳам унинг изларини кўришимиз мумкин), шарқий эшикни кичрайтириб, ердан 2 метр баландликга кўтариб қўйилади. Каъбанинг ҳозирги кўриниши айнан Ҳажжож Золим қурганидек ҳолатда. Кейинчалик Маккага келган халифа Абдулмалик юқоридаги ҳадисдан хабар топади ва қилинган ишдан кўп афсус чекади.
Ўз даврида халифа Хорун ар-Рашид Каъбани ҳудди Абдуллоҳ ибн Зубайр каби Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хоҳишларидек қайта қурмоқчи бўлади ва Имом Моликдан бу ҳақида маслаҳат сўрайди. Имом Молик эса: “Каъба хукмдорлар қўлидага ўйинчоқ эмас-ки, уни ўз хоҳишидек қайта қураверса”, дейдилар. Бу маслаҳатга қулоқ солган халифа ўз фикрини ўзгартиради.
Оҳирги катта таъмир ишлари Усмоний султон Мурод IV даврида бўлган. Бунда, қаттиқ ёғган сел тошқинни юзага келтиради ва сув баландлиги 3 метрга етади. Шаъбон ойи 20-кунида шарқий ва ғарбий деворлар қулаб тушади. эртаси куни таъмир ишлари бошланади ва деворлар ўз жойларига қайта қурилиб мустаҳкамлаб қўйилади. 1996-йили Каъба реставрация қилинади. Бунда фақат Каъба тошлари ўзгартирилмайди, барча бошқа нарсалари ўзгартирилади.
Ҳозирда Каъбанинг ўлчамлари 11,03 га 12,86 метр. Баландлиги эса 13,1 метр.
302-гуруҳ талабаси Икромбек Илҳомий таёрлади








