Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Инсоният юлдузлари туркум мақолаларимизнинг ушбу қисмида ташқи кўринишидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшайдиган саҳобалар ҳақида суҳбатлашишни лозим деб билдик.
Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг ўғли, исломга биринчи бўлиб кирган саҳобаларнинг бири ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг туғишган акаларидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Жаъфар мискинларни яхши кўрарди. Улар билан бирга ўтириб, уларнинг хизматларини қиларди ва улар ҳам унинг хизматини қилардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Абул Масокин (мискинларнинг отаси) деб кунялаганлар ва у кишига “Сен менга хулқим ва хилқатим (тана тузилишим)да ўхшайсан”, деганлар.
Абу Суфён ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу. Тўлиқ исмлари Муғийра ибн Ҳорис ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошимдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг ўғли бўлиб, Ҳалима Саъдийя орқали эмикдош ака-ука ҳисобланадилар. Абу Суфён ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу Макка фатҳида мусулмон бўлди ва шу кундан бошлаб Набий солаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлди.
Ҳошим ибн Урва отасидан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Абу Суфён ибн Ҳорис жаннат йигитларининг саййидидир”, дедилар.
Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалланинг набиралари, мўминларнинг амири. У киши ҳижрий учинчи йил рамазон ойининг ўрталарида Мадинаи Мунавварада туғилганлар.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига баъзи юмушларим учун бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу икки болам (Ҳасан ва Ҳусайн) Фотиманинг ўғиллари, Аллоҳим мен у иккисини яхши кўраман, сен ҳам у иккисини яхши кўргин ва у иккисини яхши кўрган кишиларни ҳам яхши кўргин”, дедилар.
Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари. У киши ҳижрий тўртинчи йил шаъбон ойида Мадинаи Мунавварада туғилганлар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни “Улар (яъни Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумолар) мени дунёдаги икки райҳонимдир”, деганларини эшитдим”.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтадилар: “Ҳасан ва Ҳусайн инсонларнинг ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг ўхшашроқларидир”.
Авн ибн Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг (жиянлари) амакиваччаларининг ўғли. У киши Ҳабашистонда туғилганлар ва оталари билан Хайбар ғазотида қайтиб келганлар.
Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Авн менга хулқим ва хилқатим (тана тузилишим)да ўхшайди”, деганлар.
Соиб ибн Убайд ибн Абдуязид ибн Ҳошим ибн Мутталиб ибн Абдуманоф имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳининг боболари. Бадр куни мушриклар томонда Бани Ҳошим уруғининг байроқдори бўлган. Кейин асирга тушиб, тўлов эвазига озод бўлганларидан кейин мусулмон бўлганлар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чодирларида эдилар, Соиб ибн Убайд ўғли билан келиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг отасига ўхшашлиги саодатидандир”, дедилар”.
Ибн Калбий:“У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшарди”, деганлар.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси Тошматов Каримуллоҳ