Наҳв илмининг (Шамс) қуёши Али ибн Абу Толиб (в. 40 ҳ) розияллоҳу анҳу, бу илмнинг (Қомар) ойи Абул Асвад ад-Дувалий Басрий Алавий (в. 67 ҳ) роҳимаҳуллоҳ экани зикр қилинади. Бу иккала зотдан кейин Яҳё ибн Яъмар Басрий (в. 129 ҳ) роҳимаҳуллоҳ зикр этилади. Яҳё ибн Яъмардан наҳв илмини Абу Амр ибн Аъло Басрий (70-154 ҳ) ундан Ахфаш ал-Акбар Басрий (в.177 ҳ) ундан Юнус ибн Ҳабиб ан-Наҳавий ал-Басрий (90-172 ҳ) ва Исо ибн Умар ас-Сақафий (в. 149 ҳ) таълим олганлар. Сўнгра Юнус ибн Ҳабиб ва Исо ибн Умардан наҳв илмини Халил ибн Аҳмад ал-Басрий (100-175 ҳ) ва Абу Жаъфар ар-Рувваасий ал-Куфий таълим олганлар. Сўнгра Сибавайҳ роҳимаҳуллоҳ Халил ва Юнус роҳимаҳуллоҳлардан таълим олди. Имом Кисоий ал-Куфий наҳв илмини Абу Жаъфар ар-Рувваасийдан таълим олдилар. Имом Кисоийдан имом Фарро ал-Куфий таълим олдилар. Аммо имом Мубаррад ва ибн Кайсон роҳимаҳуллоҳлар Бағдодлик бўлганлар.
Ироқ диёри наҳв илмининг пешқадами бўлган. Наҳв илми борасида фазилатли бўлган имомлар асосан басралик, куфалик ва бағдодликлардан иборат эди. Бу илмда Басра шаҳри тахминан юз йил пешқадам бўлишган. Наҳв илми борасида Басра шаҳри ўзининг хос мактабига асос солганидан кейин Куфа шаҳри ҳам ўз мактабига асос сола бошлади. Аммо бағдодликлар бу иккала шаҳар ўз мактаби ва мазҳабига (наҳв илмида) эга бўлгандан кейин бу илмга қадам ташлай бошлади. Юқорида зикр этилган ўн бир юлдуздан олтитаси Басрада, иккитаси Куфада ва учтаси Бағдод шаҳарларида яшаб ижод қилган.
Улуғбек Абдувалиев
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси






