Барчага маълумки, бир неча йиллардан бери «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юртида “Қуръони карим ва тажвид” курси фаолият юритиб келмоқда. Ҳозирги кунгача давлатимиз берган бу имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда, мадраса раҳбарияти ва албатта устозларининг тинимсиз меҳнати, ҳамда саъй-ҳаракатлари билан бу муассасадан минглаб тингловчилар Аллоҳ таолонинг улуғ Каломини мукаммал тўғри ўқишни ўрганиб чиқдилар.
Ана шундай тингловчилардан яна бир қанчаси 18 март куни «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юртида «Қуръони карим ва тажвид» ўқув курсининг навбатдаги босқич машғулотларини бошлашди.


Тингловчилар дарсларга киришишларидан олдин улар билан давра суҳбати ташкил этилди. Давра суҳбатида билим юрти ЁБИММБ бошлиғи А.Ғаниев, билим юрти катта ўқитувчиси Ж.Холмўминов, «Қуръон карим ва тажвид» ўқув курсининг раҳбари Н.Шарипов ва устозлари қатнашдилар. Шунингдек, давра суҳбатига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстримизмга қарши курашиш Бош бошқармаси Мафкуравий тарғибот бўлими мутахассиси Фарруҳ Элмирзаев таклиф этилди. Ф.Элмирзаев ўз маърузаси давомида «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг мазмун-моҳияти, ноқонуний диний таълим олиш ва беришнинг қонун томонидан тақиқланганлиги ва қандай оқибатларга олиб келиши, бугунги кунда Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари, диний ислоҳотларнинг жадал суратларда ривожланаётгани ва бошқа масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди.



Давра суҳбати давомида катта ўқитувчи Ж.Холмўминов сўзга чиқиб, Қуръони Каримнинг фазилатлари, Рамазон ойида Қуръонга кўпроқ вақт ажратиш ва вақтдан унумли фойдаланиш, Қуръонни ўрганишда нималарга алоҳида эътибор бериш кераклиги ҳақида тингловчиларга ўз маслаҳатларини берди.
Ўқув курси раҳбари Н.Шарипов ўқув курси тингловчиларининг тартиб-интизомга риоя қилишлари, ўз вақтида дарсга келишлари, белгиланган дарсларга мунтазам иштирок этишлари ва бошқа интизомга оид масалаларда гапирган бўлса, Ф.Элмирзаев тингловчиларга бу курснинг ҳуқуқий жиҳатлари ва бошқа масалаларда керакли маълумотларни бериб ўтди.
“Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юрти ЁБИММБ бошлиғи А.Ғаниев






