
“Кўкалдош” мадрасаси ўқитувчи ва ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида демократик ислоҳотлар йўлини қатъий давом эттирамиз” номли нутқини қизғин ўргандилар.
Нутқда илгари сурилган муҳим масалаларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб олиш мақсадида ташкил қилинган мазкур йиғилишда таълим муассасаси мудири М.Насриев маъруза қилди. Жумладан, Президентимиз “Инсон қадри учун” тамойилини илгари сурганликлари, инсон қадри деганда, ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб берилиши назарда тутилгани таъкидланди.
Шунингдек, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат этиб белгиланганлиги ва унинг мазмун-моҳияти изоҳлаб берилди. Мазкур стратегиянинг бешинчи йўналишида муқаддас ислом динимизнинг инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш, “жаҳолатга қарши – маърифат” тамойили асосида униб-ўсиб келаётган ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга алоҳида аҳамият берилиши энг устувор вазифа сифатида қаралиши айтилди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида юқоридаги консепцияга ҳамоҳанг тарзда таълим муассасасининг олдида турган долзарб масалалар ва истиқбол режалари кўриб чиқилди. Жумладан, таълим олиш учун қулай шароит яратиш – ўқув аудиторияларининг таъмирдан чиқарилиши, катта ва кичик конференция залларини тайёрлаш, бино бўйлаб локал тармоқнинг ишга туширилиши, кузатув камералари билан жиҳозланиши, ягона овоз системаси, овоз ёзиш студияси каби амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди ҳамда ушбу яратилган қулай меҳнат шароитидан фойдаланган ҳолда истиқболда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди. 2021-2022 ўқув йилида замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш, ахборот ресурс марказини рақамлаштириш, замонавий таълим платформасини ишга тушириш каби режалар муҳокама қилинди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларининг фикр-мулохазаларини билдирди, хайрли дуолар қилинди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати







