Шундай одатлар борки, кам бўлиши мақталади, кўпайиб кетишида зарар борлиги учун кўпи қораланади. Чунки озлигидан келиб чиқадиган натижа ва самара мақтов келтиради. Уламолар, донишмандлар ва табиблар наздида айрим одатларнинг меъёридан ортиғи ёмонланади. Бунга ейиш, ичиш ва ухлашни мисол қилиш мумкин. Чунки кўп еб-ичиш очкўзлик, баднафслик ва ҳирсга далолат қилади. Овқатни ҳазм қила олмаслик дунё ва охиратда кўп зарарлар ва аянчли оқибатлар, тана касалликлари, руҳий тушкунлик, бўшашиш ва заифликни келтириб чиқаради. Кўтаринкилик, фаоллик, зукколик ва огоҳликни йўқотиб, ғафлатга тортади. Ҳазм қилиш ва модда алмашинуви учун катта қувват сарфланиши оқибатида аъзоларда бўшашиш, фикрлашда сустлик, бутун баданда дангасалик ва толиқиш юзага келади. Таом ва ичимликларга ружу қўймаслик қаноат, кучли ирода, хоҳиш-истаклар, нафсоний майлларни енгиш ва улар устидан ҳукмронлик қилиш белгисидир. Шу билан бирга, саломатлик, зеҳн софлиги ва ўткирлиги, тафаккур, таҳлил қилиш ва хулоса чиқариш аломатидир. Еб-ичишга муккадан кетиш умрни беҳуда зое этиш, қалб қотиши ва ғафлатга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бутун тибни Ўзининг ушбу сўзида жамлаб баён этиб қўйган: «Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас»[1].
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кам еб-ичар, тан соғлиги ҳамда тоатга қувват йиғиш учун кифоя миқдори билан қаноатланар эдилар. Имом Термизий, Байҳақий, Ҳоким ва бошқалар Миқдод ибн Маъдийкарибдан ривоят қилишган ҳадиси шариф у зотнинг шу ҳақдаги кўрсатмаларидан ҳисобланади: «Одам боласига қорнидан кўра ёмон идиш йўқ. Одам боласига қаддини кўтарадиган луқма кифоя. Агар иложи бўлмаса, учдан бири таоми учун, учдан бири ичимлиги учун ва яна учдан бири нафаси учундир», деганлар. Чунки кўп ухлаш аксарият ҳолатда кўп еб-ичишдан келиб чиқади. Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳ: «Кам ейиш туфайли кеча бедорлигини қўлга киритилади», дейди. Салафи солиҳлардан бири: «Агар кўп есангизлар, кўп ичасизлар, кўп ухлайсизлар ва оқибатда кўп зиён кўрасизлар», деган экан.
Оиша розияллоҳу анҳонинг: «Ҳеч қачон Расулуллоҳнинг қоринлари тўйиб овқатланмаган. Оила аҳли билан бўлганларида улардан таом сўрамас ва уни кўнгиллари тусамас эди. Таом беришса ер, нимани едиришса, қабул қилар, нимани ичиришса, ичар эдилар». Луқмони Ҳаким ўғлига: «Эй ўғилгинам, ошқозон тўлса, фикр ухлайди, ҳикмат соқовга айланади. Аъзолар ибодат туфайли бўшашади», деб насиҳат қилган экан. Моликий фақиҳ Суҳнун раҳматуллоҳи алайҳ: «Тўйгунича ейдиган одамга илм тўғри келмайди», дейди. Имом Бухорий келтирган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ёнбошлаб овқатланмайман», деганлар. Ёнбош деганда ёнбош билан суянишгина эмас, балки чордана қуриб ёки бошқача ўтиришлар ҳам тушунилади. Чунки бундай ҳолатда ўтирган киши жойлашиб олган ҳолда иштаҳаси очилиб, меъёридан ортиқ ёб қўяди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таом тановулига худди туришга шай киши ўтиргандек ўтирар, жойлашиб олмаганлар. Имом Баззор Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан келтирган ривоятда у зот: «Мен бор-йўғи қулман. Қул ўтиргандек ўтираман ва қул егандек ейман»,[2] деганлар.
Инсон бир ўзи ёлғиз овқатланмаслиги таомланиш одобига кўра мустаҳаб ҳисобланади. Чунки ана шу одобга риоя қилган кишидан қўли очиқлик, кенгбағирлик, ҳамдардлик ва баракани умид қилса бўлади. Имом Муслим келтирган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кишининг таоми икки кишига, икки кишининг таоми тўрт кишига ва тўрт кишининг таоми саккиз кишига етади», деганлар. Бу ҳадиси шариф тўйиб овқатланмаслик ва унинг ярми билан кифояланиш маъносида деб изоҳланади. Абу Яъло ва бошқлар келтирган ривоятда Пайғамбаримизга таомларнинг энг севимлиси кўпчилик билан ҳамжиҳат ҳолда ейилгани эди, дейилган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, кам ейиш яхши хислат ҳисобланар экан. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кам ухлаганлари ҳақида саҳиҳ хабарлар кўп. Имом Бухорий ва имом Муслим келтирган ривоятда: «Кўзларим ухласа ҳам, қалбим ухламайди», деганлар Пайғамбаримиз алаҳиссалом. У зотнинг бутун уйқулари уйғоқликдан иборат эди. Чунки уйқуда ваҳий қилинса, уни қабул қилиб олишлари лозим бўлган. Пайғамбарларнинг тушлари ҳам ваҳий ҳисобланади. Бунга Аллоҳ таолонинг Иброҳим алаҳиссалом тилидан ҳикоя қилиб: «Эй ўғлим, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман», деб айтган сўзи ҳам далил бўлади. Расули Акрам кам ухлашга ёрдам бўлишини назарда тутиб, ўнг ёнбошлари билан ухлар эдилар.
[1] Аъроф сураси, 31-оят.
[2] Абу Бакр Шофиъий «Фавоид» номли китобида Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.




