Агар фикр юритиб, ибрат назари билан кузатадиган бўлсак, инсон умрининг ўтиши, кеча ва кундузларнинг кетма-кет алмашиши жуда ҳам тезлик билан ҳаракатланади.
Аллоҳ таоло дунёда вақтларини ўйин кулги ва беҳуда ўтказган кимсаларнинг қиёматдаги жавобларини сифатлаб шундай дейди:
قَالَ كَمْ لَبِثْتُمْ فِي الْأَرْضِ عَدَدَ سِنِينَ (112) قَالُوا لَبِثْنَا يَوْمًا أَوْ بَعْضَ يَوْمٍ فَاسْأَلِ الْعَادِّينَ (113) قَالَ إِنْ لَبِثْتُمْ إِلَّا قَلِيلًا لَوْ أَنَّكُمْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ (114) أَفَحَسِبْتُمْ أَنَّمَا خَلَقْنَاكُمْ عَبَثًا وَأَنَّكُمْ إِلَيْنَا لَا تُرْجَعُونَ (115) فَتَعَالَى اللَّهُ الْمَلِكُ الْحَقُّ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ رَبُّ الْعَرْشِ الْكَرِيمِ (116)
112. У зот: “Ер юзида неча адад йил қолдингиз?”, деди.
113. Улар: “Бир кун ёки куннинг баъзисича қолдик. Ҳисобловчилардан сўра”, дедилар.
114. У зот: “Агар билсангиз, жуда оз қолдингиз, холос”, деди.
115. Наҳотки, Бизнинг сизни яратишимизда беҳуда бўлган ва сиз Бизга қайтарилмассиз, деб ҳисобласангиз?!
116. Бас, ҳақ подшоҳ Аллоҳ юксакдир. Ҳеч бир илоҳ йўқ. Магар У – карамли аршнинг Робби бор. (Мўъминун сураси, 112-116 оятлар)
Ибн Касир тафсирида, ушбу оят борасида Ибн Абу Ҳотимдан қуйидаги ҳадис келтирилган.
Сафвон разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Сафвон разияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳис саломни инсонларга хутба қилиб, шундай деяётганини эшитди: “Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам:“Албатта Аллоҳ таоло жаннат аҳлини жаннатга ва дўзах аҳлини дўзахга киритгач, шундай дейди: “Эй жаннат аҳли, ер юзида неча адад йил қолдингиз?” Улар: “Бир кун ёки куннинг баъзисича қолдик”, дейдилар. Аллоҳ таоло: “Бир кун ёки куннинг баъзисида қандай ҳам яхши тижорат қилдингиз, сизларга менинг раҳматим, розилигим ва жаннатим бўлсин, у жойда абадий туринглар”, дейди. Сўнгра: “Эй дўзах аҳли, ер юзида неча адад йил қолдингиз?”, дейди. Улар: “Бир кун ёки куннинг баъзисича қолдик”, дейдилар. Аллоҳ таоло: “Бир кун ёки куннинг баъзисида қандай ҳам ёмон тижорат қилдингиз, сизларга менинг ғазабим ва дўзахим бўлсин, у жойда абадий туринглар”, дейди.”
Демак, улуғларимиз тамонидан “Умр ўзи қисқа бўлса, сен ғафлатда бўлиб, уни яна ҳам қисқартириб юбормагин!” –деб айтилган насиҳат бугун яна ҳам аҳамиятлидир.
Бугунги кунимизда ўз умрларини қадрига етмасдан, вақтларини зое кетказаётган кишилар жуда ҳам кўпайиб кетди. Аллоҳ таоло барчамизни ҳидоятда бардавом қилсин. Умримизни қадрига етиб, вақтларимизни исроф қилмасдан, тўғри ҳаёт кечириб боришимизни Аллоҳ барчамизга насиб айласин.
Жалолиддин Холмўминов






